Блоглар
9 феврал 2018

Ўзга юртдан бахт излаётган келинлар

ёхуд Туркияда эрга тегиб олаётган ўзбек аёллари ҳақида

35 ёшли Муслима Туркияга ишлагани бораётганида турмушга чиқишни орзу қилмаганди. Аввалига кичикроқ кафеда идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишга жойлашди. Кейинроқ таниш-билишлари орқали кекса бир кампирга қаровчи бўлиб ёлланди. Унинг эпчиллиги, меҳрибонлиги, озодалиги кампирга ҳам, унинг ўғлига ҳам маъқул келди. 65 ёшли ўғил Муслимани никоҳига олди…

Муслима Ўзбекистонда қолган онаси ва 2 фарзанди учун ҳар ой 500 доллардан пул жўнатиб туради. Онаси қизининг Туркияда турмушга чиққанини билади, аммо ҳали невараларига айтмаган.

-Қизим эри билан расман ажрашмаган, лекин бирга яшашмайди. Эри болаларидан умуман хабар олмайди. Шунинг учун Муслима 2 болани боқишга жуда қийналди, – дейди онаси. – Бу ерда ошхоналарда 15 минг сўм пул учун идиш-товоқ ювиб юрди. Бу пул нимагаям етарди. Мен уни ҳеч қачон айбламайман. Турмушга чиқиб, қийинчилик кўрмай яшаяпти, болаларини ҳам ташлаб қўйгани йўқ. Қаерда бўлсаям тинч бўлса бўлди-да.

Туркияга савдо-сотиқ қилиш учун ёки ишлагани борадиган қиз-жувонлар кўп. Аввалига уларнинг барчаси ҳам ҳалол меҳнат қилиб даромад топиш, оиласини моддий таъминлаш мақсадида йўлга отланади. Иши юришиб, ўз бизнесини яхши йўлга қўйиб олган аёллар ҳам талайгина. Аммо Туркияга боргач, аксарият қиз-жувонларнинг ҳеч қанча вақт ўтмай турмушга чиқиб олаётган ҳолатлари ҳам кўпаймоқда.
Боши очиқ аёлларнинг, ёш-ёш қизларнинг туркларга маҳрам бўлаётгани ҳам майли, бироқ кейинги пайтларда Туркияда эрга тегиб олаётган айримларнинг боши очиқ эмас, яъни кимнингдир жуфти ҳалоли.

-Қўшнимиз Дилнура эри билан бирга ишлагани Туркияга кетган эди,- дейди Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро. – Эрининг у ерда ишлари юришмай Россияга ўтиб кетибди. Жувон эса иш жойидан кетишни хоҳламабди. Эри билан қўнғироқлашиб турган Дилнура кунларнинг бирида бир туркка турмушга чиққанини ва энди қайтиб бормаслигини маълум қилибди. Мана сизга хотинини ўзга давлатда ёлғиз ташлаб кетишнинг оқибати.

-Маҳалламизда 3 болали бир отинча бўларди, – дейди яна бир фуқаро. – Қиз-жувонлар уни Қуръон илмидан хабари бор, маърифатли аёл, деб ҳурмат қилишарди, айрим масалаларда ундан маслаҳат ҳам сўрашарди. Фарзандлари катта бўлиб қоляпти, эрига эса иш йўқ. Жувон ишлагани Туркияга кетди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, эрига телефон қилиб талоғини сўрабди. Айтишича, ўша ерда ўз бахтини, уни қадрлайдиган инсонини топган эмиш. Буни эшитган эр дарғазаб бўлди, аммо нима ҳам қила оларди, хотин узоқда, учта норасида билан бева эркак бўлиб қолаверди.

Моддий етишмовчилик ёки сериаллар таъсири…

Рўзғори ҳаминқадар бўлиб, ишсиз эрнинг дийдиёларидан тўйган, рўзғор юки бир ўзининг бўйнига қолиб кетган аёлларнинг аксарияти Туркиядаги ўзбек келинларининг тарафини оляптилар.

