Видео
9 январ 2018

Дўппи флешмоби ўзбеклар обрўсини тиклайдими? (видеоблог)

6 январдан инстаграм ва фейсбук саҳифаларида стихияли тарзда ўзбеклар дўппи флешмобини бошлашди. Унга тармоқда бошқа миллатлар ҳам қўшилишди.

Зардўзию духоба, қоғоз дўппию кигиз дўппилар намойиш этилмоқда. Кимдир қалпоқ, кимдир папоқ, яна кимдир чўгирма кийди.

Шоир Эркин Воҳиднинг «Қайга борсам, бошда дўппим, ғоз юрарман гердайиб» деган машҳур сатрлари шу кунларда ҳар доимгидан кўпроқ такрорланди.

Ҳатто президент Мирзиёев ҳам ўз чиқишида бу сўзларини такрорлаб, «Ким бу сўзларни ўша пайтда айта оларди? Эркин Воҳидов айтган! Қани бизда шундай ёзувчилар?» деган риторик саволни қўйди.

Шоирнинг айни сатрларига жавобан 1988 йили Муҳаммад Солиҳ «бошдаги дўппи билан фахрланишнинг ўрнига дўппини бошдан олиб ерга қўйиб, миллат сифатида “мен кимман” деб ўйланиш фурсати келди, деган эди.

Муҳаммад Солиҳнинг 30 йил бурунги сўзлари ўзбеклар номи халқаро террор, жинсий тажовуз ёки коррупцияга оид йирик жиноят фигурантларига нисбатан қўлланилаётган дамда, айниқса, долзарб ва аччиқ янграмоқда.

Бугун чиндан ҳам дўппи кийиб, ўзбеклигимиздан гердайишдан кўра, уни бошдан олиб, узоқроқ суриб қўйган хавфсизроқ эмасми?

Бу флешмоб менга кўпинча журналистларга нисбатан ишлатиладиган «шляпангизни кийинг!» деган эски инглиз иборасини эслатади.

Қалпоғингизни кийинг. Яъни ким эканингизни билдиринг.

Раҳматлик дадам, журналист Ражаббой Бобожонов шляпа кийган. Уйимизда ҳамиша тўрт фаслга мўлжалланган ҳар хил шляпалар бўларди.

Кенг соябонли, енгил шляпа, Хоразм иқлимига мос. Журналистни ҳам қуёшдан, ҳам ўша пайтдаги ҳар хил авторитетлар таъсиридан тўсади. Бундан ташқари, шляпа ҳокимият тимсоли эди.

Дўппи эса айни пайтда қайсидир оддий халққа мансублик рамзи эди.

Эҳтимол, шунинг учун ҳам бугун ҳар бир ўзбек дўпписини бошига қўндириб, унинг остида кечаётган фикрлари, ғоялари, мақсадларини бир тарозига солиб кўриши ўринлироқдир?

Марҳамат қилиб дўппингизни кийинг!

Видеоблог: https://youtu.be/CZirHOnRDUI

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 декабр 2016
Чилонзор тумани “Тинчлик” масжидининг имом хатиби Шермурод Тоғай (Алишер домла) ўзининг Муниса Ризаева ҳақидаги чиқиши юзасидан ёзилган танқидий муносабатга ...
17 май 2021
(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” аудиокитобининг 28-қисми. Матнни муаллифнинг ўзи ўқиган. Аудиокитобнинг боши ва олдинги қисмлари “Элтуз”нинг “Императив” ...
2 март 2020
Александр Лукашенко Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар бир-бири билан намунали алоқа ўрнатиш ўрнига «шовқин-сурон кўтариш» билан машғул бўлаётганини маълум ...
29 июн 2017
28 июн куни Брюсселдаги йиғилишда Маркази Берлинда жойлашган «Ўзбекистон Германия форуми» ва Халқаро Human Rights Watch ташкилоти пахта соҳасидаги ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...