Асосий мавзулар
3 декабр 2018

“Ғўддайганлар”дан қолган вайроналар

Мана бу расмларда кўриб турганингиз Суриянинг Идлиб ёхуд Ҳалаб шаҳарларидаги биноларнинг эмас, Ўзбекистон Республикаси Навойи вилояти Хатирчи тумани Лангар қишлоғидаги гранит конига қарашли завод ва фабрикалар вайроналаридир.

Вайрон қилинган гастроном

Бир пайтлар гуллаб-яшнаган бу корхона ИШИД жангариларининг бомбардимони туфайли эмас, погонли “террорист”ларнинг хуружи натижасида шу аҳволга келиб қолган.

Лангардаги мактаб ўрнидаги харобалари

Тиллардан тушмайдиган мусаффо осмоннинг тагида ошкора содир этилган талончиликка қарши курашаётган Мамаёқуб Ҳамроев ушбу корхонанинг собиқ раҳбари. Қувғиндаги раҳбари. Чунки Мамаёқуб Ҳамроев бугунги кунда Навойи вилояти прокуратурасининг ташаббуси билан бир йилу 10 ойга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Погонли “қароқчи”лар билан “жанг” тарихи

“Ғўддайган”лар ва М.Ҳамроев ўртасидаги “жанг” 2001 йилдан бери давом этиб келмоқда. Шу йили Мамаёқуб Ҳамроев “Лангар” очиқ акциядорлик жамиятига раҳбар этиб тайинланган. “Мен келганимда корхонада 320 киши ишлар эди”, – дейди М. Ҳамроев.

Унинг айтишича, ўртадаги зиддият ОАЖнинг очиқ савдога чиқарилган акциялари юзасидан пайдо бўлган.

Гап шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 15 мартадаги қарорига кўра, ушбу корхонанинг давлатга тегишли бўлган 25% акцияси очиқ савдога қўйилган.

“Бу акциялар аслида заводнинг ишчи-ходимлари ва Лангар қишлоғида истиқомат қилувчилар олиши учун очиқ савдога чиқарилиши лозим эди. Аммо ушбу акцияларни кимларнингдир буюртмаси билан «очиқ сотувга қўйилди» ниқоби остида яширинча сотиб юбормоқчи бўлишган эди. Бундан хабар топиб қолиб зудлик билан ҳаракатларни бошлаб юбордик ва очиқ ким ошди савдода қатнашиш мақсадида хат билан чиқдик. Лекин амалда завод ишчи-ходимлари ва лангарликлар савдога қўйилмади. Аукционнинг ўзи қачон ва қаерда ўтказилиши эълон ҳам қилинмади. Кейинчалик маълум бўлишича, ушбу акциялар яширин аукционда “Nur Qurilish Savdo” фирмасига олиб берилган экан”, – дейди Мамаёқуб Ҳамроев.

Унинг айтишича, “Nur Qurilish Savdo” фирмаси Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Бўритош Мустафоевнинг жияни Муродулло Қуролов назоратида фаолият юритган.

“Ҳа, бу ўша Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари, дабдабали тўй ўтказгани учун ишдан олиниб, ҳукумат нашрларида сазойи қилинган Муродулло Қуроловдир”, – дейди Мамаёқуб Ҳамроев «Элтуз» нашри мухбирига.

“Лангар” ОАЖ раҳбари, бош муҳандиси ва кузатув кенгаши аъзолари адолат сўраб Ўзбекистон Давлат мулк қўмитасига ва бошқа идораларга мурожаат қилишади. Лекин идоралар ошкора талончиликни кўриб, кўрмаганликка олишади.

“Завод ишчилари ва лангарликлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини ва акцияларини талаб қилавергач, 2001 йилнинг декабрь ойида менга Муродулло Қуроловнинг ўзи телефон қилиб, “Лангар” ОАЖни кўтариш учун шу ерда қўшма корхона тузишни таклиф қилди. У киши хорижий инвестор сифатида Россиянинг “ГранитСавстрой” фирмасини таклиф қилди”, – дея ҳикоя қилади М. Ҳамроев.

