Кўзқараш
12 март 2018

Бобомурод дилеммаси

Бобомурод Абдуллаевга устидан бошланган суд жараёни бугун нафақат ўзбекистонликлар, балки турли давлатлар ҳукуматлари, инсон ҳуқуқлари ва журналистлар ташкилотлари диққат марказида бўлиб турибди.

Чунки бу суд президент Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотларнинг қанчалик самимий эканини кўрсатиб берадиган ўзига хос лакмус қоғози бўлади.

Суднинг илк мажлиси очиқ ўтказилгани, журналистга нисбатан қийноқлар қўлланилгани юзасидан текширув белгилангани, хуллас, жараёнга оид дастлабки таассуротлар мазкур маҳкаманинг қандай якунланиши мумкинлиги тўғрисида айрим тахминларни илгари суриш имконини беради.

Юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда, журналистнинг қўйилган айбловлар бўйича айбдор деб топилиши ва ўта узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилишига оид тахминни тўлиқ соқит қилиш мумкин.

Шундан сўнг, назаримизда, асосга эга дейишга арзийдиган учта тахмин қолади.

Биринчи тахмин – Бобомурод тўла оқланади. Аммо бу кучишлатар тизимлар, хусусан, журналистнинг қамоққа олиниши ва қийноқларга тутилишига алоқадор бўлган шахсларнинг жавобгарликка тортилишига олиб келади.

Президент мазкур тизимларнинг қонунбузарликларига тоқатсизлик сиёсатини юритаётгани эътиборга олинса, суд оқлов ҳукми чиқариши эҳтимоли йўқ эмас.

Бу ҳолатда Бобомуродни ноҳақ қамаганлар ва қийноққа солганларнинг жавобгарликка тортилиши Ўзбекистонда одил судлов тикланаётганига ишора ўлароқ хизмат қилади.

Қолаверса, уларнинг ўз қилмиши учун жазога тортилиши ҳамкасбларига ибрат қилиб кўрсатиш вазифасини ҳам ўтаб беради.

Иккинчи тахмин шуки, Б.Абдуллаевга унча катта бўлмаган жазо берилиб, шартли равишда очиқда қолдирилади.

Яъни сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмаслик принципига риоя этилади. Бунда кичик қурбонлик эвазига МХХ имижига кўп зарар етказилмайди. Халқаро жамоатчиликнинг реакцияси ҳам кескин бўлмайди.

Учинчиси тахминга кўра, журналистга реал қамоқ жазоси тайинланади, лекин узоқ муддатли эмас. Бундан мамлакат халқига берилаётган эркинлик ва шаффофликлардан маст бўлиб, “ҳаддан ошмаслик”ни эслатиб қўйиш мақсади кўзланади.

Ўзбекистоннинг ичида суднинг бундай ҳукмидан норозилик бўлишидан чўчимаса ҳам бўлади. Халқаро ҳамжамиятнинг кескин реакцияси эса кейинчалик сиёсий музокаралар мавзуси бўлиб, ҳокимият мақсадларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилинади.

Албатта, агар зеҳниятимизга эрк берсак, Бобомурод Абдуллаев ишининг қандай якун топиши юзасидан яна бир қанча эҳтимолларни ўртага ташлаш мумкин.

Уларнинг қайси бири амалда ҳақиқат бўлиб чиқмасин, барибир мамлакатдаги турли соҳалардаги ислоҳотларнинг қай даражада собитқадамлигига мезон ўлароқ баҳоланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бугун Ўзбекистон ҳукумати (айнан ҳукумати, чунки судлар мустақиллиги ҳақида гапиришга ҳали эрта) олдида бир дилемма турибди.

Бу Бобомурод дилеммасидир. Бу борада қандай тўхтамга келиниши Ўзбекистоннинг яқин келажагини янада аниқроқ баҳолаш имкониятини оширади.

Сардор Азим
eltuz.com

Тағин ўқинг
28 март 2017
Сўнгги вақтларда Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида мамлакат таълим тизимининг абгор аҳволи ҳақида нисбатан танқидий мақолалар чоп этиляпти. Ҳақиқатан ҳам ...
12 июн 2017
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, афтидан, тозаликни жуда яхши кўради. Унинг қаерга бориши маълум бўлса, ўша жой улкан ободонлаштириш масканига айланиши, ...
22 март 2016
Ўзбекистонда 2015 йилги пахта йиғим-терими мавсумида тўпланган маълумотлар ҳукумат мажбурий меҳнатдан тизимли равишда фойдаланишга чек қўйиш учун зарур ислоҳотлар ...
6 феврал 2016
Бугун 6 феврал куни хонанда Тамиланинг фейсбук саҳифасида ва унинг мухлислари томонидан ташкиллаштирилган “Je suis Tamila!” гуруҳида ўз мухлислари ...
Блоглар
12 октябр 2018
Ўзбекистон ҳарбий қисмларидан биридаги аскарнинг «Элтуз»га билдиришича, улар вақтли ҳарбий хизматни Андижон вилояти далаларида пахта ...
10 октябр 2018
«Cуҳбатимиз ғайритабиий тус олаётганга ўхшаб кетяпти менинг назаримда, яъни мелиса ходими ва маҳкум ўртаси­даги савол‑жавоб ...
9 октябр 2018
Ахборот технологиялари ва коммуникацияни ривожлантириш вазирлиги октябрь ойининг бошида Ўзбекистонда кўриш тақиқланган 103 фильм рўйхатини ...