Асосий мавзулар
16 феврал 2017

Мирзиëевга шикоят қилган тадбиркор қамоққа олинди

15 феврал куни Шавкат Мирзиëевга видеошикоят билан мурожаат қилган тошкентлик тадбиркор Олим Сулаймонов қамоққа олинди.

14 феврал куни Сулаймоновга келган суднинг сўнгги чақирув қоғози

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи тадбиркор Олим Сулаймонов 2016 йилнинг ноябрида Шавкат Мирзиёевга бир гуруҳ амалдорлар устидан видеошикоятини ижтимоий тармоққа қўйган эди.

Сулаймоновнинг адвокати Амриддин Абдуллаев Элтуз мухбирига, унинг ҳозир Тошкент шаҳар Миробод тумани ички ишлар бўлимида сақланаётганини билдирди.

«Унга Жиноят кодексидаги «Товламачилик» (168-модда), «туҳмат қилиш» (139-модда) айбларини қўйишмоқчи», – дейди у.

Овоза бўлган видеошикоят

Ўтган йилнинг 10 октябрида тадбиркор, Юнусобод туман Солиқ ва валюта жиноятларига қарши кураш бўлими ходимларини таъмагирлиги юзасидан Мирзиёевга видеомурожаатини эълон қилди.

Сулаймоновнинг ЎзТВ орқали чиқиши

Бунда у айни департамент мулозими Дилшод Ҳазратқуловнинг ўтган йилнинг 30 апрелидан унга босим ўтказиб келаётгани ҳақида билдирди.

Жумладан ўз шикоятида тадбиркор унинг уч киши бўлиб уйига келиб: “Ҳисобингизда пул бор экан – 48 миллион якка тартибдаги фирмага ўтказиб берасиз. Бўлмаса, иккита фирмангизни тинтув қиламиз, жарима соламиз, ишлашга бермаймиз!” дея шантаж қилганини айтади.

«203 миллион ҳисобга тўлаб бердик. Аммо ҳар хил қоғозларга қўл қўйдириб, “Республика прокуратураси, президент аппаратида ҳам одамларим бор”, деб ҳисоб рақамларимни беркитиб қўйди. Мана 6 ойдан бери беркитган бўлса, жами 1,5 миллиард давлатимизга зарар етказяпти. Биз додимизни кимга айтайлик? Қаёққа борайлик?” деган эди Қибрайлик тадбиркор Олим Сулаймонов ўз видеомурожаатида.

«Олам гулистон» ёки ишни бости-бости қилиш

Шундан сўнг тадбиркор, шикояти юзасидан қайта суриштирув бошлангани, унга ноҳақ қўйилган кўп миллион сўмлик жарима бекор бўлгани ва 6 ойдан буён тўхтаб ётган фирмалари қайта ишга тушиб, банкдаги хисоб рақамлари очил

Олим Сулаймонов Мирзиёевдан марҳамат кутган эди

гани ҳақида матбуотга билдирди.

Ишлари олдинга юра бошлаган тадбиркор «Ўзбекистон» миллий телеканалидаги тадбиркорлар муаммоларига бағишланган очиқ суҳбатга хам таклиф этилди.

Кўрсатувда қатнашган прокуратура ходими, унинг ишига алоқадор барча ноқонуний жиҳатлар кўриб чиқилишини айтди.

Бир қараганда, хаммаси ижобий хал бўлаётгандек эди.

Аммо, тадбиркор Олим Сулаймоновнинг асосий эътирози жавобсиз қолди.

У ўз шикоятида таъмагирликда айблаган Солиқ департаменти ходими Дилшод Ҳазратқуловга нисбатан чора кўрилмади.

«Мени асоссиз қамашмоқчи!»

Қамоққа олинишидан бир кун олдин ўз қисматидан жиддий ҳавотир билдирди.

«Ёритиб боринглар, илтимос! Мени асоссиз қамашмоқчи!», дея ёзди 14 феврал куни Олим Сулаймонов Телеграм тармоғи орқали Элтузга ёзган хатида.

Сулаймоновнинг хатига кўра, унга қарши тил бириктирганлар орасида ўзининг адвокати Амриддин Абдуллаев ҳам бор.

“Улар суд бошланмасдан, хаммаси менга қарши бўлишиб, мени кеча қамашмоқчи эди. Америкалик кузатувчилар (Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси вакиллари – Элтуз изоҳи) очиқ судда иштирок этамиз деб бирга келишган эди. Улар шундан қўрқишди ва суд 15 февралга қолдирилди дейишди. Ва мен ўз вақтида судга келганимга қарамай, Сиз судга келмадингиз дейишди! Эҳтиёт чорасини ўзгартириб, мажбурий тарзда судга келтириш хақида қарор чиқаришибди. Мени асоссиз қамашмоқчи!” дея ёзди у Элтузга сўнгги хатида.

Бундан бир кун олдин, 13 феврал куни тадбиркор Элтуз билан суҳбатида аксинча, унинг иши журналистлар муносабати туфайли ортга кетганидан ташвиш билдирган эди.

“Менинг ишим билан боғлиқ воқеаларга хорижий оммавий аҳборот воситаларининг ва пойтаҳтдаги хорижий ваколотхоналарнинг қизиқиши ортгани амалдорларни ваҳимага солди. Улар ишимни қайта кўришни ортга сура бошладилар” деган эди ўшанда тадбиркор Олим Сулаймонов.

