Асосий мавзулар
26 феврал 2018

Мардикор энди Қозоғистондан хавфсирмай ўтадими?

Ўзбекистон ҳукумати ташқи меҳнат миграциясини тизимли бир шаклга солиш йўлидаги навбатдаги қадамини ташлади.

Хабарларга кўра, Россиянинг бир неча федерал округида Ўзбекистоннинг бош консулхоналарини очишга келишиб олинган. Бу консулхоналар Владивосток, Екатерингбург, Қозон ва Ростов шаҳарларида очилади.

Албатта, бу саъй-ҳаракатлар йиллар давомида ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилиб келинган ўзбек мардикорлари учун ажойиб янгиликдир.

Иккинчи янгилик эса меҳнат мигрантларини Ўзбекистонга тегишли автобусларда Россияга ташишнинг йўлга қўйилишига оиддир.

Бундан аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга Россияга авиақатновлар ва темир йўл қатновлари нархини тушириш топшириғини берганди.

Бу қарорларнинг барчаси Россияга бориш учун автобусда йўлга чиққан 52 нафар юртдошимизнинг Қозоғистон ҳудудида фожеали равишда ҳалок бўлгани ортидан қабул қилинди.

Таъкидлаш керакки, шу пайтгача ўзбек мигрантларини Россияга автобусда элтиб қўйиш билан аксарият ҳолларда қозоғистонлик ҳайдовчилар шуғулланиб келган. Чунки Қозоғистон ҳудудида мигрант ташиш анча хатарли иш.

Бу мамлакат ҳудудидан хоҳ поездда, хоҳ автобусда ўтаётган ўзбекистонлик мигрантларга нисбатан рэкет, босқинчилик, товламачилик жиноятлари содир этиб келинади. Қўшни мамлакатда улар деярли ҳеч қандай ҳимояга эга эмас.

Шунинг учун ўзбекистонлик автобус ҳайдовчилари бу йўналишда йўловчи ташишдан қўрқади.

Қозоқлар бу бизнеснинг катта даромад келтиришини дарров ҳис қилиб, уни бутунлай қўлга олган. Қуш тилини қуш билар деганларидек, қозоқ ҳайдовчилари билан қозоқ рэкетчиларининг тил топишиши осонроқ кечади.

Меҳнат мигрантлари учун эса Россияга бориш учун энг арзон мазкур транспортдан фойдаланишдан бошқа имконият йўқ. Улар жонларини хатарга қўйиб бўлса-да, шу йўлни танлашга мажбур бўлиб келган.

Энди Ўзбекистондан Россияга тўғридан-тўғри автобус қатновлари йўлга қўйилаётган экан, айнан Қозоғистондаги хавфсизлик масалаларига эътибор қаратиш керак бўлади.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳукумати меҳнат муҳожирлари қатнови билан боғлиқ белгилаган чора-тадбирлар қаторида шу масала ҳам бор.

Энди гап бундай қатновлар хавфсизлиги қай даражада таъминланишида. Бунинг учун эса Қозоғистон ҳукуматининг қўллаб-қувватлашига эришиш керак бўлади.

Зеро, қозоқ рэкетчилари йиллар давомида ўрганган осон даромад кўриш манбаларидан индамайгина воз кечишига ишониш қийин.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 январ 2018
Мирзиёевнинг масжидларда кино кўрсатиш ташаббуси имомлар томонидан қўллаб-қувватланаётганини «Элтуз» манбалари тасдиқлади. «Масжидларда ҳам буни қўйса бўлади. Раҳмат, шу ерга ...
29 октябр 2018
Президент Мирзиёев 29 октябрь кунги фармойиши билан бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаевни ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш ...
20 октябр 2015
Пахта қўйгунча пахта тер. Бева хотиннинг тушига эр кирар, Хашарчининг тушига — пахта. Хашарчининг гўшти ҳаром, Меҳнати — ҳалол. ...
23 ноябр 2023
Жорий йилнинг 25 октябр куни, жиноят ишлари бўйича Наманган туман суди, 42 яшар МБни интернетда “диний ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиш, ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...