Кундалик
15 январ 2017

МХХ раисининг исеъфога чиққани иддао қилинмоқда

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматини 1995 йилнинг 26 июнидан бери бошқарган Рустам Расулович Иноятов, мамлакатдаги юзага келган вазиятдан келиб чиққан ҳолда, январнинг иккинчи ҳафтасида ўз вазифасидан истеъфо берди.

Бу ҳақда Элтузга МХХнинг бир неча собиқ мулозими маълум қилди.

Бундан олдин таниқли ўзбек журналисти Ўзбекистон ҳукуматидаги ўта нуфузли мулозимга таяниб Рустам Иноятовнинг ишдан кетгани ва унинг ўрнига бошқа одам қўйилганини билдирган эди.

Аммо, бошқа манбаларга кўра, Рустам Иноятовнинг истеъфосини президент Шавкат Мирзиёев қабул қилган эса-да, янги муносиб раҳбар топилгунга қадар, ундан ўз вазифасини бажариб туришни сўраган.

Шуҳрат Ғуломов бадарға қилинди

Шуҳрат Ғуломов, расмда ўртада. Фото: Regnum

Рустам Иноятов ўрнига ким тайинланиши ёки тайинлангани ҳақида манбалар фикри иккига бўлинган: баъзиларнинг ишонишича, Рустам Иноятов ўрнига Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон президентининг миллий хавфсизлик бўйича давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, Совет даврида Ўзбекистон КГБсининг 5-бўлимини бошқарган, асли жиззахлик 62 ёшли генерал Бахтиёр Хисомович Ғуломов номзоди маъқулланган; бошқа манбалар эса Рустам Иноятов ўрнига охирги пайтларда унинг муовини бўлган, россияпараст Мухтор Ниёзов тайинланганини айтадилар.

Бу вақтга келиб, Ўзбекистон МХХ раисиининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон қахрамони 53 яшар Шухрат Ғуломов вазифасидан озод қилиниб МХХнинг Сурхондарë вилоят бошқармасига ишга юборилди. Манбалар иддаосига кўра Шуҳрат Ғуломов бу ҳолатни камситиш дея баҳолаб истеъфо берган.

Айни пайтда бу ҳақда расмий хабар йўқ.

Рустам Иноятов, Тошкентдаги Элтуз манбаларига кўра, шу кунларда ишга чиқаётгани йўқ.

Энг узоқ ўтирган давлат амалдори

Рассом Туз карикатураси

Жорий йилнинг 27 августигача, яъни Каримовнинг миясига қон қуюлгунига қадар, Ўзбекистоннинг сўнгги 25 йили давомидаги мутлақ раҳбари Ислом Каримовгагина бўйсуниб келган МХХ идораси ва унинг раиси Рустам Иноятов ҳокимиятдаги энг қудратли шахс сифатида қолаётган эди.

Рустам Иноятовдан олдин Ўзбекистон КГБ идорасига 1989-91 йилларда генерал майор Моргасов Анатолий Сергеевич, 1991 йилнинг 12 июнидан генерал майор Алиев Ғулом Алиевичлар рахбарлик қилгани маълум.

Элтуз суҳбатлашган Ўзбекистондаги мулозимлардан бири “МХХнинг Каримовдан кейин назоратсиз қолиши исталмаган салбий оқибатларга” элтишидан қўрқишини айтган эди.

Шу ўринда МХХ раиси Рустам Иноятов шахсига бир назар.

У нафақат КГБ/МХХ, балки мустақил Ўзбекистон ҳокимият тизимлари тарихида ўз курсисида энг узоқ ўтирган амалдор бўлиб қолмоқда.

Диктатурага элтувчи фармон

Рассом Туз карикатураси

1991 йилнинг 26 сентябри, Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон қилганидан 27 кун ўтиб, Ислом Каримов “Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ташкил қилиш тўғрисида”ги фармонга имзо чекар экан Ўзбекистон Олий Кенгашининг 11-чақириқ навбатдан ташқари 7-сессиясида Тошкент шаҳар Куйбишев туман Халқ депутатлари кенгаши раиси Шуҳрат Нусратовнинг эътирозига сабаб бўлган эди.

Бу хизматни Олий кенгашни четлаб ўтиб, шахсан президентга бўйсундириш ҳақидаги президент фармонини у «Халққа қарши, демократияга қарши, конституцияга қарши, диктатурага элтувчи фармон сифатида» бекор қилишни таклиф этган эди.

«Бунақа қоида дунëнинг бирор демократик давлатида йўқ, ҳатто дунëнинг бирор тоталитар ва бирор диктатор мамлакатида ҳам хавфсизлик хизмати расман, қоғозда битта одамга бўйсундирилган эмас!» деган эди у.

Шуҳрат Нусратовнинг бу огоҳлантиришидан 25 йил ўтиб МХХ Ўзбекистонни шериксиз бошқариш босқичига ўтгани вазият реаллигига айланди.

Энг қудратли кучишлатар идора

Иноятовдан олдинги КГБ рахбарлари А.С. Моргасов, Ғ.А. Алиев

27 августдан кейинги вазиятда МХХ президент назоратидан ҳоли равишда автоном ишлаб тургани айтилган эди.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматида қанча одам ишлаши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Норасмий манбаларга кўра, бугун МХХнинг амалдаги офицерлар таркиби камида 100 минг кишидан иборат, бу рақамга истеъфо ва заҳирадаги офицерлар, бугун Ўзбекистоннинг ҳар бир кўча ва маҳалласида ишлаëтган жосуслар тармоғи кирмайди.

Постсовет давлатларидаги махфий хизматлар таҳлили билан шуғулланадиган Россиядаги Agentura.ru агентлигининг ëзишича, 2004 йилга келиб Ўзбекистон МХХси таркиби 1991 йилгига нисбатан 26 бараварга ошган ва қуролли кучлари ва хизматчилари сони жиҳатдан Мудофаа вазирлигидан ўзиб, Ички ишлар қўшинларидан кейин иккинчи ўринга чиққан.

Шамсиддин Тўлаганов
Ўзбекистонлик муаллиф таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 сентябр 2016
23 сентябр куни президент вазифасини вақтинча ижро этувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган қонун Ўзбекистонда энг йирик молиявий пирамида қургани ...
17 июн 2016
Бугунги ўзбек газеталари мамлакат президенти Каримов томонидан мустақилликнинг бош ғояси дея белгилаб берилган шиорни муттасил чайнашга мажбур. Лекин ҳар ...
21 ноябр 2018
Республика вилоятлари бўйлаб фермерларнинг «давлат хирмонига мўл ҳосил етказиб бериш» қасамёдига келтириши ижтимоий тармоқда кулгига сабаб бўлмоқда. 21 ноябрь ...
20 август 2018
Муҳаммад Бекжон 2000 йилнинг 29 ноябрида Ўзбекистоннинг энг катта қамоқхонаси ҳисобланган Навоий зонасига этап қилинади. Тағин карантин, ломка, турма ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...