Асосий мавзулар
16 июн 2016

Фермер: «Пилла мавсуми тугагач, бу ғурбатдан қутулганимизга шукур қиламиз»

Пилла қурти боқиш турли ташкилотлар, тиббиёт ва таълим муассасалари қаторида фермер хўжаликлари учун ҳам қўшимча мажбуриятдир. 

Қуйида бир фермер хўжалиги мисолида пилла етиштириш билан боғлиқ жараён, унинг машаққатлари билан танишасиз.

Фермерликни қачон бошлагансиз?

Фермерликни 1997 йилда бошлаганман. Биз ғалла-пахтага ихтисослашган фермер хўжалигимиз. СССР даврида шу совхозда бўлим агрономи бўлиб ишлаганман. Совхозимиз кейин ширкат бўлди, МТП бўлди, СФУ бўлди, энди сув истеъмолчилари уюшмаси – СИУ бўлди.

1997 йилда ўзим ишлаган бўлимдан 73 гектар ерни деҳқон-фермер хўжалиги қилиб олгандим. 1999 йилда уларнинг барчаси фермер хўжалигига айлантирилди. Аммо меники деҳқон-фермер хўжалигича қолган. Ҳатто муҳримда ҳам «деҳқон-фермер хўжалиги» деган ёзув бор.

2008 йил якуни  бўйича оптимизация  даврида ёнимдаги 41 гектарлик фермер хўжалигини менга қўшиб беришди. Жами 114 га ерга эга бўлган эдим. Мен бу ерни ҳам бамайлихотир эплаб келаётгандим. Негаки совхоз орқасидан косам оқарган. Бу ерларнинг барини миридан сиригача биламан. Деҳқон-фермерга айланаётганимда   совхоздан битта «Беларусь-МТЗ-80» тракторини румин сеялкаси, культивацияси билан  хусусийлаштириб олган эдим.

Ҳозир ўғлимни фермерликка тайёрлаяпман. Тумандаги мажлисларга ҳам у боради. Чунки мен ҳокиму прокурорларнинг бақир-чақирига чидамайман.

2015 йил якуни бўйича қайтадан оптимизация – мақбуллаштириш жараёни бошланди. Ишни эплаб келаётганим учун хўжалигимизни иккига бўлдик – ярмини ўғлимнинг номига ўтказдик.

Ҳар икки фермерликда жами 50 гектар пахтамиз бор. Бунча ерни бегона ўтдан тозалаш  осон эмас. Лекин биз ишни яхши ташкиллаштирганмиз. Чопиқчиларимизнинг ишончини оқлаб, пулини вақтида берамиз.

Биздан 1 км узоқликда қишлоқ бор. Ҳар йили шу қишлоқдаги 10 та оилага еримизни ўртача беш гектардан бўлиб берамиз. Ўзлари чопиқ қилади, ягана қилади. Бу йил ҳар гектар ерга қўлда ишлов беришга улар билан 200 минг сўмдан келишганмиз. Жами пахтамизга бир йил давомида ишлов бериш 10 миллион сўм бўлади. Иш ҳақининг бир қисмини сомон кўринишида, яна бир қисмини буғдой, муйаян қисмини нақд пул кўринишида бераман.

Бу йил пилла масаласи қандай бўлди?

Ҳар бир гектаримиз учун 2 кг дан пилла етиштириш белгиланган. Жами 114 гектар учун 228 кг пилла топширишимиз керак эди.

Қишлоқда бир пиллачи опа бор. СССР даврида ҳам шу аёл совхознинг ярим пилласини боқиб берарди. 500 кг дан бир тоннагача пиллани ўша аёл етиштириб берарди. Фақат тут барги билан таъминлаб турсанг бас.

Яхшики, ўзим агроном бўлиб юрган вақтларимда барча йўл ёқаларига раҳбарлар талаби билан кўп тут дарахти эктирган эдик. Шунчалик кўп эккан эканмизки, ҳозир газ узилиб, уларни маҳаллий аҳоли кесиб кетаётган бўлса-да, пилла мавсумида бемалол етиб ортяпти.

