Асосий мавзулар
12 сентябр 2016

Ўзбек пластик картасининг туганмас бош оғриқлари

«Оила даврасида» газетаси (08.09.2016) бугунги Ўзбекистоннинг оддий аҳолисини энг кўп ўйлантираётган муаммолардан бири – банк пластик картаси орқали молиявий муомалаларга оид масалаларга эътибор қаратади.

«Бировнинг пластигидан тўлаш мумкин эмас…ми?» сарлавҳали мақолада Марказий банкнинг мансабдор вакили айрим долзарб саволларга жавоб қайтарган.
Хусусан, «Банкда пластик картадаги пулни нақдлаштириш мумкинми? Қанча миқдорга рухсат берилган ва неча мартагача?» деган саволга Марказий банк вакилининг жавоби кўпчиликка умид уйғотиши мумкин.

«ЎзР президентнинг 2005 йил 5 августдаги «Банклардаги депозит ҳисобварақлардан нақд пул тўловларини узлуксиз таъминлаш кафолатлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, банклар аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга нақд пулни уларнинг депозит ҳисобварақларидаги, шу жумладан, пластик карталаридаги мавжуд маблағи доирасида беради», дея жавобни қисқа қилган банк вакили.

Аммо газета банк вакилига аслида реал ҳаётда бунинг мутлақо акси эканини негадир эслатмаган ёки эслатишдан фойда йўқ, ҳамма билган нарсани сўрашдан нима фойда, деган истиҳолага борган.

Чунки Ўзбекистон банклари президентнинг юқорида тилга олинган қарори шартларини шу пайтгача ҳеч қачон бажармаган, бу яқин ўртада бажара олиши ҳам даргумон. Зеро, мамлакатда нақд пулнинг ўта кучли танқислиги кузатилмоқда.

Ҳатто пенсионерлар ҳам пластик карточкасидан 100 минг сўмгина нақдлаштириш учун ҳали қуёш бош кўтармасидан банклар олдида сарғайиб ўтираётгани, корхонаю ташкилотлар нақд пулда маош беришга қийналаётгани тўғрисида мустақил нашрларда кўп ёзилмоқда.

Айни пайтда «учарлар» пластик картадаги маблағни нақдлаштириш учун 15-20 фоизгача ҳақ сўраётгани, тадбиркорлардан эса ҳисоб рақамидаги маблағни нақд олиш учун 30 фоиздан ҳам кўпроқ устама сўралаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Юқорида тилга олганларимиз Ўзбекистон банк соҳаси инқирозда экани, молиявий муносабатлар коррупция билан уйғунлашиб кетганидан далолатдир.

Лекин ҳозирча «тинчлигимиз ва барқарорлигимизни кўра олмаётган»лар билан курашишга бутун куч-ғайратини сарфлаётган маҳаллий журналистлар бу муаммоларга эътибор қаратаётгани йўқ.

Депутатнинг ёлғони

Пластик карта муаммоси «Адолат кўзгуси» газетасида (08.09.2016) ҳам кўтарилган. 87 ёшли пенсионер пенсияси ўз розилигисиз пластик картага ўтказиб берилаётгани, бу эса унга ноқулайлик туғдираётганидан арз қилган.

Гарчи газетада пенсионернинг бу муаммоси ҳал қилингани айтилган бўлса-да, пенсияси мажбурий тарзда пластик карталарга ўтказиб берилаётганидан азият чекаётган пенсионерлар сони жуда кўплигини тахмин қилиш қийин эмас.

Худди шу газетада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров билан суҳбат ҳам эълон қилинган.

Депутатнинг иддао қилишича, «пахтани тўлалигича қайта ишлаб, дунёнинг турли мамлакатларига юқори сифатли тайёр маҳсулот сифатида сотяпмиз».

Албатта, айримлар пахта соҳасидаги бу «ютуғимиз»дан бехабар қолиб, депутатнинг ёлғонини пайқамаслиги ҳеч гап эмас.

Аслида, маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳатто етиштирган пахтасининг 50 фоизини ҳам қайта ишлайдиган саноатни ҳали ярата олгани йўқ. Бунинг мисоли Тошкентда ҳар йили ўтказиладиган халқаро пахта ярмаркасидир.

Мана шу ярмарка орқали ҳар йили юз минглаб тонна пахта толасини хорижга сотишимиз ҳеч кимга сир эмас-ку?! Ҳар йили бу билан мақтаниб турган бир пайтимизда депутат қаердан олди экан юз фоиз пахтамизни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида сотаётганимизни?!

Суҳбатнинг яна бир ўрнида депутат шўролар даврига ишора қилиб: «Бизнинг истеъдодли ёшларимиз қор босган далаларда пахта териб юрган бир пайтда собиқ иттифоқнинг айрим давлатларидаги ёшлар фан-техниканинг сўнгги муваффақиятларини ўрганишаётган эди», деб ёзғиради ва бугунги авлод учун ҳамма «шароитлар» яратилгани билан мақтанади.

Депутатга атрофга назар ташлашни маслаҳат қилган бўлардик. Айни шу кунларда дунёнинг бошқа давлатларида ёшлар ҳали ҳам фан-техника ютуқларини ўрганаётган бир пайтда ўзбек йигит-қизлари яна пахта даласига қувиляпти.

Минглаб талабалар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар вакиллари бугун пахтазорда.

Ҳатто «мамлакатимиз қудратининг тимсоли» деб улуғланаётган «шонли армиямиз» ҳам бугун пахтазорларда «дала ўқув машғулотлари»ни ўтказишга сафарбар қилинган.
Гарчи улар қор остида пахта термаётган бўлса-да, уларни яшаш учун оддий шароитлар ҳам бўлмаган чанг-қировли далалар, раҳбарларнинг зулми кутиб тургани шубҳасиз.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
1 июн 2017
30 май куни ижтимоий тармоқда президент Мирзиёевнинг банкирларни кескин танқид қилгани аудиоси пайдо бўлди. Видеоселектрдан ёзиб олинган аудиода президент ...
6 октябр 2016
6 октябр куни эрталаб милиция ходимлари томонидан ушланган фотограф Темур Карпов билан бирга Тошкент вилоятининг Бўка тумани пахта даласида, ...
2 апрел 2017
1918 йилнинг 2 апрелида Туркистондаги қозоқ миллий озодлик ҳаракати бўлган “Алаш-ўрда” партияси раҳбарлари ўша даврда СССР раҳбарлари бўлган Владимир ...
3 январ 2017
Қорасувлик Яхë Машрабов Бишкекка учиб келди, уни сўроқ қилган қирғиз расмийлари Машрабовнинг террорга алоқаси йўқлигини айтишди. Қирғизистонлик бундан илгари ...
Блоглар
28 июл 2017
Шу йилнинг 26 мартида Тошкентнинг «Гранд-кафе» емакхонасида содир бўлган бу воқеада жамиятдаги шафқатсизлик, ҳокимият амалдорларининг ...
23 июл 2017
Бундан юз йил бурун Туркистонда рўй берган бу воқеа минтақанинг бўлинган мамлакатларида бугун турлича талқин ...
22 июл 2017
Эътироз билдиришга уриниб ҳам кўрманг, чунки бу бугуннинг ҳақиқати. Ўзбекистоннинг қайси вилоятига борманг, пахтазорда юрган, ...