Дайжест
7 июн 2016

Ўзбеклар жаҳон бозорларини қандай қилиб эгаллаётгани ҳақида

Ўзбекистон телеканалларида мамлакат иқтисодиётининг «қудрати», «имкониятлари», дунёда салкам энг ривожланган экани тўғрисида эшитсангиз ажабланманг. Чунки 20 йилдан ошдики, фақат шу гап. Телевизорда ривожланиш зўр, лекин реал ҳаётда одамлар негадир буни ҳис қилмайди.

Шунча «имтиёзлару имкониятлар»га қарамай, кун илиди дегунча бу «дангасалар» тўрт сўм ишлайман деб дарҳол Россия ёки Қозоғистонга суриб юборади. Битта-иккитаси кетса ҳам майли, миллионлаб одам жўнаб қолади.

Сўнгги вақтларда ТВлар фақат жаҳон бозорини эгаллаётган ўзбекларни кўрсатиш билан овора. Оддий кўза ясаса ҳам жаҳон бозорини эгаллаб олади, тарвуз-қовун экса ҳам жаҳон бозорини эгаллаб олади.

Ўзи оддий тадбиркор, нари борса оилавий корхонаси бор. «Жаҳон бозорларини эгаллаб келяпмиз, шу даражага етдик», дейди ёш тадбиркор.

Шундай зўр бўлибсан, қайсинингда оддий давлат ишида ишлайдиган Лоланикидек дунёнинг энг машҳур шаҳарларида қўшша-қўшша қасрлар бор, қайсинингда энг юқори амалдорларники сингари Болтиқбўйида қўша-қўша уйлар бор? Ҳеч ким бу ҳақда гапирмайди.

«Жаҳон бозорларини эгаллаш» деган гап балки биз жавобини топа олмаган юқоридаги саволларни англаш маъносида шундай расшифровка қилинар. Яна қайдам. Лекин жаҳон бозорида ўзбекнинг хомашёсидан бошқасини топиш қийин. Масалан, бозорга чиқарилаётган пахтаниям ўша «жаҳон бозорини эгаллаётган» фермер сотмайди. Ким сотаётгани, ким неча пул фойда қилаётгани сир. Сирки, етти қават парда, йўғ-эй, етти қават зирҳли сарой ичига яширилган.

Қолганлар эса ТВга чиқиб олиб «айрим» камчиликларни муҳокама қилади ёки ўша сон-саноқсиз «имтиёзлару имкониятлар»га ҳамду сано ўқийди.

Ҳатто бунинг учун «Тадбиркорлар телеклуби» ҳам ташкил этилган. Ҳар замонда тадбиркорлар билан тегишли идоралар вакиллари ўртасида «мулоқот» ташкил этиб қўяди. Албатта, Адлия вазирлиги вакили бўлади. Студиядаги тадбиркорлар «айрим қийинчиликлар»ни тилга олса, бу вакиллар «ўрганиб чиқиб, кейин бу камчиликни бартараф этиш чоралари кўрилиши»ни айтиб, бечораларни ниҳоятда хурсанд қилади.

Яқинда шу телеклубда «Ягона дарча» механизми роса мақталди. Бу дарча тадбиркор учун «катта имкониятлар эшиги» бўлгани айтилди. Ҳатто Гулистон шаҳри «Ягона дарча» маркази амалга ошираётган ишлар мисолида унинг тадбиркорларга қўш қанот бўлаётгани «ҳужжатли далил»дек кўрсатиб берилди.

Лекин олдин тадбиркорлик соҳасида қанча коррупция бўлган бўлса, ҳозир ҳам ундан баттар экани, фақат пул оқимининг бир қисми «ягона дарча» орқали ўтаётганини ҳеч ким тилга олмади. Қандай айтсин? Ўзи бу кичкина камчилик бўлса. Уни ҳам элга ошкор қилиб, шунча муваффақияту ютуқларимизга соя ташласинми?

Яхши билсангиз керак, жаҳонда давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз Ўзбекистонга заррача таъсир қилгани йўқ. Аксинча, бизнинг йиллик иқтисодий ўсишимиз 8 фоиздан кам бўлгани йўқ. Буни кимлар тан олмади дейсиз, «ўзбек модели»га кимлар ҳавас қилмади дейсиз.

Энди англаб етсам, бутун дунё инқироздан чиқиш йўлини излаётган бир пайтда биз вазиятдан фойдаланиб жаҳон бозорини эгаллаб қўйган эканмиз. Мана шуни айтадиларда «чуқур ўйланган иқтисодий тараққиёт модели» деб!

Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 август 2019
“Элтуз” орқали президент Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаат билан чиққан “бир гуруҳ ишсиз қилган ва ишлаётган прокуратура ходимлари” ҳозир ҳам ...
4 октябр 2017
4 октябр куни тушдан кейин 67 ёшли маҳкум журналист Солижон Абдураҳмонов Қаршидаги Шайхали қамоқхонасидан озод этилди. Фото: Ҳуқуқ фаоли ...
22 май 2018
Таниқли ўзбек карикатурачиси Маҳмуд Эшонқулов Туркияда ўтган «Сув – ҳаёт» халқаро танлови совриндори бўлди. 22 май куни «Элтуз» мухбирига ...
26 март 2023
Тошкентда Рауф Парфининг илк ҳайкали очилади. 27 март соат 11 да Тадбир Амир Темур проспектидаги давлат санъат музейида бўлади. ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...