Тадбиркорнинг кўнгилсиз таҳминлари тўғри чиқди.

15 феврал куни Элтузнинг Тошкентдаги ҳамкорлари Олим Сулаймоновнинг қамоққа олингани хақида хабар беришди.

Тадбиркорнинг ҳимоячиси: «Айб Олим Сулаймоновнинг ўзида!»

Ўзининг давлат рахбарига қарата видеомурожаати, ҳамда матбуотдаги дадил чиқишлари билан танилиб қолган тадбиркорнинг ҳибсга олиниши, кўпчиликда саволлар уйғотди.

Одамлар наздида, президентнинг диққат эътиборига тушган бир тадбиркор бу холга тушиши керак эмасди.

“Айб Олим Сулаймоновнинг ўзида! У ўзининг ишига хорижлик кузатувчилар ва журналистларнинг диққатини тортиб хато қилди” деди тадбиркорнинг адвокати Амриддин Абдуллаев.

Адвокатга кўра, тадбиркор хорижий ОАВларига интервьюлар бермаслиги, Тошкентдаги чет эл ваколатхоналари вакиллари билан яқин алоқа ўрнатмаслиги лозим эди.

“Олим Сулаймонов, ҳорижий журналистларга бўлмағур нарсаларни гапириб ташлагани учун шундай бўлди. Унга нисбатан “Туҳмат қилиш” моддасини қўлламоқчи бўлишаётганининг сабаби хам шу”, – деди адвокат Амриддин Абдуллаев.

Рустам чиқди – Олим кирди

Тошкентлик тадбиркор Олим Сулаймоновнинг ҳибсга олиниши, мустақил Ўзбекистон тарихида илк хусусий банкни очган тадбиркор Рустам Усмоновнинг қамоқдан чиққан пайтига тўғри келди.

“Рустам чиқди, Олим кирди. Нима ўзгарди?» – деди ушбу воқеага ўз муносабатини билдирган Фарғоналик ёш тадбиркор Акмалжон Элтуз билан суҳбатда.

Унинг фикрича, Шавкат Мирзиёевнинг «2017 йилни Ҳалқ билан мулоқот йили” деб эълон қилиши ҳам бир кўзбўямачилик.

«Синган битта Олим Сулаймонов эмас. Масалан Андижонлик “Магнит” корхонаси рахбарини олинг. Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, бор йўғидан ажради. Ёки Жиззахлик тадбиркор Алижон Камоловни тақдирини кўринг. У хам виртуал қабулхонага ёзаверди, ёзаверди. Мана хозир 2 йиллик шартли жазо билан уй қамоғида ўтирибди. Демак, рахбарлар халқ билан мулоқот қилмоқчи эмас! Мулоқот йили тугади!”

Рустам Усмонов ҳам айнан давлат мулозимлари орасида авж олган коррупция туфайли бор йўғидан мосуво бўлган эди.

Бундан 19 йил муқаддам унинг бизнеси яксон қилинди ва ўзи узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Турмада сўнгги қўнғироққача ўтирди.

19 йил қамоқхонада умр кечирган таниқли тадбиркор Рустам Усмонов салкам 70 ёшида озодликка чиқар экан, унинг қамоқхонадаги ўрни бўш қолмади.

13 феврал куни озодликка чиққан бир тадбиркор ўрнини 15 феврал куни бошқа бир тадбиркор – Олим Сулаймонов эгаллади.

Элтуз таҳририяти, тадбиркор Олим Сулаймонов ишини кузатиб боради.

Улуғбек Ашуров
Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 май 2015
Аммо сал фарқ бор. МТС ëпилиб очилиши¸ ГК нинг ота мехридан мосуво қилиниши¸ Россиянинг Қримни аннекция қилиши билан боғлиқ ...
1 октябр 2015
29 сентябр куни ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари Елена Урлаева ва Малохат Эшонқуловалар Хоразм вилоят Хазорасп ТИИБ милиционерлари томонидан ушланган ва ...
25 август 2016
«Тошкент оқшоми» газетасида (23.08.2016) ЎзА мухбирининг ички ишлар вазири биринчи ўринбосари билан суҳбати босилди. Вазир ўринбосарининг айтишича, ички ишлар ...
1 феврал 2016
Самарқанд вилоятида чақалоқлар ногиронлиги кўпайиб бораётганига оид суриштирувимизга бир неча аёлларнинг бу ҳақдаги шикоятлари сабаб бўлди. Оқдарё туман Равот ...
Блоглар
12 октябр 2018
Ўзбекистон ҳарбий қисмларидан биридаги аскарнинг «Элтуз»га билдиришича, улар вақтли ҳарбий хизматни Андижон вилояти далаларида пахта ...
10 октябр 2018
«Cуҳбатимиз ғайритабиий тус олаётганга ўхшаб кетяпти менинг назаримда, яъни мелиса ходими ва маҳкум ўртаси­даги савол‑жавоб ...
9 октябр 2018
Ахборот технологиялари ва коммуникацияни ривожлантириш вазирлиги октябрь ойининг бошида Ўзбекистонда кўриш тақиқланган 103 фильм рўйхатини ...