Асосий мавзулар
30 январ 2017

«Андижон метроси» тўхтатилмоқда

Андижон вилоят ҳокимлиги қарорига кўра, 1 февралдан бошлаб шаҳарда “Дамас” русумидаги автомашиналар йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланмайди.

Вилоят ҳокими Маҳаллий ТВ орқали чиқишида уларнинг ўрнига автобуслар қатнови кўпайтирилишини билдирган.

Андижон шаҳрида «Дамас» енгил автомобиллари жами 90 та йўналиш бўйлаб ҳаракатланади.

Бундан ташқари туман, маҳалла, кўчалар ичига қатновчи «Дамас» таксилари ҳам бор.

“Кўпчилик ё ўзининг машинасида, ё машинани ижарага олиб киракашлик билан тирикчилик ўтказарди. Энди эса шунча ҳайдовчи ишсиз қоладиган бўлаяпти” – дейди 222- йўналишдаги киракашлардан бири.

«Андижон метроси»нинг тўхтатилишидан кўпчилик норози

Тезкорлиги сабаб йўналишдаги йўналишлардаги «Дамас»ларга «Андижон метроси» деб ном қўйишган.

Эндиликда бу транспорт ҳаракатининг тўхтатилиши нафақат хайдовчилар, балки йўловчиларнинг ҳам норозилигини келтириб чиқармоқда.

“Менга автобусдан “Дамас” кулай, – дейди Элтузнинг бошқа бир суҳбатдоши, “Негаки, йўл бўйида узоқ кутиб қолмаймиз. Айниқса қишнинг совуқ кунларида. Иннайкейин, “Дамас”да ҳамма ўтириб кетади, автобусдагига ўхшаб тик туриб қолмайсиз. Манзилга тез етказади”.

394-йўналишдаги ҳайдовчи Олим Обидов узоқ йиллардан бери киракашлик билан шуғулланади. У тушум яхши бўлавермагач, ўзининг «Доган» русумли автомашинасини сотиб «Дамас» сотиб олганди. Йўналишга чиққанига эндигина бир ой бўлган Олим бу қарордан қаттиқ норози:

“Кирадан унча кўп пул қолмасди ўзи. Лекин ҳеч бўлмаса бир кунда бир кило гўштнинг пулини топардик. Шуниям кўп кўришибдими энди. Бўлмаса бизни иш билан таъминлашсин. Менинг 4 та болам бор. Ким боқади энди уларни?” дейди у.

“Дамас”ларнинг олинишига авариялар сабаб

Андижон расмийлари, “Дамас”ларнинг тўхтатилиши ҳақидаги қарорни ЙТҲ холатларининг кескин ошиши билан изоҳламоқда.

“Кўпчилик ёш йигитлар нари-бери правага ўқиб ижарага “Дамас” олиб киракашлик қилаяпти. Уларнинг бу борада тажрибаси ҳам йўқ”, дейди ИИБ Шаҳар ИИБ Йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бошқармасидаги Элтуз манбаси.

ДАН ходимига кўра, тирикчилик важидан кира қиладиганлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетган.

“Дамас”чилар йўл қоидаларига унча амал қилмайдилар. Йўловчи қўл кўтарса, орқа-олдига қарамай тўхтаб олаверадилар, шу сабаб кейинги пайтларда авариялар кўпайиб кетди”, – дейди у. .

«Дамасчи»лар инсофсиз…

Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вакили бўлган Элтуз суҳбатдоши, «Дамас» ҳайдовчилари устидан кейинги пайтларда кенгашга жуда кўп шикоятлар келиб тушганини билдирди.

«Дамасчи»лар инсофсиз бўлиб кетишган, йўлкира нархини хоҳлаганча кўтариб олаверадилар, шу сабаб бу транспортлар ҳаракатини чеклаш зарурати анчадан буён кўтарилиб келаётганди», дейди у.

Ҳозир шаҳар ичида қатновчи «Дамас»лар йўлкираси 500 дан минг сўмгача. Бироқ вакилга кўра, бу нарх об-хаво ёмонлашган ва кечки тиғиз пайтлар тағин кўтарилиши мумкин.

