Кундалик
2 ноябр 2015

Хибсдагилар «Жиходга кетдик» дея СМС чиқаришди….

Улуғбек Ашур
Eltuz.com
Олинган маълумотларга қараганда уларга диний экстремизм, ноқонуний адабиётларни тарқатганлик ва ИШИДга алоқадорлик каби айблари қўйилмоқда.

Ички ишлар тизимидаги манбаага кўра, ушбу иш бўйича 50 дан ортик Жиззахлик фуқаро қўлга олинган. Улардан бири, Жиззах вилояти Пахтакор туманида яшовчи 33 ёшли Арамаис Авакян хақида сайтимиз аввал хабар берган эди http://www.eltuz.com/?p=999 Шу кунларда маълум бўлдики, бу ғалати воқеалар кўлами биз ўйлагандан хам кенг ва бугун бизга келиб тушган янги тафсилотларни сиз билан бахам кўрамиз.

Жиззах шахрида аввалига 3 сентябр куни Фурқат Жўраев йўқолиб қолди. «Ўғлим 3 сентябр куни бозорлик қилиб келаман деб чиқиб кетди ва шу бўйи уйга қайтмади» дейди Фурқатнинг онаси М. Жўраева.

Хавотирга тушган она, ўғлининг ўртоқлари Арамаис, Дилшод ва Темур исмли йигитларга телефон қилади. Уч йигит ўртоқларини ярим тунгача қидиришади, эрталаб. 4 сентябр куни Фурқатнинг хонадонига бориб «Ўғлингиз ерда хам, кўкда хам йўқ» деб айтишади…. Ва ўша куни тушдан сўнг ўзлари хам сирли равишда ғойиб бўлишади.

Аввалига Темурнинг онаси Насиба опага «Ўғлингиз ўртоқлари билан Жиззах тумани Самарканд кудук Кишлоқ Фуқаролар Йиғини (ҚФЙ) худудида фалокатга учради» деган хабар келади.

Воқеа жойига етиб борганлар, у ерда йўл четида ёниб битган автомобилни кўрадилар. Автомобил эгаси (аниқроғи. автомобил ижарачиси) Дилшод ва шу машина ичида бўлган Арамаис ва Темурлар эса ғойиб бўлишганди. Воқеа катта йўлнинг ёқасида, куппа кундуз куни бўлган бўлсада, негадир хеч ким у ерда нима бўлганини кўрмаганди.

Бироқ, орадан 3, 4 кун ўтгач, Самарқандқудуқ ҚФЙдаги катта йўл ёқасида содир бўлган воқеанинг гувохи бўлган одамлар, йўқолган фарзандларини йиғлаб суриштириб юрган онаизорларга рахмлари келиб, 4 сентябр куни эрталаб соат 10 яримларда нималарни кўрганларини айтиб беришади.

Ўша одамларнинг гувохлик беришларича, 4 сентябр куни эрталабки соат ўнларда, «Кобалть Нексия» русмли 3 та автомобил катта тезликда Дилшод бошқариб бораётган Нексия русмли автомобилини йўл четига қисиб тўхтатади. Қувиб келган автомобиллар ичидан сочлари калта олинган 7, 8 нафар йигитлар тушишган. Тўхтатилган Нексия ичидан Арамаис, Темур хамда Акмал исмли йигитларни тортиб туширишиб, бошларига коплар кийгизишади ва машиналарига босиб, олиб кетишади. Кетиш олдидан улардан икки нафари Дилшоднинг автомобилига бензин сепишиб, ёқиб кетишади.

Йўқолган йигитларнинг яқинлари бу гапларни дархол Вилоят Ички ишлар бошқармасига етказишади. Лекин милиция ходимлари бу кўрсатмаларни текширишмайди ва «йўқолган» 4 нафар йигитни кечасию кундузи, итлар ёрдамида қидиришни давом этдиришади.

Улар йўқолганларнинг оила аъзоларига «Болаларингиз катта уюшган жиноий гурух тузишган ва Ўзбекистондан ташқарига қочиб кетишган» деб айтишган.

Кейинчалик эса воқеалар янада тушунарсиз кўриниш касб этади.

Фурқат Жўраевнинг онаси хикоя қилади: «Ўғлимизни ўлиб тирилиб қидириб юрган кунларимиз, кичик ўғлим Илхомжоннинг телефонига Қозоғистон номеридан (+7 7756093166) бир СМС келди. Унда «Мен

жиход қилиш учун Қозоққа чикдим. Кейин қаерга кетаман, билмайман. Мендан рози бўлинглар» деган сўзлар бор эди. Ўғлим Илхом дахол шу номерга қайтариб телефон қилди. Лекин номер ўчирилган эди»

Шу мазмундаги СМС ёниб кетган машинанинг хайдовчиси Дилшод Алимовнинг укасига хам келган.

