Асосий мавзулар
21 март 2019

21 март – Наврўз, ўзгаришлар фаслининг бошланиши!

Шарқнинг кўпгина мамлакатларида Наврўз байрами сифатида нишонланадиган 21 март йилнинг кун ва тун тенг келувчи санаси ҳамдир.

Бу кун балки жамият ҳаётидаги зиддиятлар, тарозининг қарама-қарши томонлари ҳам қайсидир маънода тенглашадиган, сиёсий чорраҳалар кесишадиган кундир. Яна билмадим. Бироқ 1985 йилнинг 21 марти Ўзбекистон тарихидаги ана шундай бир кун бўлди.

Марказқўм раҳбари Раъно Абдуллаева тамсил қилган мавжуд ўзбек ҳукумати Наврўзни йўқ қилмоқчи бўлди, охир-оқибат ўзига қарши жиддий бир куч – мухолиф ўзбек ёшларини майдонга чиқарди.

Тақдир тақозоси билан айни Наврўз куни – 21 мартда туғилган замонасоз шоир Абдулла Орипов ўша пайтда коммунист Раъно Абдуллаева сиёсатини ёқларкан, миллий ғояларни кўтариб чиққан ёшларга бундай танбеҳ берганини кўпчилик эслайди:

«Бу ёшларга нима керак ўзи, нима исташяпти, Ленин бобомиз ўрнидан туриб таъзим қилсинми ёки атом бомбасининг кнопкасини берайликми, астағфуруллоҳ!»

Муҳаммад Солиҳнинг “Йўлнома” китобига кирган “Амазон хотин” деб аталган бобда марказқўм котибаси Раъно Абдуллаеванинг Наврўз байрамига қарши хуружи ҳақида гап боради.

“Бу шоир Абдуллаевага сўнггигача садоқат билан хизмат қилди. Ҳатто марказқўм котибининг Наврўз байрамига қарши юритган ташвиқоти доирасида Наврўз кунини «Хотира куни» деб шеърлар ҳам битди.

Лекин қўмпартиянинг Наврўзга қаршилиги бир кун ҳам яшамади, у қўзғалишлар, уйғонишлар даври учун хамиртуруш бўлиб хизмат қилди.

“Ёшлар Абдуллаева сиёсатига очиқ қарши чиқдилар. Бу қаршилик аввал чойхона гурунглари ва мажлисларда, сал кейинроқ, 1985 йил январида «Политбюрога мактуб» шаклида кўринди”, дея эслайди Муҳаммад Солиҳ.

Наврўзга тақиқ солишга уриниш суронли даврларнинг ибтидоси ўлароқ тезгина ўтди ва кейинчалик Абдулла Орипов 1988 йили афсус билан қуйидаги сатрларни битди.

Сен бизни кечиргин, эй Наврўзимиз,
Ғафлатда чалғиди ул кун кўзимиз.
Юзингга шапалоқ тортиб юбордик,
Шўрпахта босамиз энди ўзимиз.

Мафкуравий зиддиятлар йили бўлган бу давр Муҳаммад Солиҳ бошчилигидаги бир гуруҳ шоир ва ёзувчиларнинг политбюрога мактуб ёзиши, совет ҳукумати матбуотининг бунга қарши акс ҳаракатлари, шоир шахсига газеталар хуружи ва 1986 йили Инқилоб хиёбонидаги илк норозилик чиқишларига йўл очиб берди.

Бу аллақачон куннинг тун устидан ғолиб кела бошлаган бошқа бир даври эди.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 июл 2017
Президент Мирзиёевнинг 29 май кунги қарори билан «Ўзбекэнерго» 6 562 нафар электромонтёрни, «Ўзтрансгаз» эса 4 255 нафар газ текширувчини ...
3 январ 2023
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 20-қисмида журналистнинг «Адабиёт нима?» деган саволига жавоб беради.
10 январ 2024
10 миллион долларлик кейс! Куппа кундузи тошкентлик бой отанинг қизи ва невараси ўғирлаб кетилиб, уларнинг калласи 10 миллион долларга ...
13 октябр 2015
Мана, денгиз тубидаги майда тошларни ҳам кўра оладиган ғаввослар пахтага чиқди.  Улар ҳам футболчи, киночи, имом ва фоҳишалар ортида ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...