Хуллас, ўша пиллачи аёл билан келишувимиз бор. Унга 25 сотих ерни пиёз экиш учун берганман. Пиёзини ўғитлаш учун 10 қоп (500 кг) селитра беришни бўйнимга олганман. Сув таъминоти ҳам менинг зиммамда. Ўзим емасам емайман, ичмасам ичмайман, лекин шу аёлга пиёзи учун керакли барча нарсаларни вақтида етказиб бераман. Чунки пилладан давлат режасини бажармай, раҳбарлар олдида юзим шувут бўлишини эстамайман.

Опа ҳам пиллани етиштириб бериш учун икки қизи, икки келини билан кечани кеча демай ишлайди. 228 кило пилла олиш осон эмас. Шунга қарамай, опа ҳар йили 50-100 кг ошиқча пилла олади. Ошиқчасини пилла режасини бажармаган фермерларга ўзи сотади.

Пилла териш пайтида ўзим, ишчиларимни бола-чақаси, таниш-билиши билан йиғиб бордим. 7 кг гуруч, 4 кг қўй гўштидан ҳашарчиларга ош қилдик.

Опахон менинг режамдагидан 100 кг ошиқча пиллани кимгадир бир миллионга сотибди. Кейин яна қанчадир ортган пиллани ҳам сотибди. Ҳалоли бўлсин. Чунки бу осон иш эмас. Асосийси, менинг режам бажарилди.

Бу йил пиллани давлат неча пулдан олди?

Пилла азал-азалдан деҳқонларга қўшимча мажбурият сифатида берилади. СССР даврида ҳам пиллани қилардик, аммо топширган пилласи учун фалон сўм олибди, деган гапни эшитган эмасман. Ҳозир ҳам шу аҳвол. Менимча, 1 кг пилла 5000-7000 сўм  атрофида сотиб олинади. Бизга берадиган квитанцияда фақат пилланинг килограмми ёзилади. Нархи, суммаси ёзилмайди. Биз пилла нархини суриштириб ўтирмаймиз. Пилла ташвишидан қутулганимизга, режани бажарганимизга хурсанд бўлиб  кетаверамиз.

Чунки пилла режасини бажармасак, ўша куни тунги соат 22.00 да ё туман ҳокими қабулига, ё туман ИИБ ҳовлисига чақиришиб, эрталабга қадар ушлаб ўтиришади. Бир оқшом туришга тоқатим йўқ у ерларда. Шу сабабли мен ортиқча гап-сўзга ҳожат қолдирмаслик учун иш қиламан.

Ўтган йил якунлари бўйича фермер ўғлимни пиллахонага таклиф қилишиб, юз метр  ҳар хил адрас матолар бериб юборишган экан. Бир йиллик пилла режасини бажарганингиз учун сизга берилган ҳақ шу, дейишибди. Шунга ҳам раҳмат. Илгарилари шу ҳам йўқ эди.

Тўғри, баъзи йиллари пилла қурти уруғини олаётганингизда қандайдир ҳақ бериб қолишади. Ҳар бир қути пилла уруғи учун 2013 йили 27000 сўмдан банк орқали нақд пул беришганди. Бир қути пилла уруғидан 40 кг пилла олиш режаланган бўлса, демак, бизга ўшанда олти қути уруғ беришган. Олтита 27000 сўмни кўпайтирсак қанча бўлади?

2014-2015 йиллари эса ҳар бир қути пилла уруғи олувчига уруғ олаётганда бир қопдан  ун қўшиб беришди. Бу йил эса ҳозирча нақд пул ҳам, ун ҳам, адрас ҳам беришгани йўқ. Ишқилиб, катталарга инсоф берсин. Инсофга келса, бир нима бериб қолишар. Ахир пиллачилар янаги йилга ҳам керак-ку.

Агар пилла олмайман десангиз, сизга биров бир нарса дейдими?

Булар шартнома қилдириб қўяди-да. Қишнинг қорли-қировли кунларида музлаб ётган туман маданият уйига барча фермерларни муҳри, тамғаси билан йиғишиб, пахта, ғалла, пилла шартномаларининг тоза, оппоқ бланкаларига муҳр бостириб олишади. Шартномага гектар, ҳосилдорлик миқдорини қўйишга рухсат беришмайди.

Тепангизда туман ҳокими, милиция бошлиғи ва прокурор ўқдай қадалиб тургандан кейин қаршилик қилиб кўринг-чи? “Муҳрим уйда қолиб кетибди”, “Муҳримни йўқотиб қўйибман», деб кўринг-чи? Пешанангизда ёнғоқ чақишади. Келмай қолган айрим фермерларнинг уйига уч-тўртталаб милиционер жўнатилади. Оёғини ерга теккизмай қувиб келишади. Унча-мунчаси ҳокимдан бир-икки тепкини ҳам ейишига тўғри келади.