«Ўғлимнинг телефонига келибди шу СМС қозоқ номеридан (+77753173948)». «Ассалому алайкум ая мендан ховотир олманг, мен жиход учун Козокга, кейин кайерга кетаман билмайман, мендан рози булинглар углингиз Дилшод» деб ёзилган. Мен ишонмадим бунга. Мени ўғлим қозоққа тилла берса хам бормас эди. Бу ерда фитна бор қандайдир» деди Дилшоднинг онаси К. Алимова.

Вилоят ички ишлар бошқармасидаги манбаага кўра, йўқолган йигитларнинг яқинларига келган СМСлар дархол уларга очилган «Дело»га тиркалган. Барча оила аъзолари мажбуран олиб келиниб, тергов қилинган.

Шоввоз терговчилар «жиноят қилиб, мамлакатдан қочиб кетган ва радикал экстремистлар тўдаларига бориб қўшилишни хаёл қилган» йигитларнинг оила аъзоларини хар куни сўроққа чақиртириб, «Дело»ни оппоқ иплар билан тикиб ўтиришган бир пайтда, йўқолган йигитларнинг дараги чиқади.

Маълум бўлишича, хамма Арамаис, Дилшод, Акмал ва Фурқат Қозоғистонда эмас, вилоят МХХнинг ертўласида хибсда сақланаётган бўлган! Бугунга келиб эса, мана шу 4 нафар йигитнинг яқинлари, дўстлари ва бирга ишлаган танишларидан иборат 50 нафардан ортиқ фуқаро хибсхонага ташланган.

Манбааларнинг айтишларича, йигитлар 4 сентябр куни Самарқандқудуқ МФЙда хибсга олинган, аммо бу хақда уларнинг оилаларига 14 октябр куни хабар берилган. Ўз ўзидан савол пайдо бўлади, «Нега? Нима учун? Қонунлар қаерда қолди?»

На вилоят Ички ишлар бошқармаси ва на вилоят МХХ бошқармаси масъуллари хибсга олинган йигитларнинг ота оналарининг бу саволларга жавоб берганлари йўқ.

Хозирча бизга маълум бўлган нарса шуки, 40 кун давомида Арамаис, Акмал, Фурқат ва Дилшодлар қаттиқ қийноқларга солинган. Айниқса, Арамаис Авакяннинг ахволи оғир. Суриштириб олинган маълумотларга кўра, Арамаис қийноқлар сабабли юра олмайдиган ахволга тушган.

Хибсдаги йигитларнинг яқинлари, «Уларни қаттиқ калтаклашган ва тахқирлашган. Шунинг учун кўкарган ва синган жойлари тузалмагунча бизга хабар беришмаган» деган тахминда туришибди. Шу кунгача уларга хибсдаги яқинлари кўрсатилгани йўқ ва адвокатлар хам бу ғалати ишга яқинлаштирилмаяпти.

Жиззах вилояти ички ишлар тизимидаги манбаага кўра, хали хулоса қилишга эрта. Эхтимол…

Лекин хибсга олинганларнинг яқинлари ва воқеадан хабардор Жиззахликлар аллақачон бир хулосага келганлар. Хулоса шуки, Жиззах вилоят хуқуқ тартибот идоралари Диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш бахонаси ортида елкаларидаги погонлар учун кўшимча юлдуз топишмоқчи.

Юлдуз ва мансаб хам топилар, аммо улар ўзларининг елкаларига катта гунохнинг юкини хам ортаётганликларини билармиканлар?

Тағин ўқинг
14 июл 2016
«Миллий тикланиш» демократик партиясидан парламентга сайланган депутатлар ўн кунча ўз сайлов округларида бўлиб, сайловчилари билан учрашган. Бу учрашувларда улар ...
14 март 2017
Aввaллaри Туркия бизнинг Мaркaзий Oсиё дaвлaтлaри вa турк oлaми учун сиёсий, ижтимoий вa иқтисoдий мoдел бўлишини oрзу қилaрдик. Биз ...
21 июл 2016
Айни ҳолатни ўз карикатураси орқали ҳажв қилишга интилган рассом Элсевар, ёнида паспорти ёки пропискаси бўлмаганлар милиция нишонига айланганига эътиборни ...
15 май 2017
Чинозлик «Аҳмадбой» номи билан машҳур бўлган Аҳмад Турсунбоев томонида ташкил этилган молиявий пирамида фаолиятига барҳам берилганига ҳам бир йилга ...
Блоглар
23 октябр 2017
Совет Ўзбекистонини узоқ йиллар бошқарган Шароф Рашидов шахсига ҳар хил баҳо бериш мумкин. Кимдир уни ...
20 октябр 2017
«Айтдим-ку, юқорининг буйруғи билан сизларга шу айбларни қўйишга мажбурмиз, деб. «Ким ўша юқоринг? Каримовми?» Менинг ...
16 октябр 2017
Ҳар дам олиш кунлари Тошкентдаги турли вазирликлар, давлат қўмиталари, сон-саноқсиз бюджет ташкилотлар олди эрта тонгдан ...