Асосий мавзулар
2 октябр 2018

МИБ кўз ёшларга ишонмайди

Мажбурий ижро бюроси томонидан халқдан ундирилган триллионлаб сўм маблағнинг бир қисми аҳолининг зиммасига юкланган асоссиз қарздорлик бўлиши эҳтимоли жуда юқори.

Чунки сўнгги вақтларда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида истеъмолчилар бўйнига аксарият ҳолларда табиий газ ва электр энергиясидан фойдаланганлик учун асоссиз қарздорликлар юклангани тўғрисида кўплаб хабарлар берилмоқда.

Тўғри, бу хабарлар шу каби қарздорлик ҳақида фуқаролар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш идораларига шикоят қилганидан сўнг адолат қарор топгани тўғрисида.

Аммо ўзбек жамиятининг ўзига хос хусусиятлари эътиборга олиниб, шикоят қилмаганлар шикоят қилганлардан кўп бўлиши назарда тутилса, ундирилган триллионларнинг бир қисми аслида қарзи йўқлардан мажбуран тортиб олинган маблағлар бўлиши эҳтимолини оширади.

МИБ директори Ботир Қудратхўжаев “Халқ сўзи”га берган интервьюсида халқдан ноҳақ тортиб олинган маблағлар тўғрисида ҳеч нарса демагани табиийдир. Зеро, буни айтиб қўйганида ейилмаган сомсанинг асл қиймати ойдинлашар эди.

МИБ раҳбарининг мазкур газетага айтишича, 2017 йил июндан 2018 йил сентябргача аҳолидан коммунал хизматлар учун 29,5 триллион доллар, яъни 3,6 миллиард долларга яқин қарздорлик ундирилган.

Жумладан, электр энергияси учун 15,4 триллион сўм, табиий газ учун 13,2 триллион сўм, ичимлик сув учун қарийб 835 миллиард сўм ундирилган.

Албатта, бу қарздорликнинг ҳаммаси ҳам ноҳақ эмас. Катта қисми ҳақиқатан ҳам ундирилиши керак бўлган маблағдир.

Лекин, аввало, бунча қарздорликнинг келиб чиқиш сабаблари, омилларига эътибор қаратиш жоиз бўлади.

Бу қарздорликнинг асл сабабларидан бири мамлакатдаги оғир иқтисодий вазият боис аксарият аҳоли қўлида рўзғорни тебратишдан ортиқ маблағнинг йўқлигидир.

Иккинчи сабаб эса коммунал хизмат соҳасидаги кенг кўламдаги коррупция ҳисобланади. Минглаб ноқонуний цехлар ҳисобдан ташқари фойдаланган газ ва электр энергияси учун мазкур соҳа мутасаддилари чўнтагига қанча маблағ тушгани бугун яратганнинг ўзига аён.

Унинг бадалини эса оддий халқ тўламоқда. Чунки чўнтакка кетган маблағнинг ўрнини тўлдириш мажбурияти оддий истеъмолчилар бўйнига келиб тушмоқда.

Жорий йил бошида газ идорасига тўлов учун борган кўпчилик яна қўшимча пул тўлаши кераклигини эшитганида тепа сочи тикка бўлганини бугун кўпчилик учун сир эмас.

Гап шундаки, фойдаланилган газ учун тўловга борганлардан қўшимча тўлов талаб қилинди. Бунинг сабаби сўраб-суриштирилганида ортиқча тўловнинг аввалги тўловлар кечиктирилгани учун пеня экани айтилди.

Лекин йил давомида бир неча марта тўлов қилган истеъмолчидан нега пеня ўша вақтнинг ўзида олинмагани ҳақидаги саволлар жавобсиз қолди.

Норозилар эса юқори газ идораларига юборилди. У ердан эса “норози бўлсангиз, судга мурожаат қилинг”, деган жавоблар олинди.

Аммо истеъмолчиларнинг ҳаммаси ҳам судга мурожаат қилмагани табиий. Чунки пеня тўлаш судма суд югуриб юришдан кўра арзонроққа тушади. Қолаверса, суднинг истеъмолчи фойдасига қарор чиқариши ҳали даргумон бўлса…

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи идораларнинг бирининг ходими ўша пайтларда муаллифга шипшитишича, газ ва электрдан бу каби қарздорликлар юзасидан келадиган шикоятларни кенг ўрганиш оғзаки равишда тақиқланган. Бу ҳақдаги буйруқ МИБ томонлардан келган…

Ана шунақа гаплар. Йиғилган триллионлар халқнинг кўз ёшлари билан қоришиб ётибди.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 октябр 2016
Бош вазир ва вақтинчалик президент Шавкат Мирзиёевнинг келиши олдидан унинг йўлларига янги асфальт солиниб, гуллар ўтқазилишидан ташқари бозордаги нархлар ...
21 сентябр 2017
20 сентябр куни Россия Ҳавфсизлик Кенгаши (СБ) котиби Николай Патрушев Тошкентга келди ва Ўзбекистон Ҳавфсизлик кенгаши котиби Виктор Махмудов ...
30 июн 2016
Бугун АҚШ Давлат департаменти ўзининг одам савдосига қарши курашишга доир йиллик ҳисоботида Ўзбекистоннинг рейтингини мавжуд имкониятдан энг паст даражага – ...
30 июл 2018
1 октябрь куни Муҳаммад Бекжон 63 ёшга тўлди. «Элтуз» нашри Ўзбекистонда энг узоқ муддат қамоқда ўтирган журналист ва собиқ ...
Блоглар
14 декабр 2018
Фарғона мусиқали драма театри актрисаси Малоҳат Тоирова томошаларига қалбаки чипталар сотилганлигини фош қилгани учун ишдан ...
13 декабр 2018
Шу кунларда кўплаб нашрлар Гулнора Каримованинг Ўзбекистон ҳукуматини моддий қўллаб-қувватлаш ниятида экани ҳақида ёзишди.   Жамиятдан ...
4 декабр 2018
Ўзбекистонда Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлигини синовдан ўтказиш мақсадида ташкил этилган кенг кўламли ўқув машғулотлари ...