Режани бажармаса-чи?

Режани бажариш масаласида ҳам худди шу аҳвол. Фақат “хўп, бажарамиз”, десангиз қутуласиз. Кейин бажариб қутуласиз. Ё терингизни қалин қилишингиз керак. Айрим фермерлар атайлаб СССР давридан қолган пахталик фуфайкада мажлисга боради. Айтишларича, ҳоким урса ҳам зарба фуфайканинг пахтасидан ичкарига ўтмас эмиш. Йиқилиб қолмасанг бўлгани. Негаки, йиқилсанг, тепки ейсан. Тепки ейишдан худо сақласин.

Пилла етиштиришдан деярли фойда кўрмас экансиз, нега барибир боқаверасиз?

Бошқа иложи бўлмагандан кейин боқамиз-да. Додимизни кимга айтамиз? Ҳоким, прокурор, милиционер бош бўлиб, тикилиб турса, қаерга борамиз? Халқда мақол бор: «Онангни қози …икса, арзингни кимга айтасан?» Шундай.

Ўзи пилла етиштиришдан келадиган даромад қилинган харажатларни қоплайдими?

Пилланинг нави кўп. Агар олий нав 7000 сўм бўлса, биринчи нав – 6000, иккинчи нав – 5000 сўм. Қорапўчоқ учун ҳеч нарса беришмайди.

Пилла уруғини пиллахонанинг ўзи етиштириб беради. Аммо пилла боқиш, пилла боқиладиган жойни дезинфекция қилиш, бунинг учун кимёвий дорилар олиш керак. Анча-мунча қоғоз ҳам керак бўлади.

Пиллахонада буларнинг айримларини – дорини, қоғозни, термометрни бериши мумкин. Аммо жойни тайёрлаш, тахта билан икки-уч қават қилиб чиқиш – ҳаммаси бизнинг бўйнимизда. Тут кесиш, кесилган тутни пилла боқилаётган жойга ташиш, техника харажати, техникага ёнилғи харажати ҳам ўзимиздан.

Лекин пиллахона буларнинг барини ўзимиз қилдик, деб харажатлар дафтарини тўлдиради. Лекин ҳали (30 йилдан бери даладаман) бирор пилла етиштирган инсон «нега бунақа», деб бош кўтаргани йўқ. Бош кўтарганни ўша заҳоти ҳоким, прокурор, милиционер бир уриб, президентимиз айтмоқчи, чиққан жойига киритиб юборади. Шу сабабли биз фақат пилла ғурбатидан қутулганимизга шукр қилиб кетаверамиз.

Айтайлик, мен 228 кг пиллани 6000 сўмдан сотсам, 1368000 бўлади. Юқоридаги харажатларни қоплашга бу урвоқ ҳам бўлмайди. Олдим айтганимдек, ўтган йили пилла пулига 100 метр адрас олгандик. Бу йил эса ҳозирча «Бағдодда ҳамма ёқ тинч»…

Пилла етиштириш жараёни тўғрисида ҳам тушунча бериб ўтсангиз.

Мавсум бир ой давом этади. Биринчи, иккинчи уйқу орасида унча кўп меҳнат талаб қилинмайди. Ҳарқалай, беш-олти қути пилла уруғини биринчи-иккинчи уйқу оралиғида беш-олти  киши бемалол эпласа бўлади. Аммо учинчи, тўртинчи уйқу оралиғидаги ўн кунлик даврда ўнта, йигирматага қадар одам ҳам тут барги етказа олмай, чарчаб қолган вақтларимиз кўп бўлган. Олти қути пилла ҳосилини териб олиш учун эса юзтача одам ҳам ортиқчалик қилмайди. Биз эллик атрофидаги одам билан ана шунча қути уруғи ҳосилини уч кун давомида тердик. Уч кун давомида кунига 3-5 тадан мардикор ёллашга ҳам тўғри келди.

Пиллага ўқувчилар, талабалар, бюджет ташкилотлари ишчилари ҳам жалб этиладими?

