Cатира
10 май 2018

Тошкентда қулликни соғинганлар байрами ўтди

Бу йилги 9 май Ўзбекистонда кўп йиллардан буён собиқ шўролар рамзларига, бугунги Россияда урфга кирган тимсолларга энг бой тарзда ўтди. Ҳар ҳолда Тошкентда кузатганларимиз шундан далолат берди.

Мамлакатдаги энг нуфузли давра – президент иштирокидаги тадбир ҳам бундай тимсоллар билан тўлиб-тошди.

Тадбирга ташриф буюрган меҳмонларга хизмат қиладиганлар уруш даври кийимида ҳозир бўлди. Концертда ҳам шундайсимон чиқишлар саҳналарни тўлдирди.

Шунга монанд тарзда рус тилли мактабларда ўқувчилар совет аскари пилоткаларини бошига қўндирган ҳолда уруш ветеранларини қутлаганига гувоҳ бўлдик. Улар моҳиятини тушунмаса-да, георгей тасмаси тақиб олганича мағрур юрдилар.

Йўлларда эса георгей тасмаси ва унинг Ўзбекистон байроғисимон қилиб ясалган нусхаси эгизаклар каби кимларнингдир кўксини безаб турганди.

Тошкент кўчаларида бир гуруҳ мотоциклчилар СССР байроғини ҳилпиратганча, сигналларини тинимсиз бибиллатиб шаҳар кезди. Бу мотокарвонда Ўзбекистонникидан СССРнинг ўроқ-болға тасвирли қизил байроғи сони кўпроқ эди.

Ижтимоий тармоқлардаги кўплаб постларда ҳам фашизм устидан буюк ғалаба совет даври соғинчи билан қоришиқ бўлиб кетгани сезилди.

Адолат ҳаққи, айтиш керакки, фақат Ўзбекистон байроқларини ҳилпиратиб ўтан автокарвонлар кўпроқ эди.

Совет даври – Ўзбекистон тарихининг бир қисми. Уни эсдан чиқариш аждодлар хотираси учун беҳурматлик сифатида баҳоланса ҳам ажабланмаслик керак.

Лекин кишини бир жиҳат ўйлантиради. Узоқ йиллик чор мустамлакаси, сўнг совет тузумидан қутулган мамлакатда мустабиднинг байроғи бемалол ҳилпираб шаҳар кезишини қандай тушуниш мумкин?

Бу саволга жавобни кун бўйи ўйладим. Ниҳоят ўзимча бир хулосага келдим. Биз бугун мустақиллик ва ғалабани бир-бирига қориштириб юбориб, эркинлик қадрини генларимизга сингдира олмабмиз.

Совет давридаги қуллигимиз сингиб кетган онгости туйғуларимиз ҳали янгиланмабди. Қолаверса, Россиянинг кенг кўламдаги тарғиботлари ўз ишини қилмоқда.

Хўш, ўзбеклар фашизм устидан қозонилган ғалабани байрам қилиши керакми? Менимча, ҳа.

Чунки бу ғалаба учун дунёнинг кўплаб халқлари қатори ўзбеклар ҳам жон олиб, жон берган. Юз минглаб миллатдошларимиз жанггоҳлардан қайтмаган.

Ўшалар ҳаққи-ҳурмати, ғалабани фақат ўзиники қилиб олишга уринаётганларнинг саъй-ҳаракатларига жавоб ўлароқ, байрам қилишга бизнинг ҳам ҳақимиз борлигини кўрсатиш керак.

Кийим-кечак, озиқ-овқат, қурол-яроғ билан таъминлаганимизни, юз минглаб бола-чақаси, хотин-халажини беминнат паноҳимизга олганимизни уларга эслатиб туришимиз учун ҳам шундай қилишимиз лозим.

Лекин бу байрам қулликни соғинган, мустабидларни улуғлайдиганлар эмас, балки ғолиблигини хотирасидан чиқармайдиганлар, ўз эркинлигининг қадрига етадиганлар тантанаси бўлмоғи шарт!

Баҳодир Шариф
eltuz.com

Тағин ўқинг
14 июн 2016
ШҲТ саммити яқинлашган сайин ўзбек ҳукуматининг ҳўжакўрсин тадбирлари кўлами ортмоқда. Расмийлар ўз ҳаракатларини Вазирлар маҳкамасининг “Тошкент шаҳри магистрал кўчаларини ...
20 июн 2019
Президент матбуот хизмати 20 июнь куни бош прокурор Отабек Муродовнинг ишдан олингани, унинг ўрнига илгари Сенат раиси бўлган Ниғматулла ...
14 март 2018
Рассом Кирпи Eltuz.com
9 апрел 2019
Тошкент шаҳри ИИББ подполковниги 38 яшар Умид Қурбонов пойтахтнинг Чилонзор тумани Муқимий кўчасида 6 апрель кечаси бир аёлни машинасида ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...