Блоглар
29 сентябр 2017

Журналист Бобомурод Абдулла Тошкентда бедарак йўқолди

Бугун ижтимоий тармоқларда Тошкентлик 44 ёшли журналист Бобомурод Абдулланинг бедарак йўқолгани ҳақида ҳавотирли хабарлар тарқала бошлади.

29 сентябр куни унинг хотини Катя Балхибаева билан гаплашганимда, Бобомуроднинг ёнида телефони борлиги, бироқ у 27 сентябр куни соат 5.30 дан бери жавоб бермаётгани, нима қилишни билмаётганини айтди.

Балхибаеванинг «Элтуз» мухбирига билдиришича, 27 сентябр куни тушдан кейин, машинасини тузатиш учун устага бориб келаман дея, чиқиб кетганича қайтиб келмаган. Айни мақола чоп этилаётган пайтда, тушдан сўнг у милицияга ариза ёзишга кетаётганини билдирди.

Бобомуроднинг мен билган дўстлари ва бошқа яқинлари орқали ижтимоий тармоқлардан қидиришга уринишим ҳам самарасиз якунланди.

«Абдулла Ўтаев, Абдували Қори СНБ ходимлари томонидан қандай ўғирланган бўлса шундай ўғирланди, деган жиддий бир гумон бор», дея ёзди уни яқиндан билган ҳамкасбларидан бири.

Қайсар ва ҳалол журналист

Шахсан мен Бобомурод Абдуллани, узоқ вақтлардан бери бирга ишлаганим учун, ниҳоятда тўғри ва ҳалол журналистлардан бири сифатида билардим.

Бир ҳафта бурун гаплашганимда, уни ҳеч қаерга ишга олишмаётгани, тирикчилик қилиш қийин бўлиб қолганини айтган эди.

Айни қайсар ва тўғрилиги учун 2002 йили «Озодлик»нинг ўша пайтдаги директори Азиз Жўраевнинг цензура сиёсатига қарши бош кўтариб, ишдан кетганини биламан.

Ундан олдин 2000 йили «Интерньюс» халқаро ташкилоти рахбарининг ҳукуматга муросаси боис лойиҳадан четлатилганди.

Шуни очиқ айтиш керак, 1999 йилнинг охирида Тошкентда ташкил этилган «Сайёр журналистика мактаби»да у ўзини журналистика бўйича тажрибали мураббий сифатида кўрсатган.

Унинг 30 нафарга яқин шогирдлари ўша пайтда хали ўрта мактабнинг битирувчи синф ўқувчилари эди.

Мен Фарғона вилоятидаги эски «Пионерлар уйи»да жойлашган синф хонасига кириб борганимда, унинг шогирдлари журналистиканинг асосий тамойиллари нимадан иборат эканини битта-битта туриб айта бошлаганида мен қойил қолганман.

Ўсмир ўқувчилар ўшанда, ўқув дастури доирасида қилган репортажларида вилоятнинг жиддий муаммоларига қўл уришганди.

У ўз шогирдларига холисликни, бетарафликни, заифлар овозига қулоқ тутишни ўргатган.

Кейинги пайтларда Бобомурод шеърлар ёзиб унга қўшиқлар ҳам басталай бошлаган эди. Ютуб каналида эълон қилган сўнгги қўшиғи сатрлари гўё унинг таржимаи ҳолидек янграйди.

Бобомурод Абдулла 1973 йилнинг апрелида Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида туғилган. «Хоразм» футбол жамоаси матбуот котиби бўлган.

1995 йил ТошДУнинг филология факультетини тугатган, «Стадион» газетасида спорт шархловчиси ва эркин журналист бўлган.

Бобомуроднинг хотини Балхибаева Катя, касбига кўра олий маълумотли инглиз тили муаллимаси экани, бироқ кейинги кунларда ноаниқ сабабларга кўра на уни, на эрини ҳеч қаерга ишга олишмаётганини айтди.

«Элтуз» нашри журналист Бобомурод Абдуллаевнинг Тошкентда бедарак йўқолгани юзасидан воқеаларни кузатишда давом этмоқда.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
8 июн 2017
Иккинчи жаҳон урушида инсоният қозонган ва нишонлаган ғалаба куни аслида бугун эканини кўпчилик билмайди. 1946 йил 8 июнь куни ...
28 июл 2016
«Ҳуррият» газетаси ўз муассиси бўлмиш Журналистлар уюшмасига қарашли мониторинг гуруҳининг мамлакат матбуоти жорий йилнинг иккинчи чорагида нима кароматлар кўрсатгани ...
15 декабр 2015
Улуғбек Ашур Eltuz.com 14 декабр куни Жиззах шаҳрининг Бобур махалласида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида ўқиб берилган МХХ мактуби мазмунидан ...
12 октябр 2017
Президент Мирзиёев 10 октябр куни Сочида ўтган МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисига яна миллиардер Алишер Усмоновнинг самолётида борди. Ўзбекистон ...
Блоглар
24 апрел 2018
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан 24 апрель куни Хоразм вилоятида минглаб талаба ...
23 апрел 2018
Нукус кўчасига бурилишдаги, олдинги винзавод рўпарасидаги озиқ-овқат дўконига қараб кетяпман. Қарасам, байрамона кийинган милиционерлар, байроқча ...
23 апрел 2018
Айни кунларда Тошкентдаги умумтаълим мактабларида турникет ўрнатиш кенг кўламда, аксарият ҳолларда мажбурий тарзда бошлаб юборилган. ...