Кўзқараш
7 октябр 2015

Бегона қўлларга ўтган шаҳар

Қудрат Бобожон
www.eltuz.com

Кеча тушимга Шукрулло домла кирибди. У киши билан ҳаётда фақат бир марта мулоқот қилганман. У ҳам бўлса 1988 йилги сайловлар пайти. У пайтлар ҳали ёш, Тошкентдаги бир гуруҳ талабалар билан шаҳарда Муҳаммад Солиҳнинг сайловолди тарғиботини олиб борардик.

Талабалар билан шаҳарни бўлиб олгандик. Қиладиган ишимиз эрталаб саҳар бир пақир елим олиб, симёғочларга варақа ёпиштириш, кейин пақирни кафедрада қолдириб, лекция ва машғулотларга кириш эди.

Дарсдан кейин тағин “Муҳаммад Солиҳга овоз беринг!” деган ёзувли майкаларни кийиб, варақа ва мегафонлар билан шаҳарнинг гавжум жойлари, бозорлари, стадионларига йўл олардик.

Бу чоллар ёмон чоллар…

Гуруҳимиз тўртга бўлинган, бизга хатланган ҳудуд Тошкентнинг Олмазор маҳалласидан ўтар, навбатдаги кичик митинг, ўша ердаги чойхонага белгиланганди.

Чойхонада қари қартанг, хотин халаждан иборат анча одам йиғилган, улар аввал менинг нутқимни, кейин Асқар исмли тошкентлик йигитимизнинг “…и с этим будет еще один удар по бастионам бюрократии!” деган оташин жумлалар билан якунланадиган русча прокламациясини, шундан сўнг миллий озодлик руҳидаги Ёрқинойнинг шеърларини тинглашлари керак, кейин навбат савол жавобларга қоларди.

Ўшанда мени қаттиқ саволларга тутган ҳам адиб Шукрулло домла ва унинг атрофидаги қитмир чоллар бўлди. У кишини танимасдим. Саволлари билан бир неча бор мени боши берк кўчага олиб кириб тиққанидан кейин, асабийлаша бошладим.

“Козёллар”нинг маҳалласи…

Сўнг Шукрулло ака мени секин четга тортди. “Сени синаб кўрдик, отангга раҳмат. Кўриб ол, мана шу маҳалла, анаву ҳудуд, у ёғи эски шаҳар, чорсу, кўкча… сира ташвиқотга муҳтожмас, бу ерда шусиз ҳам Солиҳга овоз беришади. Сизлар бир кўча нарига ўтинглар, ўша ерда ҳақиқий рақибларингни топасизлар. Агар уларни енгсангизлар шаҳарда сизларнинг тенгингиз бўлмайди”.

У кўрсатган кўчалар ҳақиқатан овлоқ, ёқимсиз, миллий шуури йўқ одамлар яшайдиган маҳаллалар эди. Биринчи симёғочга варақа ёпиштиришимиз билан изимизга одам тушди. Ўша жойдаги бозорча олдида митинг бошлашимиз биланоқ, сариқ Нива машинада милиция учиб келди.

Одатда бундай пайтда, варақалар ва мегафонларимизни митингдаги оддий халққа ишониб топширар, уларни сўзсиз штабимизга элтиб топширишларига ишонардик. Аммо бу ерлик одамлар биздан ўзларини олиб қочишар, қандайдир бизга бегона одамлар эди.

Юзтадан ортиқ варақа қўлимда қолди. Ҳайрият мегафон қочишга улгурган Асқарда кетди. Бир сумка варақа билан Ёрқиной ҳам ғойиб бўлди. Қўлга тушган мен бўлдим…

Милициядагилар ҳам одам

Балки бу гаплар бугунга тўғри келмас, бироқ, “Нива”даги тўрт нафар милиционер йигитлар кўзимга анча одамшаванда кўринишди. Рация орқали мени ушлашгани ҳақида хабар бергач, каттароғи, бу маҳаллага нимага “адашиб кириб” қолганимни суриштирди.

Кейин машинани четроқда тўхтатиб, “Гап бундай, қўлингдаги варақаларнинг керагидан ортиғини яширишимиз керак. Шунда сенинг шахсингни аниқлаш учун фақат икки соатгача бўлинмада ушлашга ҳаққимиз бўлади”.

Бўлинмада миллати ўрис милиция майори мени тергов қилган бўлди. Ёнимдан 15 тача варақа чиққанини протоколга тиркаб соатига қаради ва менинг кетишим мумкинлигини айтди.

Навбатчиликда ўтирган, мени олиб келган милиционер эса чиқаверишда сақлаб берган қўйнидаги бир даста варақани қўлимга тутқазаркан, варақаларнинг бир қисми шахсий таркиб орасида қўлма қўл бўлиб кетганини айтди. “Бояги козёлларнинг маҳалласига бошқа кирманглар” дея шипшиди.

Шундан буён домла айтган маҳаллаларда биз ортиқ ташвиқот олиб бормадик. Ўзбекистондаги мухолифат ҳаракати ҳам, кўзга кўринган беш олти сиёсатчининг тортишуви билан давом этди. Мухолифатга ёв овлоқ маҳаллалар эса кўпайгандан кўпайди…

Куни билан ўйланиб юрдим. Балки устоз Шукрулло тушимга бежиз кирмагандир. У киши ҳам балки Тошкентнинг биз кетганимиздан кейин янада кенгайган овлоқ маҳаллаларидан бирида энди ёлғиз қолгандир…

 

Тағин ўқинг
10 феврал 2024
Аксилкоррупсия хизматининг 43 ёшдаги генерал-лейтенанти Ўлжас Бектеновнинг Қозоғистон бош вазири этиб тайинланиши, шубҳасиз, унинг постсовет тарихидаги муҳим воқеадир, дея ...
4 феврал 2019
ТИВнинг собиқ мулозими Алишер Таксанов январь охирида Венесуэлада бошланган воқеаларни Ўзбекистонга қиёслаб ёзган шеърини фейсбукда эълон қилди. «Элтуз» таҳририяти ...
31 январ 2022
Туркияда исломий экстремистлар билан яқин  алоқага эга ўзбек томонидан бошқариладиган жиноий тармоқ турли давлатларнинг паспортлари ниқоби остида 15 000 долларгача ...
10 апрел 2021
Faloniy o‘ylar: nechun Tomni bosdi tog‘dek qor. Bir nayrang yetgan ko‘kka, Amerika aybdor. Sigir qochmas buqadan, Bolalar ayronga zor. ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...