Асосий мавзулар
16 июл 2018

Дарз кетган кадрлар сиёсати

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўз ўтмишдоши Ислом Каримов даврида ишдан урилган раҳбарларни қайта лавозимларга тайинлаш сиёсатига дарз кетди.

Бу сиёсатнинг илдизи чиригани Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраевнинг порахўрликда айбланиб қўлга олиниши ортидан яққол кўриниб қолди.

Т.Жўраев эндигина ҳокимиятга келган Ш.Мирзиёев томонидан юксак мансабларга қайтарилган кўп сонли амалдорларнинг бири эди.

2004-2008 йилларда халқ таълими вазири бўлиб ишлаган Т.Жўраев тизимни янада ботқоққа ботиришга жонбозлик кўрсатгандан кейин Сурхондарёга ҳоким қилиб жўнатилганди. Бу ердан Қашқадарё раҳбарлигига ўтказилганидан сўнг эса сурхондарёликлар бундай ҳокимдан қутулганига шукур қилиб, қўйлар сўйгани ҳақида гап-сўзлар чиққанди.

Т.Жўраевнинг Қашқадарёдаги саргузаштлари ҳам бир текис кечгани йўқ.

Сўконғичлиги ва зўравонлиги сабаб бу ерда ҳам халқнинг ғазабига дучор бўлган эди. Коррупционерлиги сабаб Ислом Каримов уни шарманда қилиб ишдан ҳайдаганди.

Қамалмаганига шукур қилиб, йиққан-тиққанини майдалаб еб ётган жойида боши узра яна офтоб чиқди. Ш.Мирзиёев уни аввал Бекободга, сўнг эса Самарқанд вилоятига ҳоким қилиб тайинлади.

Бугун эса биз унинг инқирози тимсолида президентнинг кадрлар сиёсати, юмшоқроқ қилиб айтганда, ўзини умуман оқламаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Букрини гўр тузатади, дейди доно халқимиз. Ўрганган кўнглининг ўртанишига бўйин эгаётган бу каби кадрлар бугунги бошқарув тизимининг ўзагини ташкил этади.

Бир гуруҳ коррупционерлар ишдан бўшатилиб, ўрнини бир вақтлар улар билан “рақобат”га дош бера олмаган бошқа бир гуруҳ коррупционерларга бўшатиб берди.

Шунинг учун ўзбекистонлик таниқли журналист Шароф Убайдуллаев Би-Би-Сига берган интервьюсида “Мирзиёев кадрлар сиёсатининг пойдевори қийшиқ”, деганида минг бора ҳақдир.

Биз коррупцияга қарши курашиш ҳақида қанчалик оғиз кўпиртирмайлик, бу “кураш” тепасида коррупционерларнинг ўзи турар экан, ҳеч қандай ижобий натижага эриша олмаслигимиз кундек равшан.

Тўғри, охирги пайтларда Шавкат Мирзиёев бошқарув кадрларини танлашда анча қийинчиликларга дуч келаётгани, бундай кадрларни танлаш қийин кечаётганини бир неча марта таъкидлади.

Шу билан бирга, эски кадрларга кўп-да ишонмаслигига ишора қилган ҳолда 2-3 йил ичида янги кадрлар пайдо бўлиши ва юқори лавозимларга олиб келинишини билдирди.

Президент бу борада отни тезроқ қамчилаши талаб қилинадиган кўринади.

Акс ҳолда ҳозир ҳокимият тепасига қайта олиб келган кадрлари президентнинг бугун кўпчиликда анча илиқ таассурот қолдираётган сиёсатига соя солишлари ҳеч гап эмас.

Зеро, Туроб Жўраев воқеаси эски коррупционерларга ишонч билдиришнинг оқибатлари яхшилик билан тугамаслигига, “қийшиқ
пойдевор” билан тикланган уй бир кун келиб босиб қолишига яққол далилдир.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 август 2018
Ҳукуматнинг кўнгилочар масканларга рейдлари ортидан ўзбек матбуотида «тунги клублар»ларни ёмонотлиқ қилиш авж олди. Айни тенденциядаги кўрсатувларни «Ёшлар» телеканали узатди. ...
17 май 2017
Андижон вилояти Шаҳрихон шаҳри ва туманида 15 май куни юзлаб беморлар заҳарланиш ташхиси билан касалхонага ëтқизилган. Озодлик радиоси маълумотига ...
10 октябр 2015
Ғаллаорол туман ҳокими Азим Тўлабов буйруғига кўра, пахта нормасини бажара олмагани учун икки кунга қамалган туман бош врачи Юсуф ...
29 апрел 2015
Безор бўлмадингизми, а?? Тинч қўйинглар энди, сизга ўхшаганлардан қочиб чиққанимга аллақачон 20 йилдан кўпроқ бўлди, айнан Ўзбекистон номли жаҳаннамдан ...
Блоглар
22 октябр 2018
Яқин кунларда Ўзбекистонда қимматчилик бошланиши ҳақида аҳоли ўртасида шу кунларда анча кенг тарқалган хавотирнинг асоссиз ...
19 октябр 2018
Муҳаммад Бекжон эсдаликларидан иборат биринчи китобнинг сўнгги қисми 1999 йил 16 февраль портлашлари ёритилган мақолаларга ...
19 октябр 2018
Россиянинг Ўзбекистонда АЭС қуриш ғояси ўзбек жамоатчилигининг жиддий хавотирларига сабаб бўлмоқда. «Элтуз» нашри «Кўзқараш» рукни ...