Кўзқараш
6 март 2018

Пахтанинг кучи

Чорак асрдан буён пахтачилик ва саноатнинг у билан боғлиқ тармоқлари ривожланмайди. Чунки пахтанинг асосий қисми кимларнингдир орқасига қўйишга ишлатилиб келиняпти.

Айниқса, журналистларимиз орасида қўлига қалам билан бирга пахта кўтариб чопаётганлари кўп. Президент уларнинг қўлидан пахтани тортиб олишга интилаётганига қарамай, қўйиб юборгиси келмайди.

Чунки уларнинг кўпчилиги шунга ўрганган. Шунинг орқасидан кун кўради, рўзғор тебратади. Қаттиқроқ гапириб қўйса, хўжайинлари олдига суяк ташламай қўяди шекилли.

Журналист Гулбаҳор Саидғаниеванинг “Фарғонамизни ёмонотлиқ қилишдан ким манфаатдор” сарлавҳаси остида фейсбукда эълон қилинган мақоласи ана шундай журналистларнинг юзини очиб беради.

Унда “кейинги пайтларда хорижий ва айрим ўзбек сайтларида Фарғона вилояти борасида турли ёлғон маълумот, фитналар кўп тарқала бошлагани” тилга олинар экан, “Озодлик” ва ББС радиолари миш-мишчилик ва уйдирмачиликда айбланади.

Мақолада “Озодлик” Дарғара туманидаги Кичик Ганжиравон қишлоғида ичимлик сув тармоғига уланиш учун аҳолидан 10 миллион сўмдан пул талаб этилаётгани ҳақида “ёлғон” маълумот тарқатганлиги иддао қилинган.

ББС эса Риштон туманидаги марказий бозорнинг бузилиши орқасидан тадбиркорлар дўкони учун товон пули олмаётгани ҳақида хабар бергани сабаб таъна остида қолган.

Бу хабарларни инкор этиш учун келтирилган маълумотларнинг ўзи куракда турмайди. Нима эмиш, дўконларнинг кўпи ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда қурилган, машина кириши учун йўл йўқ эмиш.

Бундай қоидабузар дўконларнинг йиллар давомида ишлаб келганига кўз юмганлар ким, нега бу ҳолатлар энди юзага чиқяпти, деган саволга жавоб йўқ.

“Озодлик” хабарининг инкори ҳам шундай асоссиз “асослар”га таянади.

Зеро, “пахтакор” журналистнинг мақсади муаммони кўтариш эмас, уни ёпти-ёпти қилишлиги кўриниб турибди. Шу билан бирга, имкон қадар эркин ёзаётган ҳамкасбларининг оғзига латта тиқиш.

“Хориж сайтлари ва айрим миллий сайтларнинг олиб бораётган фаолияти бизни таажжубга солади. …Улар Фарғона вилоятини ёмонотлиқ қилиб кўрсатишга кимдандир кўрсатма олганлар (балки моддий рағбат олгандирлар, бунисини худо билади)”, деб ёзади “пахтакор” журналист.

Ислом Каримов ҳукмронлиги даврларини эслатувчи бу каби мақолаларнинг ҳали ҳам ёзилаётгани ачинарли. Зеро, жамият очиқлик сари интиляпти.
Маҳаллий журналистлар ҳам кўзи очилиб, сал-пал дадиллашаётган бир пайтда шундай мақолалар чиқаётгани кишини ўйлантиради.

Қолаверса, бекорга Гулбаҳор Саидғаниеванинг мақоласига тўхталмадик. Бу журналист аёл Қозоғистоннинг Оқтўбасида оловда гуриллаб ёнган 52 миллатдошимиз учун юрт норасмий бўлса-да мотам тутаётган кунларда уларни, уларнинг тумандошларини ҳароми деб ҳақорат қилган Фарғона вилояти ҳокимини ёқлаб мақола ёзган “пахтакор” қаламкашдир.

Номигагина Фарғонанинг, аслида бу вилоят ҳокимининг ҳимоясига отланаётганлар сафи анча кенг.

Афсуски, юртимиздаги турли соҳалардаги ўзгаришлар шиддати матбуотга ҳали тўла кириб келаётгани йўқ.

Шунинг учун кимларгадир қўядиган пахтасининг кучига ишониб яшаётган журналистлар ҳам осон жон беришга кўнмаётир.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
29 июл 2018
Ўзбекистонда энг узоқ муддат қамоқда ўтирган журналист ва собиқ сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжон ўзбек турмасидаги ҳаётига бағишланган биринчи китобини ...
21 январ 2019
Facebook ширкати 17 январь куни Кремл лойиҳаси бўлган «Спутник» нашри ташвиқотига хизмат қилган тармоқдаги юзлаб саҳифалар ва аккаунтларни ўчирди. ...
24 апрел 2016
Бундан 5 йил олдин Тошкент шаҳар хокимлиги Чехиядан 20 та трамвайни донасига бир миллион АҚШ доллари тўлаб сотиб олган ...
13 октябр 2023
РТ: Дўст билан обод уйинг гар бўлса ул вайрона ҳам! МС: Исоп дуз оға. Ничиксизла мўччи апика, хўжик бррило. Ëнгқи ишлар ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...