“Лангар” ОАЖ раҳбари бўлажак шерикни ўрганишини айтганда М.Қуролов бу ташаббусга қарши чиққан. “Қуролов бу ташаббусимга нега қарши чиққанининг сабабини кейин билдим: “ГранитСавстрой” МЧЖ Москвада ҳам, Россияда ҳам рўйхатга олинмаган экан. Бу корхона фақат бир ойдан кейин, аниқроғи, 2002 йил 31 январь куни Москва вилояти Железнодорожний шаҳрида рўйхатга олинган. Қизиғи шундаки, корхонанинг низом жамғармаси атиги 10 минг рубль (шу пайтдаги расмий курс бўйича 300 доллар – !) бўлган. Яъни М.Қуролов менга ҳали ташкил этилмаган фирмани шерикликка таклиф қилган. Мен у таклиф қилган фирмани ўрганишимни айтишим биланоқ дарров атиги 400 доллар сарфлаб рўйхатга олишган”, – дейди “Лангар” ОАЖнинг қувғиндаги собиқ раҳбари.

Мамаёқуб Ҳамроевнинг айтишича, у раҳбар бўлиб келгунича “Лангар” ОАЖнинг асосий воситалари қиймати СССР замонидан буён атайлаб қайта бахоланмай келинган. Натижада унинг баланс қиймати саккиз ярим миллион сўм баҳосида қолиб келган. “Қўшма корхона тузмоқчи бўлган Муродулло Қуроловнинг кескин қаршиликларига қарамай, биз Мулк қўмитаси Навоий вилояти бошқармасига хат билан мурожаат қилиб, асосий воситалар қийматини 152 минг АҚШ долларига кўтардик. Бу эса сўм ҳисобида қарийиб 117 миллион эди”, – дейди М.Ҳамроев.

Лангарликларнинг бу ҳаракатларидан дарғазаб бўлган Муродулло Қуролов “Лангар” ОАЖ раҳбари М.Ҳамроевга қарши ҳар хил туҳматлар уюштира бошлайди. Корхона раҳбари шубҳали ва номаълум хорижий фирма билан қўшма корхона тузишга тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатавергач, 2002 йил март ойида прокуратура идоралари “Лангар” ОАЖга текширувчилар “десант”ини ташлашади. Текширувга расмий баҳона сифатида заводда бир кун ҳам ишламаган хатирчилик Мамадёр Хайриевнинг (Муродулло Қуроловнинг дўсти) республика Бош прокуратурасига ёзган туҳмат аризасини асос қилиб олишади. Аризада ёзилишича, гўёки корхона омборидан 300 кубометр гранит блоклари ҳамда 600 тоннадан ортиқ кварц далашпати ўғирланган эмиш.

Аризада келтирилган важлар гарчи ўз тасдиғини топмаган бўлса-да, Хатирчи тумани прокурори ёрдамчиси Самандар Остонов корхона раҳбари Мамаёқуб Ҳамроев ва бош ҳисобчи Раҳмат Сафаровни 2002 йилнинг 9 апрелидан то 28 августигача (беш ой мобайнида – !) тергов қилиб, ўз идорасида ҳар куни эрталаб соат 09.00 дан 23.00-24.00 ларгача, айрим ҳолларда тонгги 02.00-03.00 ларгача олиб ўтирган.

“Булар нега ишга алоқаси йўқ ва бемаъни саволлар бериб, мени эрталабдан ярим тунгача ўз идораларида олиб ўтирганини августнинг охирида билиб қолдим”, – деди М.Ҳамроев ва “ғўддайган”ларнинг бошқа фириблари ҳақида ҳикоя қилиб берди.

“Ғўддайган”ларнинг навбатдаги қаллобликлари

2002 йил 26 июнь куни, яъни корхона раҳбари М.Ҳамроев терговда ушлаб турилган пайтда, ҳали ташкил қилинмаган “Lyangar-UzRos” қўшма корхонасида Муродулло Қуролов томонидан зудлик билан йиғилиш уюштирилади. Йиғилишда “Лангар” ОАЖнинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари (ҳали ташкил қилинмаган, мавжуд бўлмаган (!) “Lyangar-UzRos” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонасига ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилинади.

