Cатира
31 октябр 2018

Ўқувчисини урган тошкентлик педагог жаримага тортилди

Тошкентнинг Чилонзор туманидаги мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси, 30 яшар Фарҳод Миниёзов ўз аризасига кўра ишдан бўшатилди ва суд қарори билан у бошланғич синф ўқувчисини калтаклагани учун 551.900 сўм жаримага тортилди.

Ўғлининг калтакланганини иддао қилаётган Азиза Шукурованинг «Элтуз»га билдиришича, унга суд қарори ва халқ таълими бўлими хатини 30 октябрь куни келтириб беришган.

Чилонзор тумани халқ таълими бўлими мудири Н.Сотволдиеванинг 22 октябрдаги хатида билдирилишича, Миниёзовнинг аризасига кўра «унинг 164-умумтаълим мактаби билан тузилган меҳнат шартномаси» бекор қилинган.

Чилонзор тумани маъмурий судининг 18 октябрда ўтган мажлисида жисмоний тарбия ўқитувчиси Миниёзовнинг шу мактаб ўқувчиси қорнига уриб енгил даража тан жароҳати етказганини суд тиббий текшируви натижасида аниқлаган.

Ўқувчининг онаси кўрилган чоралардан норози

Ўқувчининг онаси Азиза Шукурованинг «Элтуз»га айтишича, шу куни ўғли мактабдан келганидан сўнг тоби қочиб қолган. Лекин индамаган. Воқеа тафсилотини у шифохонага олиб борилганидан кейингина онасига айтиб беришга мажбур бўлган.

Шукурова, шунингдек, «Элтуз» нашрига Миниёзов ўқувчиларга нисбатан илгари ҳам муттасил шундай ҳаракатлар содир қилиб келгани ва бундан кўпчилик ота-оналар норози эканини билдирди.

Айни пайтда Шукурова болани калтаклаган ўқитувчининг арзимаган жарима билан ва ўз аризасига кўра ишдан бўшатилишидан норози эканлигини айтди.

«Мен ҳозир халқ таълими бўлимига яна арз қилмоқчиман, Миниёзовни аризаси билан бўшатиш нотўғри. Уч ЭКИҲ жарима бор-йўғи 50 доллар бўларкан. Лекин бу ерда болани даволатишим учун кетган харажатлар ва менга товон пули тўланиши кўрсатилмаган», деди у «Элтуз» билан суҳбатида.

Шукурова, шунингдек, биттаю битта арзанда ўғлини ёлғиз она сифатида тарбиялаётганини айтди.

Ўқитувчининг обрўси қолмади

Айни пайтда «Элтуз» нашрига интервью берган Фарҳод Миниёзов болани урмагани, балки тўполон қилгани учун 20 марта ўтириб туришга буюрганини билдирди. Шу можародан кейин ўз аризаси билан ишдан бўшагани маълум қилди.

«Бугунги кунда ўқитувчининг ўқувчи олдида бир пуллик обрўси қолмади. Аслида ота-оналар мактабнинг ички тартиб-қоидаларига бўйсунишлари керак. Лекин улар ўқитувчига энг паст табақадаги шахс каби қарашади», деди Миниёзов.

Унинг сўзларига кўра, у 40 нафар ўқувчи билан машғулотлар ўтказиб келган. Айрим ўқувчилар шўхлик қилиб, ўқитувчисидан дакки эшитиши билан дарров ота-онасини мактабга етаклаб келишади.

«Уларга гап кор қилмайди. Оқибат таълим тизимида эркак ўқитувчилар етишмаслиги юзага келади», дейди ўз касбидан ҳафсаласи пир бўлган Миниёзов.

Бугунги Ўзбекистонда баъзан ўқувчиларнинг ўзлари мактаб ўқитувчиларини таҳқирлашгани, калтаклагани ҳолатлари ҳам рўй бермоқда.

Жумладан, 24 октябрь куни 160-мактаб ўқувчиси дарс пайтида физика ўқитувчисини уриб, бурнини синдиргани ҳақида «Озодлик» радиоси хабар берган эди.

Шунингдек, «Элтуз» нашри шу йилнинг июлида талабалари томонидан калтакланган Наманган муҳандислик технология институтининг собиқ домласи Сирожиддин Ашуровнинг видеомурожаатини эълон қилганди.

Болаларнинг калтакланиши – Ўзбекистонда тарқалган холат

Ўзбекистон таълим тизимида ўқитувчиларнинг мактаб ўқувчиларини, талабаларни уриши янгилик эмас.

Масалан, коллеж ўқувчисини кавуши билан урган урганчлик ўқитувчи Зебо Нафасова 2018 йилнинг 14 апрель куни ишдан бўшатилганди.

2017 йилнинг 16 мартида эса бошланғич синф ўқувчиларини ўқув қуроли билан уриб ҳақорат қилган фарғоналик ўқитувчи ҳам ишдан ҳайдалди.

Бу икки ҳолат бўйича практикантлар олган видео ижтимоий тармоққа қўйилиб овоза бўлганидан сўнг чора кўрилган эди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 декабр 2017
9 декабрдан Тошкент шаҳридаги умумий овқатланиш шохобчаларини табиий газ тармоғидан бутунлай узиш бошланди. Газ идораси назоратчилари кафема-кафе юриб, уларнинг ...
24 январ 2020
Президент Мирзиёев 2020 йилни «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили», деб эълон қилди. Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлиснинг Сенати ...
13 декабр 2021
Тармоқда маҳаллий ҳокимнинг буғдой режасини бажармаган ҳудуд раҳбарларини сўкаëтгани ёзилган аудиоси тарқалди. «Элтуз» бу аудиодаги сўконғич мулозим Хоразм вилояти ...
12 ноябр 2020
Сайловда ғалаба қозонган Жо Байден AҚШнинг навбатдаги президенти бўлди. Амалдаги президент Дональд Трамп мағлубиятини тан олишдан бош тортиб, кўплаб қонунбузарликлар ва ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...