Асосий мавзулар
13 май 2017

13 май – Андижондаги қонли жумадан сўнг…

Бундан ўн икки йил бурун, Ўзбьекистон ҳукумати ҳарбийлари томонидан 2005 йилнинг 13 майида, Андижоннинг Бобур майдонидаги бегуноҳ одамлар отилганди…

Ўша куни эрталаб саҳар, Андижонда қўзғолончилар ҳокимият биноларини эгаллагани, у ерга репортаж тайёрлаш учун боришимиз кераклигини айтиб, мен ишлаётган нашр Uznews нашри муҳаррири Галима Бухарбоева қўнғироқ қилди. У Андижонга кетадиган, мен эса офисда қолиб сайтдаги хабарларни янгилаб турадиган бўлдик.

Офисга келибоқ, телефонда олган сўнгги маълумотлар асосида сайтга қисқа биринчи хабарни қўйдим.

Бунгача, сайтда андижонлик тадбиркорларнинг қамалиши ва бунга қарши норозилик жараёнлари акс этган хабарлар хроникаси бор эди.

Сал ўтмай ҳамкасбим Сид Яниш, Малик Бобоевлар келиб, параллел тарзда воқеани ўрганишга киришишдик, воқеани ёритиш учун чет элдан етиб келган бир қанча журналистлар пайдо бўлди.

Орада Галима қўнғироқ қилар, у берган қисқа ахборотларни сайтга жойлашга интилардик.

rasm1372
Бу хотиралар Элин Йоннсоннинг китобида батафсилроқ акс этган

Воқеалар силсиласи

Галима йўл йўлакай намойишчилар барикадалар қуришаётгани, бироқ журналистлар учун коридор ҳосил қилиб ўтказишаётгани ҳақида хабар берди, буни тезгина сайтга қўйдик.

Кейинроқ, ҳукумат қўшинлари шаҳар атрофида кўпайгани, учта БТР взводи намойишчилар тўпланган жойга яқинлашаётгани ҳақидаги хабарни етказди.

Учинчи бор боғланганимда, мен даҳшатли пулемет овозлари ва Галиманинг холлослаб чопаётган нафасини эшитдим холос. Тушунган нарсам ҳукумат қўшинларининг намойишчиларга қарата огоҳлантиришсиз
ўт очишгани ҳақида хабар бўлди.

Офисимизга тўпланган халқаро журналистлар, жумладан Туркия, Швеция, Россия каналлари журналистлари биздан янги мужда кутишар. Хабарларни ёритиш осносида уларга интервью ҳам берардик. Бу воқеалар тафсилотлари ўша пайтларда ёнимда бирга бўлган швед журналисти Элин Йоннсоннинг «Оммавий қотилликни яшириш санъати» китобига кирди

rasm1290
Мен ўшанда IWPRда ишлардим.

IWPRнинг тугатилиши

Кейинроқ Лондондан IWPR офисини ёпиш ҳақида буйруқ келди. Ўша куни Тошкентдаги деярли барча халқаро ташкилот ваколатхоналари, жумладан EҲҲТ, Freedom Hause ва бир қанча халқаро журналистик бюролар ёпиқ холатга ўтган, фақат бизнинг эшигимиз ҳамма учун очиқ эди.

Туркия телеканали махсус ўрнатган антенна орқали дастлабки видеокадрларни дунё бўйлаб, жумладан Швеция ва Россия ТВ каналлари учун тарқатишда ҳам бу офиснинг хизмати беқиёс бўлди.

«Мен офисни ёпмоқчи эмасман, фаолиятни давом эттирамиз!» дедим. Швециялик ҳамкасбим Элин ҳам менинг аҳдимни қўллаб қувватлади. Бу вақтда Галима билан алоқа қисман узилган эди…

Орадан вақт ўтиб, у қўнғироқ қилди… У билан келишилган жойда учрашдик. У менга даҳшатли воқеа тафсилотларини гапириб бераркан, ўқ тешиб ўтган рюкзаки, дафтарчаси ва гувоҳномасини, андижонликларнинг сўнгги, қонли мурожатини кўрсатди. Менинг офисни халигача очиб ўтирганимни маъқулламади.

«Улар билан ҳазиллашиб бўлмайди. Офисни ёпиш керак» деди у. Кейин биз ҳайрлашдик. У мамлакатни тарк этди.

rasm1378
Андижон воқеаларини ёритиш пайти Галима Бухарбаеванинг рюкзаки, дафтарчаси ва пресс-кардини ўқ тешиб ўтганди

Яширин фаолият

Мен барибир июн ойи ўрталаригача сайтни янгилаб турдим. Бу вақтга келиб, Uznewsда Андижон воқеаларига бағишланган 50 тача мақола эълон қилинди.

Мен ҳар куни кечаси, кузатув камайган пайтни пойлаб, компьютерлардан сайт учун у бу нарса кўчириш учун офисга борар, сайтни бўлса бошқа жойлардан туриб янгилардим.