Менинг оиламда ҳам, ишчиларимнинг оилаларида ҳам ўқувчилар, ўқитувчилар,  тиббиёт ҳамширалари, институт талабаларига қадар бор. Қўлимизга тушганларининг ҳаммасини икки кунга пилла теришга жалб қилганмиз. Илтимос қилганмиз, ҳашарга келишни сўраганмиз. Лекин мактабга, коллежга ёки поликлиникага бориб, одамларини жалб қилишни сўрамаганмиз. Туман ҳокимлиги ҳам бунақа нарсани ўйлаб кўрмаган.

Мактабу коллежлар пилладан ташқари ҳам деҳқончиликка жалб қилиняпти. Ҳеч кам  бўлаётгани йўқ. Ёки пахта чопиғига чиқяпти. Чиқмаса, пул бериб, ўрнига кимнидир  чиқартириб, ўзига белгиланган ерни чоптиряпти. Пилла шу пайтга қадар тўлиқ фермер зиммасида бўлган. Билмайман, бу йил кўп мактаб ва болалар боғчалари ҳам фермер бўлиб кетди. Уларга ҳам пилла берилгани аниқ. Қай тариқа улар вазиятдан чиқяпти, бу ҳақда ҳозирча менда маълумот йўқ.

Мактаб ёки бошқа муассасаларнинг хоналаридан пилла етиштириш мақсадида фойдаланилгани ҳақида бирор маълумотга эгамисиз?

Билмадим. Ёнимиздаги мактаб директори ҳам фермер. Айтишларича, у бу йил пилла қурти боқмабди. Шу боис, менинг опахонимга бориб, мендан ортиб қолган пилланинг ҳар бир килосини 10000 сўмдан сотиб олибди. Демак, бизнинг мактаб хоналари бу йил пилла учун ишлатилмаган. Бошқа мактабларда қандай аҳвол бўлганидан хабарим йўқ.

Ҳокимият буйруғига кўра пилла қурти боқадиган кишилар ёки ташкилотларни биласизми?

Ҳамма ташкилот ва фермерлар фақат ҳокимият топшириғи билан пилла қурти боқади. Пилла қурти ҳеч кимнинг газагига дори эмас. Тўғри, айрим оилалар пилла боқишга ихтисослашган. Улар пилла тайёрлаб, фермерларга сотади. Шу тариқа йиллик даромадини таъминлаб олади. Уларга фермерлар томонидан талаб бор. Шунинг ортидан даромад бор. Фермерларга эса пилладан даромад йўқ, аммо ҳоким томонидан буйруқ бор, бажарилиши мажбурий бўлган талаб бор.

Ўз ихтиёрингиз билан пилла қурти боққан бўлармидингиз?

Ўзимга қолса, икки дунёда ҳам пилла боқмаган бўлар эдим. Аммо нима қиламиз. Мажбур қилишади, талаб қилишади.

Фермернинг исми, унинг илтимосига кўра, очиқланмайди
Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 апрел 2017
Хива тумани Саëт қишлоғидаги 31-мактабнинг 15 яшар ўқувчиси M.T 5 апрел куни Хива туман туғруқхонасида ўғил туғди. Муҳайё таҳсил ...
20 январ 2016
Петербургда истиқомат қиладиган ўзбек муҳожирига кўра, бу икки фоҳишахонада асосан ўзбек қизлари ишлаган. Агар Питердаги ўзбеклардан Просвещения кўчаси 33 ...
18 октябр 2016
Собиқ шўролар даврида аграр сохани механизациялаш масаласига озми-кўпми эътибор берилгани, мамлакатда катта миқдорда пахта териш комбайнлари ишлаб чиқарилгани, пахта ...
26 январ 2016
Ўзбек расмий рухонийларини тамсил қилган нашр ҳар бир фуқаро ўқиши керак бўлган китоблар рўйҳатини белгилади. “Ҳар бир ўзбек ўқиши ...
Блоглар
16 октябр 2017
Ҳар дам олиш кунлари Тошкентдаги турли вазирликлар, давлат қўмиталари, сон-саноқсиз бюджет ташкилотлар олди эрта тонгдан ...
13 октябр 2017
9 октябр куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Танзила Норбоева, (фото: чапдаги расм) nuz.uz нашри орқали ...
9 октябр 2017
«Талқончи» нон ушатишда давом этади… Ўзбек махбуслари учун чақимчи камерадош билан яшаш қандай ёқимсиз… Собиқ ...