Асосий мавзулар
14 сентябр 2018

Таниқли журналист дурадгор бўлиб ишламоқчи

Ўзбек миллий телевидениесида ўзгариш ясаган 64 яшар журналист Дадахон Ёқубов 14 сентябрь куни «Иш берувчилар учун ариза»си билан мухлисларини ҳайратга солди.

Иш стажига оид ҳужжатлари йўқолгани боис, камгина пенсия олишини ёзаркан, таниқли журналист қўлидан келадиган оддий ишларни санайди:

«Боғбонлик, дурадгорлик, пахтакорлик, қоровуллик, фаррошлик, гувала қуйиш, ўра кавлаш, чой қайнатиш, ўтинчилик…».

Айни пайтда Ёқубов «бола боқиш, савдо ишига нўноқлиги»ни, «совчилик, қуда-андачиликка» ҳам ярамаслигини эътироф этади.

«Ҳисобли дўстлар, муғомбир аёллар кўп алдашган», дея ёзади Ёқубов. Шунингдек, аризасида «иш берувчи жаноблар» уни «универсал мутахассис сифатида ишлатиши» мумкинлигини писанда қилади.

Дадахон Ёқубов 90-йилларда 24 соатлаб давом этган марафон кўрсатувлар муаллифи бўлган.

Ҳазилми ёки чин?

Дадахон Ёқубовнинг 12 банддан иборат «аризаси» Фейсбук тармоғида пайдо бўлиши билан унга кўплаб изоҳлар ва таклифлар ёғила бошлади.

Кимдир икки ойлик синов шарти билан «темирчилик»ни таклиф қилди. Кимдир иш таклифи билан чатга телефонини ёзди, яна кимдир приватга телефон рақамини ёзишини сўради

Бошқа бири эса янги очилган университетга ариза беришни маслаҳат қилди. «Шерзод Қудратхўжаевга ахир сиздек мутахассислар жуда керак-ку», дея ёзди Рашид Тўхтаров исмли юзер.

Бошқалар эса бу таклифларни тажрибали журналист устидан кулиш дея баҳолади.

«Сиз нега бу одамнинг устидан куляпсиз? Агар билсангиз, бу инсон бир замонлар ҳақ гапни сизнинг қизиган темирингиз каби иссиғида айта олгани учун бугун бекор ўтирибдилар», дея изоҳ ёзди Хайрулло Йўлдошев исмли юзер.

«Дадахон ака ҳазил қиляпдилар, нега ТВда кўринмаяпсиз? «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» биринчи рақамли кўрсатув эди-да», дея изоҳ қолдирди Омонжон Воҳиджон.

«Бу аризани Сиз бутун бир миллат номидан ёзгансиз», дея изоҳ қолдирди яна бир юзер.

«Бу сатрларни ўқиб, қўлидан иш (ёрдам бериш) келмаганидан ўкиниб кетади одам… Жамият, давлат ҳақидаги фикрларни юқоридаги комментлардан билиб олса бўлади», дея изоҳ ёзди Шавкатжон Режапов исмли яна бир юзер.

«Ажойиб. Тарихий асар бўлибди. Бировларнинг ташбеҳи дея олиб ташламанг, Дадахон ака», дея олқишлади «ариза»ни Анвар Шукуров исмли шахс.

Журналистикада портлаш қилган инсон

«Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» 80-йилларнинг энг машҳур кўрсатуви

Изоҳлар орасида иш таклифидан кўра ҳамдардлик, журналистнинг 80-йилларда яратган «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатувлари сериясини қўмсаш оҳанглари кўпроқ.

«Мен сизнинг 8 ёшли мухлисингиз эдим. Ҳозир ёшим 38 да. Оиламиз билан Наврўз байрами кунлари 24 соат узлуксиз олиб борилган муаллифлик кўрсатувингизни мароқ билан кўрардик», дея ёзди Хуршид Аҳмедов.

Тошкентлик фейсбук юзери Моҳира Султонованинг фикрлари яна ҳам жиддийроқ:

«Дадахон Ёқубов ўз даврида телевидениеда ва журналистикада ПОРТЛАШ қилган инсон эдилар. Кўрсатувларини ҳамма ишимизни ташлаб, кутиб ўтирардик. «Тошкент оқшоми» да чиқадиган мақолаларини қўлма-қўл ўқирдик. Шундай жасур, дангалчи, топиб гапирадиган, бунақа масштабда ишлаган бошқа журналистни қайтиб кўрмадик десаям бўлади…».

Гап кўп, кўмир йўқ

Дадахон Ёқубов: «Фақат бола боқишга нўноқман»

Ариза ортидан бир неча соат ичида 50 тача изоҳ қолдирилди. Изоҳ ёзувчилар орасида ҳатто тортишув ҳам бошланди.

Кимдир ишсизлик муаммосини худога солди, кимдир бугунги амалдорларни айблади, кимлардир кўзларига ёш олди…

«Ёзганларингизни ўқиб, кулай десам кула олмадим, йиғлай десам йиғлай ҳам олмадим…», дея ёзди Ғайрат Умаров.

«Агар мен қайсидир жойга бошлиқ бўлганимда сизнинг ҳақиқий инсон эканлигингиз учун ишга олардим», деди Жасмина Саъдуллаева исмли юзер.

Яна кимлардир бу гапларни Дадахон Ёқубов ёзганига шубҳа билдирди.

«Менинг ижодкор эканлигимга кам эътибор беришингизни ва ўзингизни менинг ўрнимга қўйиб кўришингизни илтимос қиламан», дея жавоб ёзди, жумладан, Дадахон Ёқубов.

Унинг изоҳларидан маълум бўлишича, нашриётлар китобларини олишмаган. Кўпчилик уни Интернет орқали ўқимоқда.

Айни пайтда унинг иш берувчилар таклифига қизиқиши ҳам йўқ эмас.

«Одамлар мени ўтмишда қандай бўлсам, шундай деб ўйлашяпти ва шундай қабул қилишяпти. Иш қидириб юриш ҳам менга ярашмади», дея изоҳлади бугунги аҳволини Дадахон Ёқубов.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
8 январ 2019
Тошкентда машиналарга қуйиладиган метан газнинг нархи 1950 сўмдан 2200 сўмга кўтарилди. Буни кўпчилик қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) олиш бошлангани ...
1 октябр 2015
29 сентябр куни ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари Елена Урлаева ва Малохат Эшонқуловалар Хоразм вилоят Хазорасп ТИИБ милиционерлари томонидан ушланган ва ...
9 сентябр 2019
«Элтуз» ҳар ҳафта ўзининг ютуб каналида Швецияда яшаётган ўзбек ошпази Дўстназар Худойназаров билан ҳамкорликда янги «Биздан жиз-з» рукнини бериб ...
23 июл 2016
Ўтган ҳафта Eltuz.com нашри Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари пахта далаларини қурт босгани ва уни қўлда териб олишга одатдагидек, Халқ ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...