«Автобусда кира ҳақи ўзгармайди. «Дамас» лар йиғиштирилса, халққа фойдаси кўп, автобусда тинчгина, бемалол юришади. Ҳавфсиз, бунинг устига давлат ғазнасига ҳам нақд пул тушуми бўлади», дейди кенгаш вакили.

Транспорт тизимида эркин рақобат бўлиши керак

«Дамас» ҳайдовчиларининг ҳам қарорга ўз жиддий эътирозлари бор.

Улар қонуний ишлашаётгани, уюшмага аъзо эканликлари, ҳар куни кунлик тушум топшираётганликларини иддао қилишади.

«Бир кунда 10 минг сўмдан 20 минг сўмгача кунлик тўлов топширамиз. Мана, Россиядан депорт бўлиб келганлар ҳам кунини кўра бошлади шунинг орқасидан», дейди «Дамас» киракашларининг бири.

Шунингдек у, уюшмалар ҳайдовчиларни ўзига жалб қилиш учун турли имтиёзларни ҳам таклиф қилишаётганини айтади. Унга меҳнат дафтарчаси очилгани, ўринлар жадвалига кўра ишлаб, ҳам ўзига, ҳам давлатга фойда келтираётганини билдиради.

Унинг яна бир шеригига кўра, бу қарордан кимнингдир ғаразли манфаати бор.

«Балки буям кимнингдир бизнесидир? Фақат «Дамас»ларни йўқотиб, ҳайдовчиларни ишсиз қўйишдан ким манфаатдорлигини ҳозирча билмаймиз», дейди у.

Айни дамда шаҳардаги мавжуд уюшмаларда икки мингдан зиёд «Дамас» автомашиналари фаолият кўрсатади. Яна 2 мингга яқин «Дамас»ларнинг якка тартибда фаолият кўрсатишини ҳисобга олса, ҳокимиятнинг ушбу қарори камида 4 мингга яқин ҳайдовчининг кунлик даромадидан махрум бўлишига олиб келиши мумкин.

Шаҳарда автобуслар кўпаядими?

2015 йилда Андижонга 200 та “Исузи” русумли автобуслар келтирилган. Улар турли йўналишлар бўйлаб сочиб ташланганди.

Бироқ кейин уларнинг ҳаракатланиши ҳаражатларни қопламагач, автобуслар кескин қисқартирилиб яна «Дамас»ларга рухсат берилганди.

Исми шарифини ошкор қилишни истамаган ҳокимият вакилига кўра, Андижонга яна янги автобуслар келтириляпти. Бу «Дамас»ларнинг кескин қисқартирилишини тақозо этади. Уюшмалар тақдири нима бўлиши эса номаълум.

Одамлар эса гарчи «Дамасчи»ларнинг йўлкира борасидаги инсофсизликларидан норози бўлсаларда, автобусда юришга тоқатлари йўқ, шу сабаб кўпчилик бу қарорни қўллаб-қувватлашмаяпти.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 апрел 2018
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат вазирлигининг Ташқи миграция агентлиги томонидан Россияга расман ишга жўнатилган йигитлар одам савдоси қурбони бўлганини айтмоқда. ...
26 ноябр 2015
Қудрат Бобожон Eltuz.com Сочи калта олинган, пастки лаби олдга туртиб чиққан, ўзи сариқдан келган бақувват жуссали бу кишининг тунд ...
22 сентябр 2017
Сўнгги маълумотларга кўра, Бош вазир иштирокидаги мажлисда берилган кўрсатмадан сўнг, пахта теримида қолаётган Олий ўқув юрти талабалари уйларига қайтарилмоқда. ...
6 октябр 2016
Айни кунларда 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловига иштирок этиши кутилаётган номзодлар учун сайловчилар имзосини тўплаш жараёни бормоқда. ...
Блоглар
4 декабр 2018
Ўзбекистонда Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлигини синовдан ўтказиш мақсадида ташкил этилган кенг кўламли ўқув машғулотлари ...
3 декабр 2018
Мана бу расмларда кўриб турганингиз Суриянинг Идлиб ёхуд Ҳалаб шаҳарларидаги биноларнинг эмас, Ўзбекистон Республикаси Навойи ...
3 декабр 2018
“Ўз газингни ўзгага бериб, таппи ёққан ўзбегим”, дея совет даврини ёмонлаган халқимиз ўзининг замонавий тарихида ...