Асосий мавзулар
9 сентябр 2016

Номи бошқа, ичи бир хил газеталар

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов вафотидан сўнгги бир неча кун ичида мамлакатда чоп этилган деярли барча нашрлар бир хил қиёфага кирди, десак хато бўлмайди.

Газеталар президент вафотига бағишланган расмий маълумотлар билан тўлди. Агар уларнинг номларини айтмаса, саҳифаларидаги бир-икки муаллифлик мақолаларини ҳисобга олмаса, асосан, ЎзА томонидан тайёрланган бир хил материаллар босилди.

Айрим газеталар, масалан, 5 сентябрдаги «Ўзбекистон овози», «XXI аср», «Адолат» кабиларнинг деярли 60-70 фоизи ЎзАдан олинган материаллар билан тўлдирилди.

Ислом Каримовнинг ўлими газеталарда эътиборни тортадиган битта ўзгаришга сабаб бўлди. Энди уларнинг марҳум давлат раҳбарига бағишланган хос материалларидан ташқари бирортасида шу пайтгача оддий лавҳаларга ҳам тиқиштириб келинган президент номи учрамаяпти.

Ҳатто шу пайтгача бирорта мақоласи эндиликда марҳум президентга «пахта қўйиш»сиз чоп этилмаган журналист Муҳаммаджон Обидовнинг 7-сентябрда «Ўзбекистон овози» газетасида эълон қилинган «Электорат манфаатлари ҳимояси» сарлавҳали каттагина лавҳасида юртбошининг номи эслатиб ҳам қўйилмаган.

«Улкан ютуқлар», «туб ислоҳотлар», «мислсиз бунёдкорлик ишлари» каби сўзлар олдидан энди «юртбошимиз раҳнамолигида», «президентимиз ташаббуси билан», «чексиз ғамхўрлиги туфайли» сингари таърифлар йўқ. Албатта, бағишлов мақолалар бундан мустасно.

Бу ҳолат Сулаймон ўлиб, девлар қутулганини англатади, деб ўйламанг. Назаримизда девлар, бу ўринда маҳаллий матбуот янги Сулаймон ким бўлишини кутаётгандек. Яна бир тахмин шуки, журналистлар пахта қўйиладиган жойни йўқотиб қўйдилар ва энди нима қилиш кераклиги ҳақида ҳали ўз хўжаларидан аниқ-тиниқ кўрсатма олиб улгурмадилар.

Мана шу умумий фонда «мустақил газета» рутбаси билан чиқадиган «Ҳуррият» бирмунча ажралиб турганини айтмасак, адолатсизлик бўлади. Унда ЎзАнинг материалларидан кўра ўз мақолалари кўпроқ.

Аммо «Ҳуррият»нинг «Ватан дейди юракларнинг дупури», «Бунёдкор эл жасорати» каби йириккина мақолаларида ҳам президентга аввалги «эҳтиром» йўқ. Ҳолбуки, илгари бундай мақолаларда энг камида бир неча жойда унинг номи тилга олинарди.

Газетанинг 7 сентябрдаги сонида «Ғоялари барҳаёт, номи абадий» сарлавҳаси остида босилган бағишловнинг ҳажми анча катта. У «ўтган ҳафта давомида халқимиз даврнинг яна бир қалтис синовидан ўтгани», Ислом Каримов вафот этганини билдиришдан бошланади.

Сўнг эса «бошимизга тушган ана шу мусибатдан ҳам ёвуз кучлар ўзларининг нопок ниятлари йўлида фойдаланишга урингани» айтилади.

«Айрим хорижий ОАВда, хусусан, интернетнинг ижтимоий тармоқларида ҳаёт ҳақиқатига зид бўлган турли фитна ва иғволар тарқатилди. Ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун оммани фикран бузмоқчи бўлди», дейилади мақолада ва «жамоатчилик, айниқса, мустақиллик фарзандлари – ёшларимиз бу ахборот хуружига қарши тура олгани»га шукур қилинади.

Муаллиф Ислом Каримов журналистларни «менинг яқин кўмакчиларимизсиз», деб олқаганини эслатади.

Албатта, марҳум президентнинг маҳаллий журналистларни олқаганича бор эди. Улар ҳақиқатан ҳам мавжуд тузумга кўмакчи бўлиб, унинг ёлғонга асосланган сиёсатини кўкларга кўтариш билан халқни манқуртга айлантириш ҳаракатининг олдинги сафида турди.

Бу кўмаги учун ҳукумат уларга атаб «Олтин қалам» мукофотини таъсис этди, «Йилнинг энг фаол журналисти», «Энг улуғ, энг азиз» кўрик-танловларини ташкил қилди.

Охир-оқибат ҳукумат назоратидаги ўзбек журналистикаси куни-кеча биз гувоҳ бўлган ҳолатга келиб қолди. Ҳатто президент саломатлиги ҳақида бир оғиз гап айта олмай, халқнинг бу ҳақдаги ахборотга бўлган эҳтиёжига тупурди. Туяқуш каби бошини қумга тиқиб ўтирди. Юқорининг кўрсатмасини кутди.

Элнинг ҳақиқий аҳволи, реал ҳаёт ҳақида шунча йиллардан бери бир оғиз гапирмаган, халқнинг эмас, ҳукумат манфаатини ифода этиб келган бу матбуотдан яна нима ҳам кутиш мумкин аслида?!

Нега Ўзбекистон матбуоти Каримовдан кейинги ҳокимият алмашуви қандай кечаётгани ҳақида шарҳлар йўқ? Нега мамлакатни ўргимчак тўри каби қоплаб қолган коррупция ҳақида гапирилмайди? Миллионлаб фуқаронинг иш излаб хорижга кетишининг асл сабаблари нимада?…

Албатта, бу каби «ноқулай» саволлар, масалалар билан маҳаллий журналистлар бошини қотириб ўтирмайди. Чунки улар ҳозир бу борада «айрим хорижий ОАВларда урчийдиган фитна ва иғволар»га жавоб беришга тайёрланиш билан бандга ўхшайди.

«Ҳуррият»даги мақола муаллифида эса ҳақиқий, ҳаққоний, халқнинг эркин ахборотга бўлган чанқоғини қолдирадиган журналистикага қайтиш нияти ҳали-бери йўқлиги унинг ёзганларидан яққол кўриниб турибди.

Энди у Ислом Каримовнинг «иккинчи – абадий умри» ҳақида том-том асарлар битилажагини башорат қилмоқда.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 ноябр 2023
Ўтган йилнинг август ойида Ўзбекистон ва Швейцария Гулнора Каримованинг мусодара қилинган 131 миллион долларни қайтариш бўйича келишув имзолаган эди. Бу Каримованинг ...
7 ноябр 2018
Қўшкўпир тумани ҳокимлигидаги тунги мажлисни ёритмоқчи бўлгани учун етти суткага қамалиб, 5 ноябрь куни озодликка чиққан урганчлик 47 яшар ...
21 май 2018
Президент Мирзиёев 19-20 май кунлари Андижонда ўтган йиғилишда ДХХ ходимларига уй қуриш ва маошини кўтаришга ваъда берди. «Ҳозир қўл ...
9 апрел 2016
Ўзбекистонда битирувчилардан иш билан таъминлангани, кўплари эса уй ишларига бандлиги юзасидан қўшиб ёзишлар бўлаётгани, иш ҳақи эса ниҳоятда пастлиги ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...