Кундалик
5 январ 2016

Ўктам Пардаевга қамоқ таҳдиди, гўдакларга молиявий босим

Жиззах вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари асоссиз, уйдирма айбловлар билан қамоқда қолаётган ҳуқуқбон Ўктам Пардаевнинг оила аъзоларига Янги йил “совға”си ҳозирлади.

Бу сафар уларнинг нишони ҳуқуқ ҳимоячисини руҳан қўллаб-қувватлаётган оила аъзолари бўлди. Давлат идоралари ҳуқуқбоннинг яқинларига кўп йиллик тажрибаларда тобланган, анча самарали усул – молиявий босим қўллади.

Янги йил кунларида прокуратура, газ идораси, маҳалла, ички ишлар ходимлари, посбонлар, қарийб ўнга яқин киши Ў.Пардаевнинг, укалари Шароф ва Ўткир, синглиси Моҳиранинг хонадонларига қўққисдан бостириб борди.

«Ўктам акамнинг аёли кечки пайт уйда ёлғиз бўлгани сабабли чақирилмаган меҳмонларга дарвозани очмаган. Келганлар ўзини прокуратураданмиз, деб таништирибди. “Газдан катта миқдорда қарзингиз бор, токи тўламас экансиз, газни узиб кетишимиз керак”, дея дағдаға қилган»,- дейди Шароф Пардаев.

Дарвоза очилавермагач, ортига қайтишга мажбур бўлган бу гуруҳ мазкур ҳаракат билан кифояланмади.

2016 йил 4 январь куни улар Ўктам Пардаевнинг уйига киришга муваффақ бўлди ва “газдан 400 минг сўмдан ортиқ қарзи борлиги” баҳонасида газ қувурларини узиб кетди. Натижада ҳуқуқбоннинг аёли ва уч норасида боласи қишнинг қаҳратон кунларида газсиз қолди.

«Акам, биласиз, қамоқда. Янгам учта ёш гўдаги билан қолган. Энг кичиги 2 ёшда. Каттаси 6 да. Энди уларнинг ҳоли нима кечади қишнинг совуқ кунларида?» – дея ташвиш билдирди Ш.Пардаев.

Прокуратура бошчилигидаги “гвардия” ҳуқуқбоннинг синглиси Моҳира Пардаевнинг гарданига ҳам газ истеъмоли учун йўқ жойдан миллион-миллион қарздорлик “илиб” қўйди. Аммо тўлов қоғозларини газ идорасига кўтариб борган М.Пардаева уларнинг молиявий босимидан қутулиб қолишга муваффақ бўлди.

Бироқ жиззахлик қонун қўриқчиларининг ғазабидан омон қолиш Ўктамнинг укаси Ўткир Пардаевга насиб этмади. Унга 2 350 минг сўм қарздорлик эълон қилиниб, хонадони табиий газдан узиб қўйилди.

«Ўзи газ милтираб турарди. Шуни ҳам кўп кўришди. Ҳар ҳолда овқат пишиб, чой қайнаб турганди… Бизда иссиқхона бўлмаса, салкам икки ярим миллион сўм қарздорлик қаердан бўлсин? Қасддан, атайин бўйнимизга қарздорлик илинди… Мен барча қўшниларимдан сўраб чиқдим. Ҳеч бирининг уйига газ идорасидан, прокуратурадан, милициядан гуруҳ келмаган, қарздорлик ёзилмаган, гази ҳам узилмаган. Бу “тўй” ёлғиз бизнинг бошимизга келган экан. Ҳаммаси Ўктамжоннинг фаолияти орқасидан бўляпти. Мен кенжа ўғлим Ўткир билан яшайман. Оилада 6 жонмиз. Ўткиржоннинг ҳам 3 ёш боласи бор. Барчаси ҳали гўдак: 2 ёш, 5-6 ёш. Ёш болалар билан келиним энди қишнинг совуғида газсиз қандай кун кечиради?» – дея ўртанади ҳуқуқ фаолининг онаси Насиба опа.

Яқиндагина 2016 йилни “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилган Ўзбекистон президенти: “Соғлом она соғлом бола дегани, соғлом бола тинч-тотув, тўкин ҳаёт, бахтли оила дегани, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади”, дея куйиб-пишганида бу йўлдаги уринишлар қишда газ таъминотини узиш билан бошланишини назарда тутганмикин ё, деб ўйлаб қоласан киши.

Нима бўлганда ҳам, Ўктам Пардаевга қамоқ жазоси билан таҳдид қилаётган ҳуқуқ-тартибот идоралари энди нафақат унинг ўзини, балки бутун оила аъзоларини, яқинларини моддий ва руҳий жиҳатдан тўла синдиришга бел боғлаган кўринади.

Малоҳат Эшонқулова
мустақил журналист, ҳуқуқ фаоли
Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 апрел 2018
Президент Мирзиёев 18 апрелда имзолаган қарорга кўра, Ўзбекистонда амалдаги давлат рақамларини халқаро намунадаги рақамларга алмаштиришни кўзда тутувчи транспорт воситаларини ...
7 феврал 2023
Бу одамни этини жимирлатган даҳшатли ўғирлик 2 февралдан 3 февралга ўтар кечаси Вобкентнинг Халач қишлоғида содир бўлди.  Қоп қора ...
6 март 2018
«Бош вазирдан тортиб, ҳокимларгача тўй маросимларига бориши ман этилади», деди Шавкат Мирзиёев 2 март куни ижтимоий тармоқда пайдо бўлган ...
13 ноябр 2017
Ўзбекистонлик 1 миллиондан ортиқ меҳнат мигрантлари Санкт-Петербургда ишлаётгани расман тан олинди. Демак, РФнинг Ўзбекистонга масофа жиҳатдан ундан-да яқинроқ пойтахти ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...