Асосий мавзулар
23 октябр 2017

Шароф Рашидов «ҳақиқати» ёлғон билан тикланадими?

Совет Ўзбекистонини узоқ йиллар бошқарган Шароф Рашидов шахсига ҳар хил баҳо бериш мумкин.

Кимдир уни республикани руслаштириш, пахта монополиясини кучайтириш сиёсати бошида турган раҳбар сифатида унча хуш кўрмайди. Кўпчилик эса адолатли, халқпарвар, Ўзбекистонни индустриялаштиришга жуда катта меҳнати сингган инсон сифатида ҳурмат қилади.

Ўзбекистоннинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг юбилейларни белгилаш маъносидаги илк фармонларидан бири айнан Шароф Рашидовнинг 100 йиллигини кенг нишонлаш ҳақида бўлган эди.

Айни пайтда, бутун мамлакат бўйлаб мана шу юбилей баҳона турли-туман тадбирлар ўтказиш авж олган.

Мана шу фонда бу мавзудан айримлар эски инерция таъсирида марҳум президент Ислом Каримовга ҳамду сано ўқиш мақсадида фойдаланиб қолаётганга ўхшайди.

«Дунё ўзбеклари» сайтида «Ҳақиқатнинг тикланиши» сарлавҳаси остида эълон қилинган мақолада ана шу мақсад билан бир қаторда бугунги давлат раҳбарига пахта қўйиш кўзланаётганига шубҳа қилмайди уни ўқиган киши.

Зеро, унда танганинг бир томони шундай таърифланганки, бошқа томонини эсдан чиқартиришга уринишнинг ҳиди келади.

Ўзини ЮНЕСКО қошидаги Антик дунё академияси доктори ва профессори сифатида таништирган муаллиф марҳум президент Ислом Каримов Шароф Рашидовнинг номини оқлашда асосий шахс бўлганини уқтиради.

Аввало, тилга олинган академиянинг нархи қанчалигини интернетни бир титкилаб билиш олиш мумкин. Бу академия докторининг ёзганлари ҳам шу даражада деса бўлади.

Хуллас, мақолада И.Каримов 1992 йил 2 майда Жиззахга борганида Ш.Рашидовнинг 75 йиллик юбилейини ўтказиш ташаббусини илгари сургани ва катта тантаналарга бош бўлгани таъкидланади.

Бир қизиқ нуқта эътиборни тортади. Вилоят раҳбарининг ўринбосари бўлмиш шахс бу ташаббусни эшитиб, «ҳали ҳам Москвада Ш.Рашидов номига айтилаётган ноўрин гаплар тўхтагани йўқ, қандай бўларкин», деган эмиш.

Бу Ўзбекистон мустақил бўлганидан саккиз ой ўтиб айтилаётган гап. Яна кимсан вилоят раҳбарининг биринчи ўринбосари оғзидан чиқяпти.

Аслида бундан кейинги гаплар ўша воқеа мақолага И.Каримовнинг Москвадан «қўрқмас»лигини кўрсатиш учун тиқиштирилганидан далолат беради.

«Биз энди мустақил давлатмиз, Москвага қараб ўтирадиган пайтларни эсдан чиқаринглар. Биз Ш.Рашидовни юбилейини нишонлаймиз ва шу билан миллат бўйнига осилган ноҳақ тавқи лаьнатларни олиб ҳам ташлаймиз, деган эди ўшанда И.Каримов», дейди муаллиф.

Муаллиф бу юбилей зўр тантаналар билан ўтгани, унда нуфузли меҳмонлар ташриф буюрганини оғиз кўпиртириб эсга олган.

Лекин мақоладан Москвадан қўрқмаган И.Каримов нега кейин Ш.Рашидовнинг номидан чўчиганини тилга олишни эп кўрмайди.

Нега ўша юбилей ўтганидан сўнг 25 йил давомида бу шахс номи матбуотдан ҳам, адабиётлардан ҳам ўчириб ташлангани ҳақида бирорта сўз йўқ мақолада.

Муаллиф Ш.Рашидов номидаги туман номи ҳам гўёки парламент ташаббуси билан кейинчалик нега ўзгартирилгани масаласини ҳам очиқ қолдирган.

Тошкент марказидаги Шароф Рашидов кўчаси И.Каримовнинг буйруғи билан «суннат» қилингани, яъни бир қисми унинг хавфсизлигини ўйлаб ёпиб ташланганига тўхталиб ўтирмаган.

Биз антик дунё тарихини турли тахминларга асосланиб ўзимиз билганимизча талқин қилишимиз мумкиндир. Бунда қандайдир ёлғонга йўл қўйсак ҳам узоқ тарих баҳонасида ўтрик гапларимизни суваб кетишимиз қийин кечмайди.

Аммо яқин ўтмишимиз, ҳали унинг миллионлаб гувоҳлари тирик бир пайтдаги тарихимизни сохталаштиришга, уни чала-чулпа, барча томонларига холис баҳо бермасдан ёритишга уриниш обрў келтирадиган иш эмас.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
4 июл 2017
Ўтган июн ойида Ўзбекистон телеканалларида ОАВ ҳақидаги чиқишларга бой бўлди. Бунинг биринчи сабаби 27 июнда ўзбек журналистларининг касб байрами ...
2 июн 2017
Қоидалар Россия президентининг «2017-йилги ФИФА Конфедерациялар кубоги ўтказиш даврида кучайтирилган хавфсизлик чоралари» ҳақидаги 202-сон фармони билан боғлиқ. Ҳавфсизлик чораларига ...
28 июл 2016
Самарқандда марказий йўл чеккасида яшовчи аҳолига, томларини янги, махсус рангдаги шифер билан қоплаш ва уйи олдига бир ярим метрлик ...
29 сентябр 2017
29 сентябр эрталаб бедарак йўқолгани айтилган 44 яшар журналист Бобомурод Абдулла шаҳар ИИБ ходимлари томонидан қўлга олингани, бироқ МХХ ...
Блоглар
22 май 2018
Президент Мирзиёевнинг Андижонга сафари шаҳарни бегона кўзлардан тўсиш, ошиқча эҳтиёт чоралари ва мулозимларнинг одатий лаганбардорликлари ...
22 май 2018
Президент келиб кетгач, андижонликлар енгил нафас олишди. Бугун менимча раҳбарлар ҳам тўйиб ухлашган бўлишса керак. ...
18 май 2018
Президент Мирзиёевнинг умр йўлдоши Зироатхон Ҳошимованинг Вашингтондаги Оқ уйда тушган фотосуратлари ижтимоий тармоқларда тарқалди. Улардан ...