Асосий мавзулар
30 март 2017

Кредитга олинган товуқларни қайтариб беришмоқда

Андижонда кўпчилик оилалар кредитга олган товуқларини қайтариб бермоқда. Юзта товуқ боқишга қизиқиб кўрган андижонлик С.Хайдаровнинг айтишича, одамларга берилаётган товуқларнинг аксарияти ё касалманд, ё тухумдан қолган. Ахоли эса даромад топаман деб, камомадга кириб қолишдан чўчимоқда.

“Бизга 3 ойлик жўжалар ўрнига 18 ойлик товуқларни беришибди, 50 та товуғим ўлиб қолди, атиги 4 та товуқ тухум қилди, фермер бошида 1 қоп ем берди. Кейин эса ем масаласи муаммо бўла бошлади. Қолган товуқларни қайтариб бердим. Бир сўм даромад олганим йўқ, аммо давлатдан қарзни бўйнимга илиб ўтирибман”, дейди 5 млн сўм кредит олган С.Хайдаров.

Мирзиёевнинг товуқдан келадиган даромад ҳақидаги гапларидан руҳланиб икки юзта товуқ олган андижонлик бошқа бир товуқбоқарнинг ҳам ҳасратидан ўт чиқади.

У товуқларни танлаш имкони йўқлиги, маблағ фермерга ўтказилгач, қандай товуқ беришса шуни боқишга мажбурлигини айтади.

“Паррандаларни вақти-вақти билан эмлаб туриш керак экан. Битта-битта ўлавергач, нима қилишни билмай бозорга обчиқиб сотвордим. Пулига 2 та қўй обқўйдим, шуни ҳисобига кредитни тўлайман энди”.

Вазирлар Маҳкамасининг «Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, ахолига кам фоизли имтиёзли кредитлар ажратилиши ва ахоли мазкур кредит маблағларига хусусий дехқон хўжаликларидан товуқ олиб боқиши, ёки лимон етиштириши кўзда тутилган.

Мазкур лойихага кўра, келгуси 3 йил давомида мамлакатдаги хусусий деҳқон хўжаликларига 10 мингдан ортиқ цитрус мева кўчатлари ва 85 минг жўжа етказиб бериш режалаштирилган.

Хужжатда қайд этилишича, хусусий деҳқон хўжаликларида лимон етиштириш ва товуқ боқиш ишлари билан 4,2 млн оила шуғулланади. Шунга кўра, ҳар бир туманда эҳтиёжманд оилалар 50, 100, 200 тача товуқ олаётган эдилар.

Маҳалла фуқаролик йиғини идорасида котиб бўлиб ишловчи аёлнинг Элтуз мухбирига билдиришича, ҳақиқатан ҳам бошида товуқ боқишга қизиқувчилар роса кўпайган, энди эса одамларнинг анча ҳовури пасайиб қолган.

“Битта товуқ 30-35 минг сўмгача ахолига ўтказилди, лекин товуқларни кўрсангиз, ростдан хам нархи 10 минг сўмгаям бормайди. Кейин паррандачилик 7 хазинанинг бири бўлгани билан уни боқишниям ўзига яраша йўл-йўриғи бор, шароитлар яратиш керак, озуқа, вакцина, деганларидек. Махалламизда 80% оилалар товуқларни фермерларга қайтариб обориб беришди, айримлари бозорда биттасини уч баравар арзонга сотворишди”, дейди котиба.

Хусусий деҳқон хўжаликлари рахбарлари, одамлар таъбири билан айтганда фермерлар эса аҳолига ажратилаётган кредит маблағларни деб зиён кўраётганликларини иддао қилишмоқда. Уларнинг айтишича, аҳоли осон даромад манбаига ўрганиб қолган, товуқ боқиш учун эса тинимсиз меҳнат ва машаққат талаб этилади.

Хусусий дехкон хўжалиги рахбари Н.И. фермерлар кредит эвазига касалманд товуқларни ўтказишаётгани ҳақидаги гапларга ҳам эътироз билдиради.

“Биз хўжалигимизда боқилаётган паррандалардан ажратиб бераяпмиз, одамларга касалманд товуқларни ўтказаётганимиз йук”, – дейди у.

Ҳамма сертухум, зотдор товуқларни бирданига олишни истаётгани, бироқ товуқ боқиш учун ҳам уқув, малака зарурлиги, жўжаларни яхшилаб парваришлаш, товуқларга алоҳида катаклар қуриш кераклигини айтади.

“Шундай қилганлар ҳам бор, бозорга ҳар куни минг, икки мингтадан тухум чиқариб даромад топаяпти. Товуқларни қайтариб бераётганлар нима қиляпти? Битта оғилхонага товуқларни қамаб, дон-сувини бериб қўйиб, бўлди шу билан даромад кутяпти. Одамлар ўзлари эплолмаса, бизда нима айб?”, дейди фермер.

Халқ банкидан маълум қилишларича, ҳозир аҳолига чорва учун бериладиган кредитлар тўхтатилган.

Фақат лимон ва товуқ учун бўлсагина кредитлар ажратилади.

Аммо кўпчилик аҳоли кредитга товуқ олиш фикридан воз кечмоқда.

Товуқлардан зарар кўрган кўплаб андижонликлар энди 3 йил давомида бекордан-бекорга давлатга кредит тўлаб боришларига тўғри келади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 март 2016
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон янги туғилган чақалоқларни «тожикларнинг миллий маданиятига бегона» туркий сўзлар билан исм қўйишни тақиқлайдиган қонунни имзолади ...
5 апрел 2016
Бугун eltuz.com сатирасида рассом Туз қирғиз-ўзбек чегарасидаги яширин туннелдан ўтишга мажбур бўлаётган келинлар муаммосини акс эттиради. Ота-онасини кўриш учун ...
8 март 2016
Ўзбекистонда чиқаётган газеталар саҳифасига «юксак ислоҳотлар самараси» сифатида оналар ўлими камайгани, коллеж битирувчиларининг уй ишларига «банд» қилинаётгани, ўзбек ҳукуматининг ...
29 март 2016
Sputnik интернет нашрининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасидаги манбага асосланиб билдиришича, Ўзбекистонда 2016 йилнинг биринчи чорагида ...
Блоглар
24 апрел 2018
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан 24 апрель куни Хоразм вилоятида минглаб талаба ...
23 апрел 2018
Нукус кўчасига бурилишдаги, олдинги винзавод рўпарасидаги озиқ-овқат дўконига қараб кетяпман. Қарасам, байрамона кийинган милиционерлар, байроқча ...
23 апрел 2018
Айни кунларда Тошкентдаги умумтаълим мактабларида турникет ўрнатиш кенг кўламда, аксарият ҳолларда мажбурий тарзда бошлаб юборилган. ...