Лекин, кейинчалик бунинг ҳам ортиқ иложи бўлмади. Чунки офис атрофига қуролли соқчилар қўйилган. Улар мени таниб қолган эди.

Сўнгги ишим – офисдаги тўртта компютернинг хардискларини ечиб олиш бўлди.

Офис қоронғу, жалюзилари ёпиқ, чироқ ўчирилган эди. Мен отвертка ва фонар билан харддискларни ечишга киришдим.

Тағин бир нарса эсимдан чиқмайди, офис ичида пайдо бўлган ингичка нур ва деворда ўйнаётган қизил нуқта.

Илк ўйлаган нарсам мени кузатишаяпти деган ҳаёл бўлди.

Бу ҳақда тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромовга айтганимда. У киши эътироз билдириб:

«Йўқ. Бу снайпер нишони. Сени нишонга олишган», деган фикрни билдирди.

Ҳақиқатан ҳам шундайми йўқми. Шундан кейин менинг ортимдан кузатув кучайди.

Аввал Урганчдаги уйимга, кейин Тошкентда мени бир неча бор йўқлаб участка милициясидан, ўзини қайсидир солиқ идорасидан, маҳалладан деб таништирган шахслар кела бошлади.

Мамлакатни тарк этиш

Деразам олдида ҳар сафар Нексия машинасида ухлаётган тўрт нафар одамни кўрардим.

Ҳатто бир куни уларни уйғотиб кимлигини сўрашга ҳам жазм қилганман.

Улар ўшанда ўзларини Президент охранасидан эканини айтишган, гарчи президент шоссеси уйимиздан озроқ нарида эди.

rasm1377
Швецияга келиб қолган журналистлар – Тўлқин Қораев, Юсуф Расул ва мен

Шу гаплардан сал ўтиб, бир куни уйим эшиги қаттиқ тақиллади. Менинг гўёки «Бобожоновлардан эканим»ни билган, ўзини шаҳарнинг «катталардан бири» дея танитган амалдор, баъзиларини эшик олдидаги машинада кўрган тўрт нафар йигит билан бирга кириб кириб, мен яшаётган уй хоналарини кўрикдан ўтказиши кераклигини айтди.

«Тинтув қилишга ордер борми?», – дея сўрадим.

«Бу тинтув эмас, шунчаки кўздан кечириш. Керак бўлса девордаги гулқоғозларгача ечиб олиб тинтишга ҳаққимиз бор. Албатта бунга сабаб ҳам… далиллар ҳам топилади», – деди маънодор қилиб.

Кейин мени ташқарига бошлаб, ярим овозда у ёқ бу ёққа олазарак боқиб, Каримовга салкам «биринчи рақамли душман эканим», «қўзғолонлар уюштириб, уруш чиқарадиган» қайсидир ҳорижий ташкилотга ишлашимни билишини айтди.

«Дўстона маслаҳати» сифатида тезроқ, ёмонликни кутиб ўтирмай мамлакатдан кетишимни маслаҳат берди.

«Ишонавер, бугун эрта сени олиб кетишади ва жуда кеч бўлади…»

Бу шунчаки қўрқитишмиди ёки ҳақиқатан ҳам одамгарчиликми, ҳозир бир нарса дея олмайман.

Бироқ кейинчалик, айни маслаҳатни IWPR рахбарлари ҳам берди. Албатта, бироз юмшоқроқ, беш-олти кун «мамлакат ташқарисига чиқиб туриш» тарзида.

Биз, беш-ўнта журналист бир ҳафтага Қирғизистонга кетдик. Бу ҳафта ойларга, кейин эса йилларга чўзилди…

Қудрат Бобожон
1916 йил 13 май
Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 октябр 2017
16 октябр куни журналист Бобомурод Абдулланинг онаси Давлат адвокати Шаҳзод Шариповга 300 минг сўм пул тўлагани ҳақида Ўзбекистон мустақил ...
10 октябр 2017
10 октябр куни Андижонда пахта кампанияси боис, шаҳар қатновидаги «Дамас»ларнинг кира ҳақи 2000 сўмга чиқди, дея хабар беради «Элтуз» ...
7 ноябр 2015
«Корейс эр» қўшма корхонасида. – Менинг қизимни ҳам посилка келин қилиб Кореяга узат. – Навбатга ёзилинг! Ҳаммага ҳам корейс ...
30 январ 2017
Андижон вилоят ҳокимлиги қарорига кўра, 1 февралдан бошлаб шаҳарда “Дамас” русумидаги автомашиналар йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланмайди. Вилоят ҳокими ...
Блоглар
16 октябр 2017
Ҳар дам олиш кунлари Тошкентдаги турли вазирликлар, давлат қўмиталари, сон-саноқсиз бюджет ташкилотлар олди эрта тонгдан ...
13 октябр 2017
9 октябр куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Танзила Норбоева, (фото: чапдаги расм) nuz.uz нашри орқали ...
9 октябр 2017
«Талқончи» нон ушатишда давом этади… Ўзбек махбуслари учун чақимчи камерадош билан яшаш қандай ёқимсиз… Собиқ ...