Дайжест
14 июн 2016

«Улкан ютуқлар» соясидаги ҳақиқат

Расмийлар «улкан ютуқлар, мислсиз муваффақиятлар, бунинг натижасида тобора фаровонлашиб бораётган ҳаётимиз» ҳақида эртак тўқиётган бир пайтда оддий ўзбек аёлининг биргина ҳикояси соядаги ҳақиқатларни юзага чиқариш, Ўзбекистондаги бугунги ҳаётнинг аслида қандай эканини англаб етишга хизмат қиладиган жуда муҳим жиҳатларни кўрсатиб бера олади, деб ўйлаймиз.

Исмим Гулмира. Шаҳрихон туманида яшайман. Оилада қайнонам, қайнотам, уларнинг 4 ўғли ва 3 келин яшаймиз. Келинларнинг бирортаси ишламайди.

Ўзим тиббиёт коллежида ўқиганман. Лекин иш йўқ. Қайнонам билан иш сўраб туман шифохонасига борган эдик. Қайнонамнинг дугонасининг келини ўша ерда ишлайди. У ишни суриштириб бераман деганди. Ишга киришим учун 300 доллар сўрашибди.

Бизда бунақа пул йўқ. Ҳозир битта қайноғам уйда. Қолган уч ўғил Россияда ишлайди. Шу вақтгача далада 80 сотих еримиз бор эди, дехқончилик қилардик, бодринг, қовун-тарвуз, помидор экиб сотардик, давлатга ҳам топширардик. Ўтган йили еримиз олиб қўйилди. Энди фақат Россиядан келадиган пулга қараб қолганмиз.

Бу йил қишлоғимиздаги фермер бизгаям пилла қурти берди. Биз бунга тайёр бўлмасак ҳам уйга келиб, ялиниб ташлаб кетди. Фермер қариндошимиз экан, қайнонам раъйини қайтара олмади.

Қайнотам эса қайнонамни роса уришди. Чунки у яқинда инсульт бўлган, қўли ва оёғи ишламайди. Шифохонага ётқизишга пул йўқ. Энди менга ким қарайди, деб норози бўлди қайнотам.

Ўзим қишлоқда ўсганман, бизнинг уйдагилар ҳам қурт боқарди. Пилла берилишдан олдин қурт боқиладиган хоналар дезинфекция қилинарди.

Қайнонамнинг қариндоши фермер эса 4 қути пилла қуртини шундай ташлаб кетаверди. Ҳовлимиз кичкина, 3 та овсин яшаймиз. Қуртларни олдин битта хонада боқдик. Уйимиздаги 1-2 та тутнинг барги билан боқиб турдик. Кейин қўшнилардаги ва маҳалладаги тут дарахтларидан барг тердик.

Аслида фермер одам бириктириб, бизга барг етказиб бериши керак эди. Шунга келишилганди. Фермер эрталаб ва кечқурун олиб келган барг жуда оз бўларди. Қурт кўп, уйимиз кичик бўлгани учун ҳаммасини 2 тагина хонада боқдик.

Қизлик уйимда пилла боққанимизни эслайман. Бир қути қуртни 6 та хонада боқардик. Фермерга жойимиз торлигини айтсам, ҳеч ким олмаса нима қилай, деди. Аъзоларингизга беринг эди десам, даланинг ишлари-чи, шусиз ҳам бу йилги ёғингарчиликдан дабдаласи чиқиб ётибди, куч етишмаяпти, бу ёқда пилла, одамим бўлса, сизларга ялиниб юрармидим, деди.

Хуллас, қуртлар катта даҳага киргандан кейин, энг қийин пайти келганда, фермер барг ҳам олиб келмай қўйди.

«Ҳар йили минглаб тут дарахти эксак ҳам одамлар олдин экилган тутларни қиши билан кесиб кетяпти, шунинг учун барг етишмаяпти», деб зорланди.

«Газ, электр бўлмаганидан кейин кесиб кетади-да, ўтин сотиб олишга одамларда пул бўлмаса, Россияда ишлайдиганлар куздан баҳоргача уйларида бўлади, уйларни иситиш керак-ку», дедик.

«Мен нима қилай, менга ҳам пилла қурти боқиш ортиқча иш, ўзи даламни зўрға эплаётганимда, буниям юклашади ҳар йили», деди.

Асосан 3 овсин ишладик, қайнонам қайнотамга қаради, қайноғамнинг қарашишга вақти бўлгани йўқ. Чунки у мардикорга чиқади, ҳар кунги овқатимизга лойиқ пул топиб келади.
Барг кесувчимиз ҳам фермернинг қариндоши экан, унга ҳам пулини тўлайман, деб алдабди. У биздан ташқари яна учта оилага барг кесиб берарди. Тракторда юриб, кимникида қурт кўпроқ бўлса, ўшанга кўпроқ барг бериб кетарди. Бизга энг кўп – 8 боғ барг тегарди.

