Кундалик
28 октябр 2015

Ўрнимизга келаётган роботлар

Яқинда бир ҳамкасбим янги тенденция, журналистлар ўрнига роботлар келаётганидан гап очиб қолди. Бу аллақачон матбуотда қўлланилаётган амал экан.

Долзарб хабарларни тўплаш ва тарқатишдан ташқари, улар мавзуни биздан кўра анча мукаммал, холис, чуқур ва кенг таҳлил қилиш, муҳимни номуҳимдан ажратишга ҳам қодир эканлар.

У менга жуда чиройли терилиб, саҳифаланган мақолаларни кўрсатди. Улар чиндан ҳам ўқиса ўқигулик эди.

“Бугунги кунда тўлиқ роботлаштирилган сайтлар бор ва уларнинг даромади оддий матбуотникидан анча унумдор”, – деди у.

“Демак, эндиликда вақтли нашр эгасига фақат старт тугмасини босишу, ўқиганлар сонини санаш қоларканда”, – дедим.

“Йўқ, уларни роботнинг ўзи санайди, турли контентлар, реклама ва материалларнинг чиқиш вақтларини, ундан келадиган даромад ва ҳаражатларни ҳам ўзи белгилайди”, – эътироз билдирди ҳамкасбим.

Қойилман! Шу маънодаки, мен бу ишларнинг бирортасига ортиқ давогармасман. Матбуотда ишлаб кўрган одам сифатида гапнинг очиғи бу ишларнинг ҳаммасини роботга қўш қўллаб топширишга рози бўлардим.

Тағин, мен ишлайдиган сайтга шефлик қиладиган робот ёзганларимга одамлардан кўра холисроқ баҳо беради. Роботлаштирилган замонавий газетада, (у мутлақо қоғоз шаклида бўлмаслиги мумкин) ёзганларим албатта ўрнини топади, деб ўйладим.

Чунки мен анча амбицияли, ўзига ишонган журналистман.

Бироқ, робот муҳаррирнинг шубҳалари меникидан кучлироқ. Унинг ўз эътирозлари бор. У нимани босиш, нимани босмаслик ҳақида мендан кўра қатъийроқ тасаввурга эга.

Тасаввур қилинг, пучга чиқарилган мақолангни чоп қилиш эвазига, сен ҳеч қачон энди интеллектуал фикр соҳиби бўлган робот муҳаррирга яримта қуйиб беролмайсан ёки қабулхонадаги робот котиба ҳам ҳеч қачон меҳрибон сўзу, битта конфет эвазига бебаҳо асарингни бир қават юқори токчага ўтказиб қўйишга рози бўлмайди.

“Ўқувчиси бўлмаган нарсаларни ёзишнинг нима кераги бор”, эътироз билдиради робот муҳаррир, шиша кўзларини лўқ қилиб. Гарчи унинг пачакилашиб ўтиришга вақти ҳам йўқ. Ўрнингга келган темир мухбир эса “детлайн”га тўлиқ ва мукаммал амал қилиб, ўзи тузган хабар контентларини прайм-таймга тиза бошлайди. У темир муҳаррирнинг ишонган тоғи.

Биз эса одамлармиз. Бир биримизникидан фарқли турли ғоя одамларимиз. Ҳар биримизнинг ўй ҳаёлимиз ва ёзганларимиз ўзимизга мукаммал кўринади, уларни эшитишни исташмаса аюҳаннос солишга тайёрмиз. Ўқувчи нимани ўқиш иштиёқида эканини эса, биз ҳеч қачон замонавий роботлар билганчалик билмаймиз.

Ибратли томони, ўрнимизни роботларга бўшатиб бераркан, ниҳоят ўқувчиларнинг биздан кўпроқ нимани истагани, нимани кутганларини билиб оламиз. Бу сизу биз ўйлагандан бошқачароқ бўлиши мумкин, бироқ роботларгина туша оладиган бу савияга илло билло биз ҳеч қачон туша олмаймиз.

Қудрат Бобожон,
Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 июн 2017
Бугун Швецияда яшаётган ўзбекистонлик фаол Дилобар Эркинзода судья Низом Рустамовнинг ундан пора сўраганини очиқларкан, Швеция ва Ўзбекистондаги судлар ўртасидаги ...
31 октябр 2016
Бу йил ҳам Ўзбекистонда пахта теримига вояга етмаган болалар жалб этилгани қайд этилди. Бироқ ҳар сафаргидек ўзбек ҳукумати амалдорлари ...
4 август 2015
Ўзбекистон ҳукумати Халқаро Меҳнат Ташкилотига Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг тақиқланганлиги ҳақида маълумотни ўз ичига олган 40.000 нусха варақалар, шиорлар тайёрлаш ...
11 декабр 2017
5 декабрда Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўлими ва уларнинг ўлдирилиши ҳолатлари кўпайиши тенденцияси мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳисоботини ...
Блоглар
18 декабр 2017
«Пахтага борасан, дейишди. Агар бормасанг, аризангни ёз ёки ўрнингга одам жўнат, дейишди. Ўзимизнинг ишимиз қолиб, ...
16 декабр 2017
Бундан 31 йил олдин Совет раҳбарияти Олмаота ëшларининг исëнини шафқатсизларча бостирган эди. АҚШ конгресси кутубхонасига ...
14 декабр 2017
14 декабрь куни таниқли фоторассом Умида Аҳмедова ўзининг фейсбук саҳифасида бузилаётган Киночилар уйи ҳаробаларини суратга ...