“Тўғрида, бир сўм пул топмайдиган, рўзғорни таъминламайдиган надомат эрни бошига урадими? Турк сериалларидаги каби ҳар икки гапининг бирида “азизам”, “ҳаётим”лаб турадиган, эрталаб туришига нонушта тайёрлаб, ётоғига олиб келадиган эркак қайси хотин кишига ёқмайди дейсиз?”, дейдиганлар ҳам топиляпти.

Нима, кейинги пайтларда экранларимиздан тушмаётган турк сериалларининг таъсирими бу? Ёки турк эркаклари қандай бўларкин, ростдан ҳам шунчалар оилапарвармикин, деб ўзларида синаб кўришга бўлган иштиёқми? Ёки оиласидаги моддий қийинчиликни осонгина, “нотаниш шаҳарда ким билиб ўтирибди”, дея пул ишлаб олиш мақсадида қилинган ҳаракатми?

-Иккинчи жаҳон уруши пайтида не-не ўзбек аёллари ёш-ёш бева қолган. Эридан “қора хат” келган бўлса-да, умид билан жуфти ҳалолларини кутган, – дейди ўзини Сорахон ая деб таништирган кекса онахон. – Бир этак болани ҳам ота, ҳам она бўлиб катта қилганлар. Лекин ўз ор-номусини сотмаганлар, кўз очиб кўрган жуфтининг тўшагига ўзгани қадам бостирмаганлар, эрини кутиб дунёдан тоқ ўтганлар. Энди-чи? Мен бунинг сабаби моддий қийинчиликда, демаган бўлардим. Шунчаки айрим аёлларимизда аввалги шарқона иффат, ор-номус ва ирода йўқолган, холос.

Ишсизликми ёки билимсизлик?..

Хорижга ишлагани кетаётган аёлларнинг аксарияти ишсиз, касб-ҳунарсиз, бирон малакага эга эмас. Улар ўзларини у ёқда “қора иш” кутиб турганини яхши билишади. Чунки дипломли, юқори малакали яхши мутахассисларга ҳамма давлатда ҳам талаб катта. Чет давлатларда ҳам яхши иш ўринлари ўз фуқароларидан ортмайди. Меҳнат муҳожирлари эса маҳаллий аҳоли менсимайдиган, маоши ҳам уларникидан анча паст бўлган ишга кўниб ишлашга мажбур. Табиийки, ўша ойлик маошни оқлаш учун не-не қийинчиликларга чидашга, керак бўлса, аёллик иффатини сотишга ҳам тўғри келади.

-Ривожланган давлатларда қора иш, дейлик, кўча тозаловчилар, фаррошлар меҳнатига ҳам яхшигина маош тўланади, – дейди Андижон шаҳрида яшовчи С.М. – Ҳарқалай, бой яшамаса-да, ҳаёт кечириши учун етарли маблағлари бор. Бизда-чи? Маошлар аламли даражада паст, еб-ичишга етса, коммунал тўловларни тўлаш учун қўшимча даромад излашга тўғри келади. Ҳозирги шароитда рўзғор тебратиш учун эр-хотин баравар ишлаши керак. Бир аёлнинг топгани билан рўзғор тебратиб бўлмайди.

Осон даромад топиш илинжи…

Аёллар ўз имкониятлари даражасидаги, жонини койитмайдиган, чарчатмайдиган иш топишни ўйлайдилар. Кафе ё ресторанда кечгача тик оёқда туриб идиш-товоқ ювгандан ёки кечгача бир жойда қадалиб ўтириб тикувчилик қилгандан кўра бир эркакнинг хизматини қилиб пул ишлагани осонроқ туюлади. Бу юмушни улар барибир ўз юртида ҳам бажаришади. Аммо фарқи шуки, ҳам рўзғорни тебратиб, ҳам эрининг хизматини адо этса-да, эри унга 100 доллар тугул 100 минг сўм ҳам тегмайди.

