Асосий мавзулар
25 октябр 2016

Халқ шоири ҳаёт қозонини қайнатаётган гўлах кимлигини билади

Ислом Каримов ҳукмронлигининг гуллаб-яшнаган даврида халқ шоири даражасига эришган «омадли» шоирлардан бири Иқбол Мирзо шамол қаёққа эсаётганини кўпчилик ижодкорлардан яхши билишини кўп бора намойиш этган.

Ҳатто унинг президент вафотидан кейиноқ халқ эътиборига ҳавола этилган бир шеъри «янги президент ким бўлишига башорат ўлароқ» талқин қилинган эди.

Шоирнинг «Халқ сўзи» газетасида (22.10) чоп этилган «Жайҳун саболари» лавҳаси бир қарашда бўлажак давлат бошлиғи шаънига мадҳиябозликка ўхшамаслиги мумкин. Аммо уни диққат билан ўқиб чиқсангиз, Иқбол Мирзонинг мақсадини англагандек бўласиз.

Мақола бир қарашда Хоразм вилоятида халқ билан учрашувлардан олинган таассуротлар асосида ёзилгандек туюлади. Чунки унда ижодкорларнинг халқ орасига кириб бориши ҳақида гап боради.

«Аслида ҳақиқий қаламкаш ҳаёт қозонининг қайнаб турган жойида, жўшқин ҳаёт ичида, халқ орасида бўлиши керак… Бизга, шоир-ёзувчиларга, санъаткорларга халқ билан учрашиш, ҳамсуҳбат бўлиш, ўзини англаш имконияти яратиб берилмоқда», дейди шоир.

Ижодкорга кимдир халққа аралашиш имкониятини яратиб бераётган экан, у ўша «кимдир»дан нимадир қарздор бўлиб қолмайдими? Қолаверса, нега «ҳақиқий қаламкаш»ларга кимдир халқ билан дилдош, сирдош бўлишга имконият яратиб бериши керак?

Халқ шоири даражасига эришган мендек шоирнинг халққа яқин бўлишига нега кимлардир имконият яратиб бериши керак, деган масала негадир муаллифнинг хаёлига келмаган.

Бунинг ўрнига у Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган боғотлик «оддий далачи» Шарипбой оғанинг тилидан мақоладан кўзланган асосий мақсадни баён қилади.

«Яқинда Ўзбекистон Республикаси президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Қўшкўпирда фаоллар билан ўтган учрашувда жуда долзарб, халқ фаровонлигини амалий таъминлайдиган режалар билан ўртоқлашди», дейди «далачи».

Кейин эса: «У кишининг ташаббуси билан «ишонч телефонлари» ишлаб тургани ҳамда кўтарилаётган муаммолар зудлик билан ҳал этилаётгани халқимиз кўнглини ишонч ва эҳтиром билан тўлдиряпти», дея қистириб ўтади Иқбол Мирзо суҳбатдоши тилидан.

Мақолада шундан бошқа пичоққа илинадиган ҳеч нарса йўқ. Қолган ҳамма гаплар бошқалар ҳам айтиши, ёзиши мумкин бўлган дил изҳорлари. Фақат шоирона ўхшатишу ташбеҳларни айтмаганда…

Халққа яқинлашишга имконият яратиб берилишини кутиб ўтирган бу шоиру ёзувчилар сўнгги вақтларда «анчагина фаоллашиб қолгани»ни муаллифнинг ўзи ҳам тан олади. Улар ичида энг фаоллашгани эса муаллифнинг ўзидек туюляпти.

Нодемократик мамлакатларда давлат тепасига келган янги раҳбар аксарият ҳолларда ўзининг маддоҳлари алоқадор ташкилотлар бошлиқларини янгилаши одати мавжуд. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида ҳам сайловдан сўнг шундай ўзгаришлар бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.

Иқбол Мирзонинг сўнгги вақтларда ўзи айтгандек «фаоллашиб қолгани» ортида ёзувчилар серкаси қўнғироғига эришиш орзуси ётган бўлса не ажаб…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
28 сентябр 2015
Бу саволни қўйишимга сабаб, баъзи ўзбекдан чиққан «доно»ларнинг Россияга иш излаб бораётган ҳамюртларимизга сурбетларча шу тамғани ёпиштираётгани бўлди. Аслида ...
13 октябр 2016
Гулнора Каримова дея ишонилаётган Афина@zabitaya1972 юзери бугун аккаунтининг бузилгани ҳақида хабар қолдирди. «Менинг қадрдонларим, менинг профилимни бузишди! Бутун кун ...
7 июл 2016
«Ҳуррият» газетаси Рамазон ҳайити муносабати билан эълон қилган «Эътиқод эркинлигининг тоза ҳавоси» сарлавҳали мақола юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳайит намозини адо ...
5 август 2016
Таниқли актриса Саида Раметова билан боғлиқ видео водий ресторанларидан бирида қўл телефонида тасвирга олинган бўлиб, бунда у ҳинд қўшиқлардан ...
Блоглар
28 июл 2017
Шу йилнинг 26 мартида Тошкентнинг «Гранд-кафе» емакхонасида содир бўлган бу воқеада жамиятдаги шафқатсизлик, ҳокимият амалдорларининг ...
23 июл 2017
Бундан юз йил бурун Туркистонда рўй берган бу воқеа минтақанинг бўлинган мамлакатларида бугун турлича талқин ...
22 июл 2017
Эътироз билдиришга уриниб ҳам кўрманг, чунки бу бугуннинг ҳақиқати. Ўзбекистоннинг қайси вилоятига борманг, пахтазорда юрган, ...