Бундан ташқари, Мамаёқуб Ҳамроевнинг терговда ушлаб турилганидан фойдаланган “товламачи-фирибгарлар”лар 2002 йил 5 июль куни умумий йиғилиш баённомаси билан “Лангар” ОАЖнинг барча мол-мулкини ҲАЛИ ТАШКИЛ ҚИЛИНМАГАН (расман МАВЖУД БЎЛМАГАН (!) “Lyangar-UzRos” қўшма корхонасига ўтказишган.

“Lyangar-UzRos” қўшма корхонаси номининг олдида “ҲАЛИ ТАШКИЛ ҚИЛИНМАГАН” ва “МАВЖУД БЎЛМАГАН” сўзлари бекорга катта ҳарфлар билан ёзилаётгани йўқ. Чунки ушбу қўшма корхонани ташкил қилиш ҳақидаги қарор Навоий вилояти адлия бошқармасида роппа-роса ИККИ ОЙДАН КЕЙИН – 2002 йил 28 августда (!!!) Насриддин Даминов томонидан қабул қилинган. Қонун талаблари қўпол равишда бузилиб, Россия томонидан бирор цент маблағ ёки ускуналар тақдим қилинмасдан, ҳаттоки бирон бир варақ ҳужжат ҳам илова қилинмасдан, сохта қўшма корхона давлат руйхатидан ўтказиб юборилади.

Юридик институтда 5 йил ўқиб, адлия бошқармаси ва прокуратура идораларига ишга кирган мутасаддилар бундай қаллобликларни кўргиси келмайди ва барча ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиб беришади.

“Задним числом” билан ишлашга ўрганган “ғўддайган”лар

Мамаёқуб Ҳамроев томонидан тақдим қилинган ҳужжатларга кўра, “Lyangar-UzRos” сохта қўшма корхонаси Лангар конига амалда ҳалигача бир центлик пул ҳам сарфламаган, ускуна ҳам олиб кирмаган. Амалда бу “қўшма корхона” Лангарда ишлаб турган ва 300 дан ортиқ одамни иш билан таъминлаб турган завод ва фабрикаларни талон-тарож қилиш учун ташкил қилинган ҳамда қоғозларда Ўзбекистонга инвестор сифатида олиб кирилган.

М.Ҳамроевнинг айтишича, “Лангар” конини талаган қаллоб ва фирибгарлар кон мулкини гаровга қўйиб, банкдан кредит олишга ҳам улгуришган. Хусусан, 2004 йилда республика «Саноатқурилишбанк»идан 1 миллион 720 минг евро олинган ва ҳанузгача қайтарилмаган. Бу кредитга 1 миллион 720 минг евро турадиган ускуна эмас, амалда атиги 300-400 минг евро турадиган ускуна олиб келинган. Қолган 1 миллион 320 минг евро миқдоридаги маблағ ўзлаштириб юборилган.

“Лангар” ОАЖ қувғиндаги раҳбарининг билдиришича, “ғўддайган”лар ҳали ҳам ўз қаллобликлари ва туҳматларини давом эттиришмоқда. “Тасаввур қилинг: мен корхонага 2001 февраль ойида раҳбар бўлиб борган бўлсам, прокурорлар мени корхонанинг 1999 йилдаги кредит шартномаси нотўғри тузилганлиги бўйича ҳам тергаб ётишибди. Мендан олдинги раҳбар тузган шартнома бўйича ҳам мен жавоб беришим керакми?!” – дейди М.Ҳамроев.

Гап шундаки, 1999 йилда “Лангар” ОАЖнинг ўша пайтдаги раҳбарияти Миллий банкдан 1 миллион 24 минг доллар миқдорида кредит олган. Кейинчалик Италиянинг “Roweroy-Ltd” фирмасидан амалда 300 минг доллар турадиган эскирган ускуна атайлаб юқори нархда – 1 миллион 24 минг долларга сотиб олинган.

“Мен 2001 йилда корхонага келишим биланоқ, эски ускуналар қиммат нархларда сотиб олинганлиги ҳақида далолатнома тузиб, “Ўзқурилишматериаллари” уюшмасига, Миллий банкка, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига ва Навоий вилояти ҳокимлигига шикоят ёзганман. Бироқ шикоятларим жавобсиз қолдирилган. Энди эса “ғўддайган”лар айнан мен шикоятларимда кўрсатиб ўтган камчиликлар ва талон-тарожликлар бўйича ўзимни айблашиб туришибди. Ваҳоланки, мен контракт тузилиб, банк кредити ўтказиб бўлинганидан икки йил ўтиб “ЛАНГАР” ОАЖга ишга борганман”, – дейди М.Ҳамроев.

