Асосий мавзулар
11 октябр 2019

Туркистон ойдинлари қатағони бошланганига 80 йил тўлди

Сиёсий таҳлилчи Анвар Назирнинг «Элтуз»га билдиришича, Тошкент қатлгоҳларида 1938 йилнинг 4 октябридан 8 октябрига қадар Туркистоннинг беш юздан зиёд ойдини отилган. Унинг фикрича, ўзбек зеҳниятидаги бугунги тоқатсизлик аслида 37-йили бошланган Сталин даври қатағонлари асоратидир.

«Тошкентнинг Юнусобод мавзесидаги Оқтепа ҳудуди, ундан кейин Тошкент политехника институти ҳарбий кафедраси олди ва бошқа бир қанча жойларда қатлгоҳлар бўлган ўша пайтда», дейди у «Элтуз» мухбири билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, айни даврда миллатнинг Абдурауф Фитрат, Ғози Юнус, Хайринисо Мажидхонова, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Худойберган Девонов каби буюклари уйдирма айбловлар билан қамоққа олинган ва отишга ҳукм қилинган.

Бироқ Анвар Назир Сталин қатағонлари хотираси ҳамон ҳукумат даражасида нишонланмаслигидан афсусланади.

«Биз ҳар йили 8 октябрни қатағон куни сифатида норасмий тарзда бўлса ҳам хотирлаймиз, айни шу куни Туркистон жадидларининг энг кўп нафари қатл қилинган», дейди Анвар Назир.

Мақсад – миллатнинг буюкларини йўқ қилиш

Халқнинг энг ёрқин вакилларини йўқ қилишга қаратилган Сталин даври қирғини бутун собиқ Совет Иттифоқини қамраган, ўз ҳаёти учун қўрқув туйғуси зиёлиларни ўз ҳамкасблари устидан чақув ёзишга мажбур қилган эди.

Масалан, Абдурауф Фитратга қўйилган айбловга сабаб унинг Навоийни улуғлагани бўлса, Қодирийни русларга қарши гапиргани учун йўқ қилишган.

«Жиноят ишларига оид ҳужжатларда даҳшатли нарсаларни ўқиш мумкин. Масалан, биринчи болалар адиби Мунаввар қори Абдурашидхоновни лақаби «Студент» бўлган кимсанинг чақувига асосан айблашган», дейди Анвар Назир.

Анвар Назир «Элтуз» мухбири билан суҳбатида швед журналида босилган КГБ архивидан иқтибос келтириб, бугунги кунда улуғланувчи Ҳамид Олимжон ва унинг хотини Зулфиянинг ҳам чақувлар уюштиргани ҳақида билдиради.

«Сотқинлик, хиёнат ва туҳмат қатағоннинг асосий мотори бўлган. Масалан, Ҳамид Олимжон «Чўлпон, Фитрат, Қодирий баччабоз. Менга тегажоғлик қилишган» қабилидаги ёмон ва кир нарсаларни ёзган. Шулар ҳам жиноят ишига киритилган», дейди у.

Бу чиркин тарихга баҳо бераркан, «босмачиларга қарши кураш» унча ҳам шонли бўлмагани, баъзан хотин эр, эр эса хотин устидан чақув ёзганини айтади.

«Сталиннинг мақсади буюк авлодни йўқ қилиш эди, у бу мақсадга эришди. Бунинг учун 20-йиллардан бошлаб НКВД зимдан шогирдларни устозларга қарши тайёрлай бошлаган эди», дейди у.

Бугунги давр билан параллел

Таҳлилчининг сўзларига кўра, ўтган йилнинг 27 сентябрида МХХ ходимлари томонидан ўз уйидан ўғирлаб кетилган журналист Бобомурод Абдулланинг ёзган мақолалари учун бадном қилиниши, ёзувчи Нурулло Отахоновга ёзган китобидаги фикрлари учун жиноят иши қўзғатилиши совет қатағонларининг бугунги кундаги давомидир.

Анвар Назирнинг фикрича, ўша Сталин даври яратган репрессив иллатларни Ўзбекистонда ҳар қадамда кузатиш мумкин.

«Бу нафақат цензура ва эркин сўзнинг бўғилишида кўринади: пропискадан бошлайсиз, пахта мажбурий меҳнати, шахсий мулкнинг кафолатланмагани…», дея санаб кетади у бугунги ўзбек зеҳниятини маданий дунёдан узувчи иллатларни.

«Инсонга қулдек қараш, уни фикрдан маҳрум қилиш, эркин меҳнат ўрнига мажбурий меҳнатга тортиш, эътибор беринг шунга, примитив мафкуралашган дунёқараш ҳалиям ҳукм сурмоқда», дейди таҳлилчи.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 май 2018
Таниқли ўзбек карикатурачиси Маҳмуд Эшонқулов Туркияда ўтган «Сув – ҳаёт» халқаро танлови совриндори бўлди. 22 май куни «Элтуз» мухбирига ...
9 август 2021
Жорий йилнинг 7 август куни Ўзбекистон либерал демократик партияси Ўзбекистон президентлигига иқтидордаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев номзодини илгари сурди. ...
10 июн 2016
10 июн куни, Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи рахбари Сурат Икромов тарқатган матбуот билдиришига кўра, рўза бошланган 2016 ...
23 сентябр 2020
Иқтисод фанлари доктори, профессор Хидирназар Аллақулов уч ой олдин янги партия тузиш пайига тушгандан буён унга кўринмас кучлар томонидан ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...