Андижон туманида яшовчи М. Туркияда ўзи ижарада турувчи хонадон эгасига турмушга чиқди. Онасининг айтишича, у ФҲДЁ бўлимидан қизининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиб, апостиль қилиб жўнатиши керак экан. Шунда қизи у ёқда расмий никоҳдан ўтиши мумкин бўлармиш. Қизи турмуш қуриш ҳақида онаси билан маслаҳатлашмабди ҳам.

Андижон шаҳри ФХДЁ бўлими ходимаси сўзларига кўра, Туркияда турмушга чиқиб олаётган қиз-жувонлар орасида расмий никоҳдан ўтадиганлари кам. Улар фақат шаръий никоҳ асосида турмуш қуряптилар ва, табиийки, ҳеч қандай қонуний ҳақ-ҳуқуққа эга бўлмайдилар.

–Менимча, бу никоҳдан мақсад ўзига бир умрлик йўлдош топиш эмас, қийналиб ишлаб пул топишдан кўра хотинлик қилиб осон даромад топиш, холос. Чунки ҳеч бир она Ватанидан, фарзандидан бутунлай воз кечиб кетмайди, – дейди у.

Кўрмаганнинг кўргани

Туркияга қатнайдиган фуқароларнинг кўпчилигида ўша ерлик аҳолига кўр-кўрона тақлид, юриш-туриш, кийинишда, ҳатто сўзлашув, имо-ишорада ҳам туркча одатларга тақлидни кўрасиз. Баъзилари турк тилини яхши билишини кўрсатиш учунми, гап орасида туркча ибораларни ҳам қўллаб қўядилар. Бу ё юқори маданият белгиси ёки дунё кўрганлигини исботлаш. Халқ ибораси билан айтганда, “кўрмаганнинг кўргани қурсин”.

-Тошкентдан келаётиб поездда ана шундай жувонлардан бирига дуч келдим, – дейди ўзини Озодахон деб таништирган аёл. – У қўл телефони орқали Ватсап аталмиш матоҳдан овозли хабар жўнатар, ҳар икки гапининг бирида “сени севийорим”, деб қўярди.
Мана сизга Туркиянинг яна бир ўзбек келини.

Хотинингни туркдан асра…

Избоскан туманида яшовчи Бахтиёр исмли йигитнинг айтишича, ҳамқишлоқлари бўлган эр-хотин иш излаб Туркияга боришибди. Орадан бир-икки ой ўтиб-ўтмай эр-хотин қайтиб келишибди. Ҳайрон бўлиб нега дарров қайтиб келишганини сўраганида, улар ишга жойлашган хонадон эгаси жувонга: “Сенга ҳар ой 800 доллар атрофида пул бераман, уйингга жўнатиб турасан, эринг кетаверсин, менинг хизматимни қилсанг бас, уй юмушларини қилишинг шарт эмас!” дебди.

-Эскиларда “Хотинингни туркдан асра”, деган гап бор. Бу мақолми ёки бирон китобда ёзилган ҳикматми, билмайман, ўзимизнинг масжид имомидан шу ҳақда сўраб кўрсам, китобда бунақа гап ёзилмаган экан. Аммо буни ким айтган бўлса ҳам топиб айтибди. Чунки кейинги пайтларда аёлларни Туркияга юбориш “хавфли” бўлиб қолди, – дейди у.

-Бизнес юзасидан сафарда кўп бўламан, – дейди Андижон бозорида савдо-сотиқ қилувчи тадбиркорлардан бири. – Яқинда уйга қўнғироқ қилиш учун Истанбул марказидаги сўзлашув масканларидан бирига киргандим. Навбат кутиб тургандим, бир аёл телефонда ўзбекча гаплашяпти, овози негадир таниш. “Эртага 1000 доллар жўнатиб юбораман, дадаси, қурилишга керакли ашёларни олиб қўяверасизлар”, деди. Гўшакни қўйиб будкадан чиқаётганида таниб қолдим, маҳалламиздаги аёл. Уч фарзанди, бинойидай эри бор. Аёл мени кўрмади, эшикдан чиқибоқ уни кутиб турган эркак билан қўлтиқлашиб қаёққадир кетди. Мен ўша мусофир юртда нечта аёл ҳамюртимни учратган бўлсам, биронтаси рисоладагидек ишлаб юрганини кўрмадим.

