Дайжест
18 июл 2016

Мухолифат партиянинг «оламшумул» ишлари

«Адолат» газетасини варақлаб, Ўзбекистон сиёсий ҳаётидаги навбатдаги ўхшамаган пародия, ўзбекча айтганда, ўхшамаган тақлидга кўзингиз тушади.

Тақлидки, кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсиз. Бунинг устига, демократияга тақлидки, тушунмаган, миллий мафкурадан сал оғишиб фикрламайдиган одамни чалғитиши ҳеч гап эмас. Аслида ҳам бу мақола одамни қандайдир ҳақиқий демократик тамойиллардан чалғитишни қаратилгандек туюлади.

Нима эмиш, парламентдаги мухолифатдаги партия (ишонинг, айнан мухолифатдаги) бўлмиш «Адолат» таклиф этган муқобил қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси тажрибасида илк бор муҳокама этилибди.
Аввало, қойил қолиш керак, газета ўз муассиси бўлмиш партияни «мухолифатдаги» деб эълон қилди. Аммо сиёсий ҳушёрлик нуқтаи назаридан «мухолифатдаги» деган жойига қайта-қайта «парламентдаги мухолифат» деган сифатни тиқиштиришни унутмади.

Чунки парламентда ким бор? Эгизак ака-укалари бор. Уларга амаллаб мухолифатчилик қилса бўлади. Лекин парламентдан ташқарида, масалан, ҳукуматни танқид қилиш, «улкан ютуқлар»га соя ташловчи гапларни гапириб қўя олмайди.

Зеро, бу гаплар парламентдан ташқарида. Парламентда бундай гапларни гапириш «ота бир, онасиз туғилган» сиёсий кучларнинг нуфузига таъсир қилиши мумкин. Бу эса «умумий ота»нинг машҳур моделига тўғри келмайди.

Газета ҳам бу жиҳатларни тушунган ҳолда гапни «ота»ни улуғлашдан бошлайди.

«Давлатимиз раҳбари 2015 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси ҳамда Қонунчилик палатасининг ташкилий йиғилишидаги маърузасида парламент фаолиятини профессионал даражага кўтариш, хусусан, қонун ижодкорлигини ва қонунчилик фаолияти сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган эди», деб кириш гап қилади.

Бу «парламентдаги мухолифатдаги партия» нима каромат кўрсатди экан, наҳотки бирорта каттароқ, халққа ёндашадиган гап айтиб қўйдимикин, элга қайишадиган қонун лойиҳасини муҳокамага кириб, «мухолифат» деган сўзга жон киритдимикин, деб ўйлаётгандирсиз.

Ҳафсалангиз пир бўлса, биз айбдор эмасмиз. Бечора мухолифатдаги «Адолат» муҳокамага киритган қонун лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад «www.lex.uz сайтида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақомини беришдан иборат». Бор-йўғи шу.

Шу пайтгача ҳам сайтда шундай ҳужжатлар эълон қилинарди, бундан кейин ҳам эълон қилинади. Бунинг устига, сайт фақат расман қонун ҳужжатига айланган ҳужжатларни жойлаштиради. Унга расмий мақом бериш мухолифатдаги партия оламга жар солиб, обрў оладиган иш эмас аслида.

Бундан ташқари, партия бу ишини «парламент тажрибасида илк маротаба» деб эълон қилганининг ўзи «демократик, ҳуқуқий давлат қураётган» Ўзбекистоннинг 25 йиллик мустақиллиги байрам қилинаётган йилда айтилаётгани президентнинг шу пайтгача демократия тўғрисида айтган ҳамма гапларини йўққа чиқармайдими?

Наҳотки, 25 йил «демократик йўл»дан юриб, парламентимиздаги «мухолифатдаги партия» эндигина оддий, аслида бугунги реал шароитда бир тийинга қиммат, аҳамиятсиз қонун лойиҳасини муҳокама киритгани билан мақтанадиган даражага етган бўлсак?!

«Ҳажман кичик, лекин мазмунан чуқур» китоблар

Президентимиз китоб ёзишни яхши кўради. Ҳар ҳолда, унинг ҳар бир даврадаги гапи китоб шаклида чиқиши шундай таассурот уйғотади.

Раҳматлик Леонид ака Брежнев ҳам китоб чиқаришни яхши кўрарди. «Кичик ер» китобини ёзди, юз минглаб нусхада чиқди, «Қўриқ» китобини ёзди, нусхасининг саноғи йўқ. Лекин бирортаси кўксига таққан навбатдаги нишонидан кўра машҳурроқ бўлгани йўқ.

Бизникилар ҳам яқин тарихнинг бу сабоғини эсга олмасдан, давлатимиз раҳбарининг «асарлари»ни босишдан чарчамаяпти. Куни-кеча ҳам юртбошимиз шунча ишидан ортиб яна иккита китобини нашрдан чиқарди.
Юртимиздаги бир қанча нашрлар ЎзАга асосланиб, бу китоблар «ҳажман кичик, мазмунан чуқур» эканини муштарийларига етказиб қўйиш масъулиятини виждонан адо этди.

Унда ёзилишича, «бу китобларни «озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди», деган ҳаётий ҳақиқат бош ғоя сифатида бирлаштириб туради».
Бу китоблар президентнинг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига сафарида айтилган гаплари, фикр-мулоҳазаларидан иборат.

Демак, президент бир жойда гапирса, албатта, бу китоб бўлиб чиқиши эҳтимоли юқори. Шунинг учун давлатимиз раҳбари бир жойга борганда «қадамингизга ҳасанот» дегандан кейин бемалол «чиқажак янги китобингиз муборак», деб аввалдан қутлаб қўйсак, асло хато қилмаган бўламиз.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
14 декабр 2017
Рассом Туз акс эттирган расмдаги бу ҳайвонни биласизми? У қандай ҳайвон? Қаерларда яшайди? Нимадан қўрқади? Кимга бўйсунади? Кимларга ташланади? ...
4 декабр 2016
4 декабр кунги сайловда қатнашган Халқ Демократик Партиясидан номзод Хатамжон Кетмонов сайловда қатнашиб ўзига овоз берганини матбуотга айтди. «Адолат» ...
1 октябр 2016
Ўзбекистоннинг бир қанча вилоят ва туманларида, шунингдек, Қорақалпоғистонда бу йил 18 ёшга етмаган болалар пахтага чиқарилганини eltuz.com ўз манбалари ...
30 ноябр 2017
Ноябрь охирига келиб Мирзиёевнинг «қишлоқлардаги ҳар бир хонадоннинг товуқ боқиши ва лимон етиштириши»га имкон яратишга оид ташаббуси ўзини оқламагани ...
Блоглар
18 декабр 2017
«Пахтага борасан, дейишди. Агар бормасанг, аризангни ёз ёки ўрнингга одам жўнат, дейишди. Ўзимизнинг ишимиз қолиб, ...
16 декабр 2017
Бундан 31 йил олдин Совет раҳбарияти Олмаота ëшларининг исëнини шафқатсизларча бостирган эди. АҚШ конгресси кутубхонасига ...
14 декабр 2017
14 декабрь куни таниқли фоторассом Умида Аҳмедова ўзининг фейсбук саҳифасида бузилаётган Киночилар уйи ҳаробаларини суратга ...