17 йиллик талончилик ва таъқиб ҳанузгача тугамаяпти!

“Очофатлар ҳеч тўймас экан-эй!” – дейди М.Ҳамроев. Унинг айтишича, корхона мулкини гаровга қўйиб миллионлаб долларларни қарзга олиб, эскирган ва арзон ускуналарни сувтекинга келтириб, катта маблағларни ўзлаштирганлари етмагандек, очофат кимсалар олган қарзларини ҳам ҳанузгача қайтаришмаган. Икки-уч марталаб кредит олиб, кредитини қайтара олмаган корхонанинг янги қарз олиш имкониятлари тўлиқ йўққа чиқарилгач, прокурорлар ва уларнинг “тадбиркор” ниқобидаги югурдаклари корхонанинг гаровга қўйилган ускуналарини талон-тарож қилишга ўтишган.

Бир вақтлар саноат маркази бўлган жой харобалари

“Масалан, 2017 йил октябрь ойида Муродулло Қуролов ва унинг шериклари Лангар конига қарашли бўлган 420 минг долларлик тош кесиш заводини (биноларини, ускуналарини, эшик-деразаларини) таг-туби билан бузиб, олиб кетишди. Навоий вилояти прокурори Хидир Каримов талончиликка ҳеч қандай қаршилик кўрсатмади. Унинг рухсатисиз Лангардаги охирги заводни талашга кимнинг ҳадди сиғарди?” – дейди М.Ҳамроев.

“Советлар даврида Кремль ҳам юртимизни бунчалик таламаган бўлса керак. Мусаффо осмон тагидаги погонли “террорист”лар бир пайтлар гуллаб-яшнаган корхонадан нима қолдиришганини бир кўринг!” – дея афсус чекади “Лангар” ОАЖнинг собиқ раҳбари ва корхонадан қолган вайроналарнинг суратларини кўрсатади.

Бугунги кунда улкан гигант ташкилот бўлган Лангар конининг завод ва фабрикалари, мактаб ва боғчалари, қолаверса, аҳоли яшайдиган уй-жойлар пойдеворларигача тўлиқ бузилиб, олиб кетилган. Ҳаттоки ер остидаги ўнлаб километрли кабеллар, аҳолини сув билан таъминлайдиган катта диамертли 14 километрлик сув қувурлари насос станциялари билан биргаликда қўпориб олиб кетилган.

Унинг сўзларига кўра, Муродулло Қуролов ва шерикларининг йўриғидаги Навоий вилояти прокуратура ва суд идоралари “Лангар” ОАЖнинг собиқ раҳбарини қамоққа тиқиш ишларига қаттиқ бел боғлашган. “Корхона атрофида ўралашиб юрган “ғўддайган”лардан бири: “Мамаёқуб Ҳамроевни қаматмасак, бизга тинчлик йўқ!” – дебди. Шу боис Навоий вилояти прокуратураси корхонадаги 2002 йилдаги маошлар бўйича қарздорлик қолиб кетгани учун мени қамашни талаб қилиб ётибди”, – дейди М.Ҳамроев.

Унинг сўзларига кўра, 2002 йилда вилоят прокуратураси “Лангар” ОАЖ раҳбарини беш ой мобайнида (апрельдан сентябрьгача) туну кун терговда ушлаб турган, ишга бориб, корхонага раҳбарлик қилишига йўл қўймаган. Ана шу пайтда корхонадаги 320 кишидан 80 нафар ишчининг маошлари тўланмай қолиб кетган. Навоий вилояти прокурори Ҳидир Каримов: “Шу 80 кишининг маошлари нега тўланмаган?” – деган саволни М.Ҳамроевга қарши жиноят ишига айлантирган.

