Cатира
21 сентябр 2017

Эскирган таянч тиргаклар мўрт бўлса…

Бўлмади. Кўпчилик зиёлиларнинг кутгани бўлмади. Ўзини 26 йилдан буён мустақил деб биладиган, кўксига уриб бу билан ғурурланадиган давлатнинг раҳбари БМТ минбаридан туриб яна ўзга тилда нутқ ирод қилди.

Арман президенти чиқди, арманчалаб чулдиради. Тожик президенти чиқди, тожикчалаб нутқини қойиллатди.

Ўзбекнинг юртбошиси чиқди, кўпчиликнинг юрагидаги армонни янада алангалатди. Тожикларнинг пешвои миллати ўз тилини бошқа тиллардан устун кўрди.

Арманларнинг ҳар куни танқидга учраётган президенти тилга келганда мард кетди. Арманиларнинг кўксини сарбаланд қилди.

Ислоҳотчилиги, халқпарварлиги, «халқ билан мулоқоти» учун мадҳияларга кўмиб ташланган ўзбек президенти тилга келганда қовун туширди.

Балки уни маслаҳатчилари чув туширгандир? Балки бунинг бирор сиёсий сабаблари бордир? Ҳойнаҳой марҳум президентнинг руҳи кимларнидир чўчитгандир?

Нима бўлганда ҳам «мақталганнинг қилган ишини кўр», қабилида бўлди бу ёғи.

БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзбек тилида маъруза қилиши кутиляпти, деб ёзган «кун.ўз» тилини тишлаб қолди.

Президентимиз оламшумул муаммолар ҳақида сўз юритди, дея ўзининг башорати амалга ошмаганини ёпишга уринди.

Нима десин? Э-э, қовун туширди-ку, десинми? Ундай деса эртага ишлай оладими? Бу сайт-ку, ҳеч бўлмаганда «ўзбекча гапиради», дея шунга ундашга уринганди.

Маҳаллий «бошқалар» эса Юлдуз Усмонованинг аввалги подшоҳи замонида бўлганидек шунга ишора қилишга ҳам журъат этмади.

Ўзбекнинг яна бир умиди ўлди. Ўлганда ҳам ғурурни чилпарчин қилиб ўлди. Ўлганнинг ортидан гапирмайди, дейдилар. Лекин бу гаплар ўлган умид ҳақида бўлмаса керак…

Айримлар бу ҳолатни шармандаликка йўйди. Аслида шармандлигимиз фақат шумикин? БМТ минбаридан туриб, мажбурий меҳнатни йўқ қилдик, дедик. Тўлиқ эркин конвертацияга ўтдик, дедик.

Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида халқаро конвенция қабул қилишни таклиф этдик. Ёшларимиз, талабаларимиз шу кунларда оммавий равишда пахтага жўнатилган бир пайтда бундай кўзбўямачилик қилишимиз шармандалик эмасми?

Ўзбекистон президенти БМТ минбаридан туриб мамлакат ҳукуматининг асосий фаолияти бугунги кунда «мамлакатнинг янги қиёфасини шакллантиришга» қаратилганини айтди.

Мамлакатимизнинг «янги қиёфаси» давлат тилига, юмшоқроқ айтганда, беписандлик, ёлғонни ҳақиқат сифатида гапириш асосида шаклланадиган бўлса, бундай «янги қиёфа»нинг моҳиятида, ботинида эски тузумнинг таянч тиргаклари сақланиб қолса, халқнинг амалга ошаётган ўзгаришлар самарасига бўлган ишончига путур етади!

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 сентябр 2016
Олий Мажлис амалдаги Бош вазир Шавкат Мирзиёевни президент вазифасини бажарувчи этиб тайинлаганидан сўнг Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари миллий ...
1 декабр 2015
Акмал Набиев Еltuz.com Яқинда мен ишлайдиган қурилишга полиция ходимлари келиб, ҳужжатларимиз жойида бўлишига қарамай барча ишчиларни полиция бўлимига олиб ...
14 декабр 2017
14 декабрь куни таниқли фоторассом Умида Аҳмедова ўзининг фейсбук саҳифасида бузилаётган Киночилар уйи ҳаробаларини суратга олишга боргани ҳақида ёзди: ...
23 ноябр 2017
1 ноябрдан бошлаб пойтахт бозорларида аҳолининг бирламчи эҳтиёжлари учун зарур бўлган айрим турдаги маҳсулотларнинг энг юқори нархлари ўрнатилди. Тошкент ...
Блоглар
17 июл 2018
Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг нафақат қонунчиликни, балки энг юқори даражада берилган буйруқларни ҳам назар-писанд ...
16 июл 2018
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўз ўтмишдоши Ислом Каримов даврида ишдан урилган раҳбарларни қайта лавозимларга тайинлаш сиёсатига ...
9 июл 2018
Каттақўрғонда милиция капитанининг аёл кишини қип ялонғоч қилган ҳолда таҳқирлагани ўзбек жамиятида жуда катта шов-шувга ...