Бош қолмади дўппига лойиқ…

Нега ўзбек аёллари оиласи, фарзандлари бўла туриб ўзга мамлакатдан бахт қидирмоқда? Тили, урф-одатлари, юрти бегона бўлган эркакларнинг этагидан тутмоқда? Ибо-ҳаёни, ор-номусини барча нарсадан устун қўйиб яшайдиган оқила ўзбек аёлларига нима бўляпти? Уларни мусофирчиликда, танимаган-билмаган одамига синаб-синамасдан тегиб олаётгани нимадан далолат беради?
Мавзуни ўрганиш жараёнида суҳбатдош бўлган аёлларнинг жуда кўпчилиги Туркиядан ёр ахтараётган аёллар кўпайиб бораётганига эркаклар сабабчи, деган фикрдалар. Аёллар ҳам худди эркаклар каби уйдан тополмаган меҳр-эътиборни, қўллаб-қувватловни, суянса бўладиган елкани кўчадан ахтарадилар.

-Ҳамиятли, хотинини қизғонадиган, оиласи олдидаги бурчи, вазифасини унутмаган эркакни қайси аёл орзу қилмайди? Қайси аёл яхши эркакни қўлдан чиқаради? Бундай эркаклар аёллар орасида талаш-ку. Эркак киши аёлмижоз бўлиб уйда ўтириб олса, болалари ейман-ичаман деб турса, аёл киши нима қилсин? – дейди Муслиманинг онаси.

Ана энди, дўппини бошдан олиб қўйиб, (агар шу дўппига лойиқ бош қолган бўлса!) яхшилаб ўйлаб кўриш вақти келди.

Токи аёллар тирикчилик ғамида чет давлатларда изғир эканлар, уларни ҳурмат қиладиган, харажатини таъминлайдиган, пул топиш учун кўчага чиқариб қўймайдиган эркакни учратганида, ўзи учун ҳам яшаши кераклиги эсларига тушиб қолади. Агар шундай бўлса, ўзга миллат этагини тутаётган аёллар сони ортиб бораверади.

Шоҳида Саидова
Андижонлик муаллиф таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 июл 2017
3 июл куни Бешариқ марказий шифохонасига келтирилган 25 ёшли аёл вафот этди. Бу ҳақда Элтуз нашрига мурожат этган аёлнинг ...
31 август 2018
Тунги клуб қўриқчилари билан пичоқлашувда 8 август куни тошкентлик спортчи Жамшид Кенжаевнинг ўлими ортидан мамлакатда «тозалаш» ишлари бошлаб юборилди. ...
13 декабр 2017
12 декабрь куни Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Ўзбекистонда ҳукуматнинг мажбурий меҳнатни тугатиш чораларини кўргани ҳақида баёнот берди. ХМТ сайтидаги ...
6 август 2018
Жўраев озод бўлган қафасда Пардаев пайдо бўлади! Асаби чатоқлар зални тарк этсин! рассом: Туз Eltuz.com 2015 йил 16 ноябрь
Блоглар
25 сентябр 2018
Шундай қилиб… бугун мен Ойбек уй музейига, шоир ва ватанпарвар Рауф Парфининг 75 йиллигига бағишланган ...
25 сентябр 2018
Тошкентда KFC фастфуд ресторанлари тармоғи иш бошлади. Дастлабки ресторан «Буюк ипак йўли» метроси яқинида 12 ...
25 сентябр 2018
Бу йил баҳордаги йиғилишда фермерларга аччиқ қалампир экиш топширилди.  Бунга Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги қарори ижросини ...