“Биринчидан, мен у пайтда терговда бўлганман. Прокуратура мени тинмасдан терговга чақиравериб, ишга боришимга, корхонага раҳбарлик қилишимга, корхона маҳсулотини сотиб, корхонага пул туширишимга, ишчиларга маош топиб беришимга йўл қўймаса, ўша 80 кишининг маошидан қарздорлик юзага келади-да! Бу қарздорликнинг бош сабабчиси айнан вилоят прокуратурасидир. Иккинчидан, мен терговда бўлган ўша беш ой ичида “Лангар” ОАЖнинг барча ҳақ-ҳуқуқлари ва мол-мулки менинг имзоимсиз ва рухсатимсиз ҲАЛИ ТАШКИЛ ҚИЛИНМАГАН “Lyangar-UzRos”сохта қўшма корхонасига ўтказиб юборилган. Демак, бу қарздорликни ҳам ўша қўшма корхона ёпиши керак эмасмиди? Бу қарздорлик бўйича барча саволлар менга эмас, сохта қўшма корхона раҳбарларига берилиши керак эмасмиди?!” – дея ҳақли савол беради М.Ҳамроев.

Таъқибдаги собиқ раҳбарнинг айтишича, шу йилнинг ўзида Навоий вилояти прокурори Ҳидир Каримов жиноят ишлари бўйича вилоят судига икки марта протест киритиб, М.Ҳамроевни бир йилу 10 ойга озодликдан маҳрум қилишни сўраган. “Ғўддайган» жанобнинг бир протести қаноатлантирилмаса, у иккинчисини ёзган. Иккинчисида ҳам М.Ҳамроевни озодликдан маҳрум қилиш зарурлигини асослаб бера олмаган.

Ғўддайган “жангари”лар хуружидан олдинги Лангар

Мана бу расмларда Лангар конига тегишли завод ва фабрикаларнинг погонли “террорист”ларнинг қўлларига ўтишдан аввалги ҳолати акс этган.

«Лангар ота» қишлоғининг аввалги сурати

1940-60 йилларда Совет Иттифоқи Геология қўмитаси томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, Лангар конида бир миллион кубометрдан ортиқ гранит бор. Мармар ва гранит тошларини қазиб олиш, уларни плита ҳолига келтиришга ва сотишга ихтисослашган “Лангар” завод ва фабрикалари 1941 йилда ташкил қилинган. 80-йилларнинг бошида кон ишчиларининг ойлик маоши 500-600 рубль бўлган. 1991 йилда, мустақиллик арафасида корхона ҳисобида 7 миллион рубль миқдорида маблағи бўлган.

Бу корхона мустақиллик йилларида “Лангар” очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилган. Корхонанинг кредит олишга ҳеч қандай эҳтиёжи бўлмаган. Лекин “Лангар” ОАЖга хўжайин бўлиб келган прокурорлар керак бўлмаса ҳам корхона мулкини гаровга қўйиб, кредит олишган ва олинган кредитни бошқа мақсадларда ўзлаштиришган.

“Лангар”ни реанимация қилмоқчиман!”

Мамаёқуб Ҳамроев бир умр кончилик соҳасида ишлаб келган. У гранит кончилиги соҳасининг етук мутахассиси сифатида Лангар конига қарашли завод ва фабрикаларни қайта тирилтириш мумкинлигига қаттиқ ишонади. “Талончиларни топиб, улардан корхона мулкини ва корхона учун олинган миллион-миллион долларли кредитларни корхонага қайтаришни талаб қилиш керак. Ўғриларга қонуний жазо тайинлаш керак”, – дейди “Лангар” ОАЖнинг собиқ раҳбари. Унинг айтишича, шу бугунги, ниҳоятда таланган вайроналар негизида ҳам янгидан корхона ташкил қилиб, лоақал 100 та иш ўрни яратишга ишончи комил.

Лангардаги фабрика

“Мен корхонани нольдан бўлса ҳам қайта юрғизиш учун жон куйдиряпман. Ишлаб турган ажойиб бир корхона кўз ўнгимда таланди. Бунинг натижасида Лангар қўрғонидаги мактабу боғчалар, бозору дўконлар ҳам вайрон қилинди. Лангарда истиқомат қилувчи 3 минг киши ҳам бу талончиликдан норози. Корхона оёққа туриб кетса, қўрғон аҳолисига ҳам яхши бўлади”, – дейди М.Ҳамроев.

