Асосий мавзулар
11 сентябр 2017

Мирзиёев тарқатган товуқлар тухум қилмаяптими?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқни товуқбоқар қилиш ташаббуси олға сурилганига ҳам бир жўжанинг тухум қилиш ёшига етишидан кўра кўпроқ вақт ўтди.

Президент халқ  фаровонлигини оширишни ният қилган бўлса не ажаб. Рассом Бек © Eltuz.com

Унинг топшириғи билан тарқатилган жўжалар бугун тухумга кирган, тухум қиладиган товуқлар эса гўштга топшириладиган ёшга етиб қолганига анча бўлди.

Лекин Ўзбекистон бозорларида бу маҳсулотлар нархи тушиш ўрнига тобора кўтарилиб бормоқда. Ҳолбуки, халқни товуқбоқарликка жалб этишдан мақсад бозорда нарх-наво тушишига эришиш, аҳолини ўзини ўзи боқишига имконият яратиш эди.

Бошиданоқ кўпчилик истеҳзо билан қарши олган мазкур ташаббус ортида аслида эзгу ният ётганига ишонса бўлади. Шу йўл билан президент халқ рўзғорига енгиллик киритиш, унинг фаровонлигини оширишни ният қилган бўлса не ажаб.

Қолаверса, давлат халқни боқа олмаётган шароитда халқнинг ўзини ўзи боқишига имконият яратиб бериш ҳам катта гап эди.

Афсуски, юқорида айтганимиздек, шу ташаббус ортидан аҳолига етказиб берилган жўжалар ҳар куни тухум қиладиган ёшга етганига қарамай, кўзланган мақсадга эришилмади.

Бугун бозорларда тухумнинг ҳам, товуқ гўштининг ҳам нархи осмонга ўрласа ўрлаяптики, ҳеч ерга тушгиси келмайди.

Мирзиёев ташаббуси кенг ёйилаётган пайтда давлат томонидан арзон соттириладиган, катталиги бедананикидан сал йирикроқ бўлган тухум нархи 330 сўм бўлган бўлса, бугунги келиб 400 сўмга кўтарилди.

Аммо ҳали Мирзиёев тарқатган лимонлар ҳосилга кирмаган. Рассом Туз © Eltuz.com

Ўша пайтда килограмми 14 минг сўм бўлган бутун товуқ гўшти эндиликда номига 18 минг, аслида эса 22 минг сўмгача чиқди.

Арзон тухумга турнақатор навбатларни кўриб, собиқ совет даврида ароққа ур-йиқит бўлган даврлар эсга тушади.

Нега тухум ва товуқ гўшти нархини туширишга қаратилган бундай кенг кўламли ташаббуснинг самараси бугунги кунга келиб ҳам кўринмаяпти, деган савол туғилиши табиий.

Аслида эзгу ниятлар ила бошланган ташаббус аввал-бошданоқ олғирлар учун яна бир имконият эшигини очиб берганди. Улар бунинг орқасидан ҳам пул топиш йўлини «кашф» этганди.

Аввало, банклар томонидан шу мақсад учун ажратиладиган кредитлар тўғридан тўғри аҳолининг ўзига берилмади. Балки шу йўналишларда ишлайдиган турли фирмаларга ўтказиб берилди. Улар эса ўз маҳсулотини бозордагидан анча қиммат нархда аҳолига пуллади.

Биринчидан, бюджет ташкилотлари ходимлари товуқ ёки жўжани ўша қимматфурушлардан олишга мажбурланди. Иккинчидан, таъминотчилар ёки касалванд жўжалар, ёки қариган товуқларни етказиб берди.

Натижа эса Россиянинг эндиликда марҳум бош вазири Виктор Черномирдиннинг ўша машҳур иборасидагидек бўлди – “получилось как всегда”.

Куз ҳам келиб, жўжа саналадиган, натижалар сарҳисоб қилинадиган палла бошланди. Сарҳисоб эса кўнгилга таскин берадиган даражада эмас.

Бугун бозорларда эркин савдода кичик тухум нархи 500 сўм, катталари эса 650 сўмдан бошланади.

Одатда иссиқ мавсумда тухум нархи пастроқ бўларди юртимизда. Бу йил эса тескариси бўлди. Ҳали кун салқинлашганда тухум нархи янада ошмаслигига кафолат йўқ…

Товуқ касофати билан Рустам Азимов ишдан кетганди. Рассом Туз © Eltuz.com

Бу товуқлар ўз вақтида бош вазир ўринбосари Рустам Азимовнинг ҳам бошини еганди. Президентнинг аҳолини ёппасига товуқбоқар қилиш топшириғини бажармагани ортидан (бошқа асосий сиёсий сабаблар билан омихта бўлган ҳолда) у ишдан қувилганди.

Товуқчилик ортидан иссиқхоналар қуриш, лимон етиштиришни кўпайтириш ташаббуси ҳам олға сурилганди.

Бозорда беш минг сўм турадиган лимон кўчатлари олғирлар воситасида яна ўша бюджет ташкилотлари ходимларига ўттиз минг сўмдан ўтказилганди.

Худди давлат сиёсатига аччиқ қилгандек, бу йил бозорларда янги лимон ҳосили ҳам ўтган йилгидан анча қиммат бўлиб сотувга чиқди. Мундайроқ лимоннинг килограмми нархи 13 минг сўмдан бошланади.

Аммо ҳали Мирзиёев тарқатган лимонлар ҳосилга кирмаган. Шунга қарамай, вақти келганда бу лимонларга ҳам товуқнинг нуқси ўрмасайди, деган хавотир ҳозирданоқ бор!

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 август 2018
Промка ҳожатхонаси орқасидаги катта ўра нажас билан лиқ тўла. Қўлида учи айри узун хода ушлаган Ғулом нажас олти нафар ...
23 январ 2017
Мирзиёевнинг пенсионерларга жамоат транспортини бепул қилиш ваъдаси амалга ошмади. Расмий идоралар ўзбекистонлик пенсионерларга жамоат транспортида текин юриш ҳуқуқи берилиши ...
22 июн 2018
Туркияда 24 июнь куни президент сайлови ўтади. Унда президентликка иқтидордаги Эрдўғондан ташқари Жумҳурият халқ партияси (ЖХП)дан Муҳаррам Инжа ва ...
23 июл 2018
Пойтахтнинг Олмазор тумани судида 51 ёшли тадбиркор, “Интеграл Инвест” ширкати раҳбари Жаҳонгир Умаров устидан маҳкама 23 июль куни ҳам ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...