Баргни фермер топади. Туманимиздаги барг тугагач, қариндошларидан, танишларидан сўраб, уларнинг уйларидаги тутларни кесиб келишаркан.

Хуллас, барг ҳам муаммо. Фермер кунига икки марта барг олиб келарди, шуни эплаб етказардик. Сийрак қилиб солардик, қуртлар ярим соатда еб ташларди. Баъзида барг йўқлигидан қуртхонага кирмасдик ҳам.

Катта даҳада ундан ҳам қийин бўлди. Сўлиган, барги йўқ шохларни олиб келишади. Навдаларнинг баргли жойларини кесиб олиб, ўшаларни амаллаб етказиб турардик.

Катта даҳада беш кун барг бердик. Ўша куни бизникига фермер келиб: «Кўмиб ташлайверинглар, ҳеч қаерда барг йўқ», деди.

Кейин биз оч қуртларга даста солиб чиқдик. Ҳар куни кириб қараймиз, қуртлар осмонга қараб ётади, барг излайди. Пилла ўрашидан дарак йўқ.

Орадан 10 кунча вақт ўтгандан кейин фермер келиб, пиллани теришни бошлашни буюрди. Биз нимани терамиз, қуртними, деб ҳайрон бўлсак-да, сўкичакларни бузишни бошладик.

Эрталабдан кечгача тўрт қути қуртдан бор-йўғи 3 кг пилла олдик. Энг ёмони, ҳовлимизнинг бир четидан чуқур қазиб, тоғона-тоғора қуртларни ерга кўмдик. Шу пайтда уч овсин роса йиғладик…

Қурт беришдан олдин фермер қайнонамга роса ваъдалар қилганди. 10 кг дан пахта ёғи, гуруч, макарон, бир қопдан картошка, пиёз, сабзи бераман, яна уч-тўрт кийимлик адрас бераман, деган экан. Бир нарса бергани йўқ.

Тўғри, пилла бўлмади, лекин бу бизнинг айбимиз эмас-ку? У бизга барг етказиб бермади, биз боқиб бердик, шунча вақтимиз, меҳнатимизни сарфладик.

Ўша пайтларда мен иккинчи фарзандимга ҳомиладор эдим. Пилла терганимиздан кейин бир ҳафта ўтиб фарзанд кўрдим, туғруқ роса қийин кечди. Бунга қурт боқиш пайтидаги қийинчиликлар сабаб, деб ўйладим. Чунки вақтида дам ололмадим, эртадан кечгача барг ташиб, қуртга қараб, оғир ишларни қилиб юрдим.

Майли, ҳаммаси ортда қолди. Лекин бир ой вақтимизни сарфлаб, ҳеч нарсалик бўлмаганимиз алам қилди. Қайнонам ипак қурти боқишдан қолган озроқ ўтин билан ўзини овутяпти.

Овсиним пилла топширадиган жойга борган экан. Ўша ерда бир кило пилла нархи 11 минг сўм экани ёзиб қўйилибди.

Қишлоғимизда қурт боққанлар кўп бўлди, улар ҳам бизга ўхшаб қийналди. Бир кило ҳам пилла топширмаганлар бор. Аммо топширганларга ҳам бир сўм пул беришмади.

Унда ҳар кило пиллага тўланадиган 11 минг сўмдан пулни ким олади? Фермерни кўрсам, албатта сўрайман.

Гулмира
Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 сентябр 2016
Таъзияни ТРТ давлат телеканали намойиш этди. «Ўзбек Президенти Ислом Каримов оламдан ўтди. Аллоҳ уни раҳматига олсин. Туркия Республикаси ўзбек ...
8 ноябр 2015
Навоийлик ногирон ва икки фарзандини ёлғиз тарбиялаётган Боймуродова Дилдора пенсионерлар ҳақини талаб қилиб норозилик акциясида қатнашгани учун жазога тортилди. ...
13 декабр 2016
Ўзбекистонда Каримов ўрнига президент бўлиб Шавкат Мирзиёевнинг сайланиши, жамиятдаги олий мансабдор шахсини улуғлаш риторикасини ўзгартирмади. Бу оғриқли муаммони акс ...
24 ноябр 2016
72 ёшли сиёсий маҳкум Самандар Қўқоновнинг яқинларидан бугун Eltuz.comга етиб келган хабарга кўра охирги суд ажрими бекор қилинган, унинг ...
Блоглар
20 октябр 2017
«Айтдим-ку, юқорининг буйруғи билан сизларга шу айбларни қўйишга мажбурмиз, деб. «Ким ўша юқоринг? Каримовми?» Менинг ...
16 октябр 2017
Ҳар дам олиш кунлари Тошкентдаги турли вазирликлар, давлат қўмиталари, сон-саноқсиз бюджет ташкилотлар олди эрта тонгдан ...
13 октябр 2017
9 октябр куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Танзила Норбоева, (фото: чапдаги расм) nuz.uz нашри орқали ...