“Лангар” ОАЖ раҳбари унинг аризаю шикоятлари юқори идораларда кўрилмаётганидан, мутасаддилар унинг додига бефарқ бўлаётганидан хафа. “Гоҳида Навоий вилояти прокурори Хидир Каримовга тиши ўтадиган амалдор Ўзбекистонда йўқ бўлса керак, деб қоламан. Тўғри-да, 17 йилдан бери адолат излаб, мурожаат қилмаган идорам қолмади. Лекин шикоятларим жавобсиз қолгани етмагандек, мана энди ўзимни қамоққа тиқишмоқчи!” – дея хўрсинади М.Ҳамроев.

Сўнгсўз ўрнида

Ушбу мақола бошида Лангар заводидан қолган вайроналар акс этган суратлар жойлаштирилган эди. Мана бу суратда эса Лангарни талашга бошчилик қилган Муродулло Қуроловнинг уйи акс этган.

Мамаёқуб Ҳамроевнинг ҳикоясидан кейин: “Мамлакатни вайрон қилиш учун уруш бўлиши шарт эмас. Бунинг учун оддий порахўрлик, талончилик ва адолатсизликнинг ўзи кифоя”, – деган хулосага келса бўлади.

Қирғинбарот урушлар бўлаётган ўлкалардан сохта устунликни кўрсатиш учун Ўзбекистонда тинмасдан: “Мусаффо осмон!”, “Зато тинчлик!” – деб томоқ йиртилди. Лекин шунинг баробарида Ўзбекистонда ҳам халқ мулки талон-тарож қилинди, ишлаб турган завод ва фабрикалар, биною йўллар вайроналарга айлантирилди.

Оддий халқ “соқолли террорист”лар хатаридан тинмай қўрқитилди. Лекин мусаффо осмоннинг тагида “погонли террорист”лар ҳам борлиги ҳақида бонг урилмади, уларга қарши курашилмади. Натижа нима бўлди?

Натижа шу бўлдики, ғўддайган “жангари”лар улкан завод ва фабрикаларни талашди. Навойи вилояти Хатирчи туманидаги Лангар конидаги корхоналарни бомбаларсиз вайронага айлантиришди. Лангарга қисматдош завод ва фабрикалар Ўзбекистонда талайгина.

Мамлакат равнақи учун биргина тинчликнинг ўзи кифоя эмас. Бунинг учун мамлакатда, энг аввало, АДОЛАТ таъминланиши керак. АДОЛАТни таъминлаш эса ҳамиша ҳукумат ва давлатнинг қўлидадир. АДОЛАТ таъминотидан энг биринчи фойда кўрадиган томонлар – ҳукумат ва давлат. АДОЛАТСИЗЛИКдан энг биринчи зарар кўрадиган томонлар ҳам – ҳукумат ва давлат.

Элбарсхон Валиев,
тошкентлик муаллиф тахаллуси

Тағин ўқинг
28 феврал 2018
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ раиси, қўли узун Рустам Иноятовнинг ўғлига тегишли кўчмас мулклар ҳақида Open Source Investigations (OSI) ...
23 октябр 2017
Совет Ўзбекистонини узоқ йиллар бошқарган Шароф Рашидов шахсига ҳар хил баҳо бериш мумкин. Кимдир уни республикани руслаштириш, пахта монополиясини ...
30 март 2017
Андижонда кўпчилик оилалар кредитга олган товуқларини қайтариб бермоқда. Юзта товуқ боқишга қизиқиб кўрган андижонлик С.Хайдаровнинг айтишича, одамларга берилаётган товуқларнинг ...
31 май 2018
Шўролар ҳукуматининг кескин сиёсати, аҳолининг хусусий мулки, чорва молларини тортиб олиб, кўчманчи халқларни мажбуран ўтроқлаштириш, колхозлаштириш ҳаракатлари оқибати ўлароқ, ...
Блоглар
18 декабр 2018
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жойлардаги ўз қўл остидаги раҳбарларга хат йўллаб, бир неча талабларни ...
18 декабр 2018
Бундан роппа роса 32 йил олдин 1986 йилнинг 17-18 декабрь куни Совет раҳбарияти Олмаота ëшларининг ...
14 декабр 2018
Фарғона мусиқали драма театри актрисаси Малоҳат Тоирова томошаларига қалбаки чипталар сотилганлигини фош қилгани учун ишдан ...