Cатира
10 май 2018

Тошкентда қулликни соғинганлар байрами ўтди

Бу йилги 9 май Ўзбекистонда кўп йиллардан буён собиқ шўролар рамзларига, бугунги Россияда урфга кирган тимсолларга энг бой тарзда ўтди. Ҳар ҳолда Тошкентда кузатганларимиз шундан далолат берди.

Мамлакатдаги энг нуфузли давра – президент иштирокидаги тадбир ҳам бундай тимсоллар билан тўлиб-тошди.

Тадбирга ташриф буюрган меҳмонларга хизмат қиладиганлар уруш даври кийимида ҳозир бўлди. Концертда ҳам шундайсимон чиқишлар саҳналарни тўлдирди.

Шунга монанд тарзда рус тилли мактабларда ўқувчилар совет аскари пилоткаларини бошига қўндирган ҳолда уруш ветеранларини қутлаганига гувоҳ бўлдик. Улар моҳиятини тушунмаса-да, георгей тасмаси тақиб олганича мағрур юрдилар.

Йўлларда эса георгей тасмаси ва унинг Ўзбекистон байроғисимон қилиб ясалган нусхаси эгизаклар каби кимларнингдир кўксини безаб турганди.

Тошкент кўчаларида бир гуруҳ мотоциклчилар СССР байроғини ҳилпиратганча, сигналларини тинимсиз бибиллатиб шаҳар кезди. Бу мотокарвонда Ўзбекистонникидан СССРнинг ўроқ-болға тасвирли қизил байроғи сони кўпроқ эди.

Ижтимоий тармоқлардаги кўплаб постларда ҳам фашизм устидан буюк ғалаба совет даври соғинчи билан қоришиқ бўлиб кетгани сезилди.

Адолат ҳаққи, айтиш керакки, фақат Ўзбекистон байроқларини ҳилпиратиб ўтан автокарвонлар кўпроқ эди.

Совет даври – Ўзбекистон тарихининг бир қисми. Уни эсдан чиқариш аждодлар хотираси учун беҳурматлик сифатида баҳоланса ҳам ажабланмаслик керак.

Лекин кишини бир жиҳат ўйлантиради. Узоқ йиллик чор мустамлакаси, сўнг совет тузумидан қутулган мамлакатда мустабиднинг байроғи бемалол ҳилпираб шаҳар кезишини қандай тушуниш мумкин?

Бу саволга жавобни кун бўйи ўйладим. Ниҳоят ўзимча бир хулосага келдим. Биз бугун мустақиллик ва ғалабани бир-бирига қориштириб юбориб, эркинлик қадрини генларимизга сингдира олмабмиз.

Совет давридаги қуллигимиз сингиб кетган онгости туйғуларимиз ҳали янгиланмабди. Қолаверса, Россиянинг кенг кўламдаги тарғиботлари ўз ишини қилмоқда.

Хўш, ўзбеклар фашизм устидан қозонилган ғалабани байрам қилиши керакми? Менимча, ҳа.

Чунки бу ғалаба учун дунёнинг кўплаб халқлари қатори ўзбеклар ҳам жон олиб, жон берган. Юз минглаб миллатдошларимиз жанггоҳлардан қайтмаган.

Ўшалар ҳаққи-ҳурмати, ғалабани фақат ўзиники қилиб олишга уринаётганларнинг саъй-ҳаракатларига жавоб ўлароқ, байрам қилишга бизнинг ҳам ҳақимиз борлигини кўрсатиш керак.

Кийим-кечак, озиқ-овқат, қурол-яроғ билан таъминлаганимизни, юз минглаб бола-чақаси, хотин-халажини беминнат паноҳимизга олганимизни уларга эслатиб туришимиз учун ҳам шундай қилишимиз лозим.

Лекин бу байрам қулликни соғинган, мустабидларни улуғлайдиганлар эмас, балки ғолиблигини хотирасидан чиқармайдиганлар, ўз эркинлигининг қадрига етадиганлар тантанаси бўлмоғи шарт!

Баҳодир Шариф
eltuz.com

Тағин ўқинг
18 март 2022
Ижтимоий тармоқларда «Асалхоней» номи билан танилган 30 яшар блогер Асал Хўжаева ўз уйида ўлдириб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ...
30 сентябр 2021
Тошкентда иш бошлаган халқаро кинофестивалнинг бош қаҳрамони рус поп ашулачиси Киркоров бўлди. Ташкилотчилар эса фестивалга 37 давлатдан 400га яқин ...
4 март 2024
Шарифа Тўйчиева ҳокимнинг ноқонуний қарори билан еридан маҳрум бўлган юзлаб бахтсиз фермерлардан бири. Унинг ҳикоясидан англашиладики, қонун бузилиши прокуратура ...
10 июн 2020
2010 йилнинг 10-14 июнь кунлари Қирғизистон жанубида этник тўполонлар авж олди. 400 дан ортиқ одам ўлдирилди, деярли икки минг ...
Блоглар
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...