Cатира
21 сентябр 2017

Эскирган таянч тиргаклар мўрт бўлса…

Бўлмади. Кўпчилик зиёлиларнинг кутгани бўлмади. Ўзини 26 йилдан буён мустақил деб биладиган, кўксига уриб бу билан ғурурланадиган давлатнинг раҳбари БМТ минбаридан туриб яна ўзга тилда нутқ ирод қилди.

Арман президенти чиқди, арманчалаб чулдиради. Тожик президенти чиқди, тожикчалаб нутқини қойиллатди.

Ўзбекнинг юртбошиси чиқди, кўпчиликнинг юрагидаги армонни янада алангалатди. Тожикларнинг пешвои миллати ўз тилини бошқа тиллардан устун кўрди.

Арманларнинг ҳар куни танқидга учраётган президенти тилга келганда мард кетди. Арманиларнинг кўксини сарбаланд қилди.

Ислоҳотчилиги, халқпарварлиги, «халқ билан мулоқоти» учун мадҳияларга кўмиб ташланган ўзбек президенти тилга келганда қовун туширди.

Балки уни маслаҳатчилари чув туширгандир? Балки бунинг бирор сиёсий сабаблари бордир? Ҳойнаҳой марҳум президентнинг руҳи кимларнидир чўчитгандир?

Нима бўлганда ҳам «мақталганнинг қилган ишини кўр», қабилида бўлди бу ёғи.

БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзбек тилида маъруза қилиши кутиляпти, деб ёзган «кун.ўз» тилини тишлаб қолди.

Президентимиз оламшумул муаммолар ҳақида сўз юритди, дея ўзининг башорати амалга ошмаганини ёпишга уринди.

Нима десин? Э-э, қовун туширди-ку, десинми? Ундай деса эртага ишлай оладими? Бу сайт-ку, ҳеч бўлмаганда «ўзбекча гапиради», дея шунга ундашга уринганди.

Маҳаллий «бошқалар» эса Юлдуз Усмонованинг аввалги подшоҳи замонида бўлганидек шунга ишора қилишга ҳам журъат этмади.

Ўзбекнинг яна бир умиди ўлди. Ўлганда ҳам ғурурни чилпарчин қилиб ўлди. Ўлганнинг ортидан гапирмайди, дейдилар. Лекин бу гаплар ўлган умид ҳақида бўлмаса керак…

Айримлар бу ҳолатни шармандаликка йўйди. Аслида шармандлигимиз фақат шумикин? БМТ минбаридан туриб, мажбурий меҳнатни йўқ қилдик, дедик. Тўлиқ эркин конвертацияга ўтдик, дедик.

Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида халқаро конвенция қабул қилишни таклиф этдик. Ёшларимиз, талабаларимиз шу кунларда оммавий равишда пахтага жўнатилган бир пайтда бундай кўзбўямачилик қилишимиз шармандалик эмасми?

Ўзбекистон президенти БМТ минбаридан туриб мамлакат ҳукуматининг асосий фаолияти бугунги кунда «мамлакатнинг янги қиёфасини шакллантиришга» қаратилганини айтди.

Мамлакатимизнинг «янги қиёфаси» давлат тилига, юмшоқроқ айтганда, беписандлик, ёлғонни ҳақиқат сифатида гапириш асосида шаклланадиган бўлса, бундай «янги қиёфа»нинг моҳиятида, ботинида эски тузумнинг таянч тиргаклари сақланиб қолса, халқнинг амалга ошаётган ўзгаришлар самарасига бўлган ишончига путур етади!

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 май 2021
21 май куни Чирчиқ шаҳри жиноят ишлари суди 22 ёшли Акмал Султоновни рус аёлини қасддан ўлдирганликда айблаб, 10 йил ...
30 сентябр 2022
Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман.МС. Туз оға, сизам шу тармоқда дим кўп ...
21 май 2018
Президент Мирзиёев 19-20 май кунлари Андижон вилоятига қилган сафарида коррупционер собиқ бош прокурор Рашид Қодировни яқин орада телевидениеда гапиртиришини ...
13 август 2018
Бутун Тожикистон бўйлаб милиция юз минглаб соқоллиларни ушлаган. Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоятида ўтган йили қарийб 13 минг нафар эркак ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...