Асосий мавзулар
2 феврал 2017

Андижонда ўқитувчилар учун кунора «шанбалик»

Шу кунларда Андижон шаҳрида турли мактаб ўқитувчилари ободонлаштириш ишларига жалб этилган. Йўл ёқаларида оҳак тўла челак, супурги кўтариб кўча тозалаётган ўқитувчиларни учратиш мумкин.

Бир қанча мактаб ўқитувчилари билан суҳбатдан маълум бўлишича, ҳар участкага бир мактабдан камида ўн нафар ходим ажратилган.

Улар ариқларни тозалаш, йўл четларини оқлаш, дарахт ўтқазиш учун ер ковлаш, йўл ёқаларини тартибга келтириш каби юмушларни бажаришмоқда.

«Мактаб рахбариятининг буйруғига кўра, шаҳарнинг турли кўчаларида мана шунақа ободонлаштириш ишларида ишлаяпмиз», – деди Андижон шаҳар ўрта мактаби ўқитувчиси.

Халқ таълими ходимларидан ташқари шанбаликларга ўқув юртлари талабалари ва тиббиёт ходимлари ҳам жалб этилаётгани иддао қилинмоқда.

«Оҳак ўз ҳисобимиздан»

Андижонлик ўқитувчи йўл чеккасидаги бордюрга оҳак суртмоқда. Фото: eltuz.com

Ўқитувчиларга, жумладан, лоток (махсус бетон ариқ. таҳр) четларини оқлаб чиқиш буюрилган. Элтуз суҳбатлашган ўқитувчи, лой ва намгарчиликда иш яхши самара бермаётгани, оҳак кўп кетиб қолаётганини айтади.

«Оҳакни ўз ҳисобимиздан сотиб олаяпмиз», дейди у.

Қурилиш соҳасида ишловчи бошқа бир суҳбатдош эса, ўкитувчиларнинг бу каби меҳнатлари барибир зое кетишини билдиради.

«Бечоралар бугун оқлашади, эртага ёмғир ё қор ёгса, оҳак ювилиб кетади», – дейди қурувчи.

Унинг фикрича, оҳак ўрнига оқ бўёқ ишлатса ўчиб кетмасди:

«Ёмгир ёғмаган тақдирдаям, билсангиз, ҳар куни шаҳар кўчаларига машинада сув сепиляпти. Эртага эрталаб машина келиб бир сув сепиб чиқса, буларнинг шунча меҳнати, ҳаражати куйиб кетади».

Бир вақтнинг ўзида қурувчи, деҳқон ва фаррош

Хашарчилар лоток (бетон ариқ) четларини «оқламоқда». Фото: eltuz.com

Ўқитувчилар болаларга таълим-тарбия бериш билан бирга, дала ишлари – пахта териш, кўча тозалаш, гул ва дарахтлар ўтқазиш тадбирларида иштирок этишади.

Бундан ташқари ўқитувчилар қурилиш ишларига ҳам жалб этилади.

Андижон шаҳар мактабларидан бирида ишлаётган, ўз исмини айтишни истамаган, Она тили ва адабиёти фани ўқитувчисига кўра, бу каби ишлар унинг «тажрибасини оширган». Эндиликда у меҳнат фанидан ҳам бемалол дарс бериши мумкинлигини истеҳзо аралаш айтади.

«Энг ёмони, шу иш кийимимизда, оқ куйлак, галстукларда кўча тозалашга чиқамиз, келиб яна шу кийимда болаларга дарс ўтамиз. Бизнинг бу каби қўшимча ишимизга эса ҳеч ким ҳақ тўламайди».

Унинг сўзларига кўра, ўқитувчиларнинг қурувчилик ҳам, деҳкончилик ҳам, фаррошлик ҳам қилишларига тўғри келмоқда.

«Бир нарса десанг, ойлигингни оляпсан-ку, дейишади. Ўкитувчиларга маош бериш – уларнинг устидан ҳукмронлик қилиш ҳуқуқини бермайди-ку», – дейди яна бир ўқитувчи.

«Шанбалик» – фақат шанба кунларигина эмас…

Катта йўл ёқасини супураётган аёл. Фото: eltuz.com

Элтуз мухбири билан гаплашган Андижон вилоят ҳокимлигида ишловчи ходимнинг айтишича, бу каби юмушлар президент Ш. Мирзиёевнинг Андижонга ташрифи билан боғлиқ бўлиши мумкин.

«Давлат рахбарининг ташрифи кутилмоқда, бироқ бу ташрифнинг санаси ҳақида аниқ маълумотлар йўқ».

Ободонлаштириш бошқармаси ишчилари улгурмаслиги мумкин, шу сабаб ёрдамга бюджет ташкилот ишчи-ходимлари ва талабалар жалб этилганини айтади у.

Гарчи, таълим соҳаси ходимларини бундай ишларга сафарбар этилиши, уларни ишдан ҳайдаш қўрқуви остида расман доимий бўлиб келмоқда.

Андижон шаҳар Халқ таълими бўлими мутасаддилари бу каби ишлар ўқитувчиларнинг ўз ташаббуси билан, хашар сифатида ташкил этилишини, ҳеч ким уларни мажбуран ишлатмаслигини таъкидлашади.

Бироқ муаллимларнинг норози кайфиятлари бу маълумотни инкор этади. Бунинг устига жамоатчилик ишларига жалб қилиш ҳоллари муттасил кўпаймоқда.

«Андижонда «Субботник» шанба кунлари эмас, балки ҳафтанинг исталган кунида ташкил этилади. Бунинг учун вилоят ҳокимининг буйруғи бўлса кифоя», дейди мактабда дарс ўтиш ўрнига кўча тозалаётган ўқитувчи.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 ноябр 2022
Ўзбекистон рассомлар уюшмаси аъзоси, рангтасвир, графика ва карикатура устаси, етук рассом, Элтуз ижодий жамоаси аъзоси Шавкат Музаффар (Шавкат Туропов) ...
22 феврал 2023
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Дастлабки шикоят Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидан. Автомобил эгаси йўлларнинг аҳволидан ...
13 декабр 2018
Шу кунларда кўплаб нашрлар Гулнора Каримованинг Ўзбекистон ҳукуматини моддий қўллаб-қувватлаш ниятида экани ҳақида ёзишди.   Жамиятдан ҳамон ёпиқ сақланаётган Ислом ...
2 ноябр 2020
Намангандаги Grand Sherdor меҳмонхонаси олдига осилган Франция байроғи йиртиб ташланиши воқеаси расмий жавобларда билдирилганидан анча бошқачароқ кечгани маълум бўлди.  ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...