Кундалик
19 июл 2016

Бухарбоеваларга ҳамдардлик

Бугун Ўзбекистоннинг таниқли ва жасур журналистлари бўлган Галима ва Багила Бухарбоеваларнинг оналари Манзура Бухарбоева вафот этгани ҳақида хабар топдик.

Манзура опа 71 ёшида вафот этди. Унинг узоқ вақт касал ётгани ва бундан бир неча кун илгари вафот этгани ҳақида эшитдик.

Узоқ йиллик дўстларим ва ҳамкасбларим Галима ва Багилага ҳамдардлик билдираркан, ўтган суронли даврни эсладик.

Улуғбек Ҳайдаров: Журналист Галима Бухорбоеванинг онаси Манзура опанинг оламдан ўтгани хақидаги хабар Ванкуверга ярим тунда етиб келди.

Ошхонага тушиб, турк қаҳваси хозирладим ва Манзура опа билан бўлган сўнгги учрашувимизни хотирладим. 2006 йилнинг 8 ноябрида, Навоийдаги зонадан озодликка чиқдим.

3 ойлик маҳкумлик давридаги руҳий ва жисмоний қийноқлар хибсда унчалик ўзини сездирмаган бўлсада, очиққа чиққанимдан сўнг деярли тўшакка михлаб қўйди. Шифокор назоратида ўн кунча уйда даволандим.

Бироз ўзимга келгач, хорижий давлатларнинг Тошкентдаги элчи ва консуллари бирин кетин учрашувга чақира бошлашди.

Ана шундай кунларнинг бирида, Манзура опа мени уйларига таклиф қилиб қолди. Аввалари хам Галима Бухарбаеванинг хонадонида кўп бўлганман. Манзура опа билан турли мавзуларда кўп сухбатлашганмиз.

Фикрлаши кенг, маданиятли ва ўқимишли бўлган Манзура опа ўзининг пазанда экани билан ҳам ёдимда қолган.

Хуллас, уйларига чақиргач, бордим. Мени кўриб, кўзларига ёш пайдо бўлган ва «Жуда озиб кетибсана» дегандилар. Оқсоқланиб юришимни кўриб, «Зудлик билан оёқларингни рентгенга тушириш керак» дедилар ва қаёққадир телефон қилдилар.

Гаплашиб бўлгач, «Давай, яхши бир таниш врач травматолог бор. Унга, мени укам келган, оёғини рентген қилиш керак дедим. Тез бўл, бориб келамиз» дедилар. Такси чақирдилар ва биз 15 дақиқа ичида ўша травматолог олдига етиб бордик.

Ишимиз тез битти: шифокор йигит Манзура опанинг «укаси»ни навбатсиз қабул қилди. Манзура опанинг хавотири бежиз эмас экан. Рентген суратлари ўнг оёғимнинг товони суягида дарз борлигини аниқлади. Шифокор рентгент суратларини кўриб, «Манзура опа, укангизни вақтида олиб келибсиз.

Товон суягидаги дарз хавфли. Агар чора кўрилмаса, дарз орасига эт битиб қолади ва кейин фақат жаррохлик амалиёти билан даволанишга тўғри келарди» деган эди ўшанда. Манзура опанинг харакати билан амалга ошган муолажа туфайли, тез орада оёқларимни бемалол босиб юрадиган бўлдим.

Орадан бир мунча вақт ўтгач, олис Канада менга бошпана бергач, бу ерда яна бир маротаба шифокорлар кўригидан ўтдим. Бир вақтлар Манзура опанинг таниш травмотологи берган маълумотнома ва рентгент суратларини уларга бердим. «Ўз вақтида малакали шифокорга кўринган экансан, акс холда хозир анча қийналган бўлардинг» деганди доктор Хансен ўша рентген суратларини кўриб…

Жойингиз жаннатда бўлсин, мехрибон ва мунис Манзура опа…

Қудрат Бобожон: Мен Манзура аянинг Тошкентдаги «Болалар дунёси» биноси тепасида жойлашган уйида бир неча бор меҳмон бўлганман, у мени яхши танир, менда ҳам улар юксак маданиятли бир оила сифатида таассурот қолдиган эди.

Бухорбоеваларнинг бизнинг оилага менгзайдиган томони 2014 йили вафот этган Бухарбоеваларнинг отаси Сулаймон Бухарбоев ҳам Давлат телерадиокомпаниясида, менинг отам, рахматлик Ражаббой Бобожонов каби журналист бўлиб ишлаган, чин маънодаги профессионал журналистларни вояга етказган…

Ўлим ҳақ… Мен бугун оиламиз ва журналист дўстларим, ҳамкасбларим номидан бухарбоеваларга ўз таъзиямни билдираман, Манзура опани Оллоҳ раҳмат қилсин, яқинларига сабр бардош тилайман.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 феврал 2017
13 феврал куни жазони ўташ муддати тугагани ортидан 69 ëшли Рустам Усмонов қамоқдан чиқарилди. Миллионер Рустам Усмонов 1998 йили ...
2 декабр 2017
1 декабрь куни Тошкент шаҳри судида одам савдосида айбланиб, 10 йилга қамалган 28 яшар Шерали Маҳмудов шикояти бўйича аппеляция ...
11 октябр 2018
Сиёсий таҳлилчи Анвар Назирнинг «Элтуз»га билдиришича, Тошкент қатлгоҳларида 1938 йилнинг 4 октябридан 8 октябрига қадар Туркистоннинг беш юздан зиёд ...
9 август 2016
Давлат тадбирларида тор чалинмаслиги лозимлиги тўғрисида тавсиялар берилганини айтган Озодлик радиосига кўра, Ўзбекистонда тор чалиш бўйича махсус таълим тўхтатилган ...
Блоглар
12 октябр 2018
Ўзбекистон ҳарбий қисмларидан биридаги аскарнинг «Элтуз»га билдиришича, улар вақтли ҳарбий хизматни Андижон вилояти далаларида пахта ...
10 октябр 2018
«Cуҳбатимиз ғайритабиий тус олаётганга ўхшаб кетяпти менинг назаримда, яъни мелиса ходими ва маҳкум ўртаси­даги савол‑жавоб ...
9 октябр 2018
Ахборот технологиялари ва коммуникацияни ривожлантириш вазирлиги октябрь ойининг бошида Ўзбекистонда кўриш тақиқланган 103 фильм рўйхатини ...