Cатира
19 феврал 2018

Янги супертузилма керакми?

Ўзбекистондаги жўшқин сиёсий ўзгаришлар шу пайтгача мамлакатда энг қудратли куч бўлган Миллий хавфсизлик хизмати ўрнига янги супертузилма – прокуратурани қудратга келтираётгандек таассурот уйғотмоқда.

Шу пайтгача ўзбек жамиятида МХХ аралашмаган соҳа бўлмаган. Давлат муассасаларини қўя туринг, ҳатто нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларининг ҳам шу тузилмадан ўз кураторлари бўлгани сир эмас.

Амалдаги президентнинг бугунги чиқишларидан маълум бўляптики, ўз вақтида бу тузилма унинг ҳам кўзини очирмаган. Ҳозир Шавкат Мирзиёев МХХни ўзи амалга ошираётган ислоҳотларга энг катта тўсиқ ўлароқ баҳоламоқда ва бунга барҳам беришга уринмоқда.

Шунинг учун гидранинг «боши кесилди» – МХХ раиси ишдан олинди, тузилмадаги ўнлаб раҳбарлар лавозимидан четлатилди. Хуллас, ташкилотда тозалаш кетмоқда.

Аммо айни шундай ўзгаришлар фонида прокуратура органларининг ҳаддан ташқари кучайтирилаётгани кузатилаётир.

Илгари МХХдан чиққан Рашид Қодиров бош прокурор бўлиб узоқ йиллар ишлаган бўлса, энди собиқ бош прокурор МХХни бошқармоқда.

Бош прокуратурада тўққизта янги бошқарма ташкил этилди ва бошқа кучишлатар тузилмаларнинг айрим ваколатлари уларга ўтказиляпти. Прокурорларнинг соҳага алоқадор бўлмаган бошқа тизимларга раҳбарлик лавозимларига тайинланаётгани ҳам бор гап.

Бир суперқудрат ўрнига икинчиси вужудга келтирилаётгандек гўё. Гарчи президентнинг ўзи сўнгги чиқишларида бунга қарши фикрлар билдираётган бўлса-да, аслида шундай бўлмоқда.

Куни-кеча Шавкат Мирзиёев Бухорога ташрифи давомида МХХ шаънига навбатдаги танқидларни ёғдирар экан, «битта давлатнинг идорасига шунча ваколат бериш давлатга бўлган қип-қизил хиёнат»лигини таъкидлади.

«…Погон кийган ноинсофларга бирорта давлатда ундай ваколат берилмайди. 37-йилда ҳам бундай (эмас) эди», деди президент МХХнинг мислсиз ҳокимиятга эга бўлганига ишора қилиб.

Ҳолбуки, бугун давлат раҳбаридан тобора кўпроқ ваколатлар олаётган прокуратура ҳам оппоқ эмас. Эсингизда бўлса, ўтган йили мазкур орган вакиллари билан учрашган президент уларни роса танқид қилган эди.

Шавкат Мирзиёев уларга тегишли қават-қават ҳашаматли уйлар, қўша-қўша квартиралар, беҳисоб мол-мулк «қаердан келганини билишини», агар улар «эсини йиғмаса», ҳолига маймунлар йиғлашини айтиб, таҳдид қилган эди.

Аммо президентнинг танқидидан бир йил ўтар-ўтмас прокурорлар «қўли тоза», ватанпарвар, адолатпарвар инсонларга айланганига ҳеч қандай кафолат йўқ ва бунга биров ишонмайди ҳам.

Бу гапимизнинг исботини Бош прокуратура ҳузурида тузилган ва катта ваколатлар берилган Мажбурий ижро бюроси фаолияти мисолида кўришимиз мумкин.

Мазкур идора коммунал хизматлар учун қарзлар асосли ёки асоссизлигига қарамай, ҳақиқий қарздорларни ҳам, коммунал хизматлар айби билан асоссиз равишда қарздор қилинганларни ҳам бир хилда қийратмоқда.

Шунинг учун бугун Мажбурий ижро бюросининг, бу тузилма ходимларининг кўпгина хатти-ҳаракатлари халқ орасида асосли равишда норозилик кайфиятини уйғотаётган ҳолатлар кам эмас.

Биз тоталитар тузум даврида битта тузилма қўлида ҳаддан ортиқ ваколатлар тўпланиши нималарга олиб келганини ўз бошимиздан ўтказдик.

Айниқса, эркин матбуот ва эркин жамият тўлиқ шаклланмаган мамлакатда бундай ҳолат икки баробар хатарлироқ.

Сардор Азим, рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 ноябр 2017
Андижон шаҳридаги 3-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Илвира Пидаевна пахта йиғим-терими вақтида нафас қисишидан вафот этди. Ҳамкасбларининг айтишича, Илвира мазкур ...
23 ноябр 2017
1 ноябрдан бошлаб пойтахт бозорларида аҳолининг бирламчи эҳтиёжлари учун зарур бўлган айрим турдаги маҳсулотларнинг энг юқори нархлари ўрнатилди. Тошкент ...
1 март 2018
Президент Мирзиёев 27 февраль кунги селектор йиғилишида «Ўзбекозиқовқатхолдинг» давлат ширкатини мева-сабзавот экспорти режасини бажармаганликда айблаб танқид қилди. Президент танқиди ...
11 апрел 2018
Шоир Шавкат Раҳмон ижодига оид кўрсатувда унинг Усмон Азим, Хуршид Даврон ва Муҳаммад Солиҳ билан тушган фотосурати 3 апрель ...
Блоглар
17 июл 2018
Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг нафақат қонунчиликни, балки энг юқори даражада берилган буйруқларни ҳам назар-писанд ...
16 июл 2018
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўз ўтмишдоши Ислом Каримов даврида ишдан урилган раҳбарларни қайта лавозимларга тайинлаш сиёсатига ...
9 июл 2018
Каттақўрғонда милиция капитанининг аёл кишини қип ялонғоч қилган ҳолда таҳқирлагани ўзбек жамиятида жуда катта шов-шувга ...