Асосий мавзулар
18 май 2017

Шаҳрихондаги заҳарланиш музқаймоқ бизнесига зарба берди

Шаҳрихон туманида юз берган оммавий заҳарланиш музқаймоқ бизнесига сезиларли таъсир кўрсатди. Андижон шаҳридаги ўнлаб музқаймоқ дўконларида савдо 30 % гача тушиб кетган.

Мавсумий савдо билан шуғулланувчи тадбиркорнинг айтишича, одамлар музқаймоқ ейишдан чўчимоқда.

«Бир кунда 100-150 кг гача фрезерли музқаймоқ сотар эдик. Шу воқеадан сўнг, одамлар болаларига музқаймоқ обергани қўрқиб қолди» дейди у.

Музқаймоқдан заҳарланиш ҳақидаги илк хабарлар 15 май куни тарқалганди.

Шаҳардаги барча музқаймоқ сотувчилар тафтиш қилинган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, воқеалар сабабини Шаҳрихон тумани, Амир Темур кўчасида жойлашган «МАКС» кафесида фрезерли музқаймоқ истеъмоли билан боғлайди.

Вазирлик тарқатган хабарга кўра, беморларнинг аксарияти 14 май куни ўша ерда музқаймоқ истеъмол қилишган.

Шунингдек, вазирликнинг аниқлашича, Бултирбоев Жаҳонгирмирзо исмли тадбиркор, ҳеч қандай тегишли рухсатномалар расмийлаштирмасдан, ўзи яшайдиган Андижон шаҳар, Фаробий МФЙ, Тешабой Мирзаев кўчасидаги 29-уйда ноқонуний равишда музқаймоқ учун қоришма тайёрлаш цехи ташкил этган.

Музқаймоқ тайёрлаш жараёнида санитария талабларига риоя қилинмагани, қоришмалар озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш мумкин бўлмаган пластик идишларда кафега келтириб, сотишга йўл қўйилгани расмийлар томонидан иддао этилади.

Шунингдек вазирлик хабарида, у ердаги 4 та фрезер ускуналарининг музқаймоқ солинадиган сиғимлари, ҳамда фрезер ускунаси қисмларини ювиш ва зарарсизлантириш учун шароит яратилмаган, дезинфекция воситаларидан фойдаланилмагани билдирилади.

Тадбиркорда юмшоқ музқаймоқ қоришмаси тайёрлашда ҳавфсизликни кафолатловчи ҳужжатлар бўлмаган, музқаймоқ ишлаб чиқаришда эса ишлаб чиқарилган вақти ва яроқлилик муддатлари номаълум бўлган хомашёлардан фойдаланилган.

Кафеда фаолият юритган 4 нафар ходим эса белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, юзага келган эпидемик вазиятни жойига чиқиб ўрганиш, беморларга ва маҳаллий мутахассисларга ўз вақтида ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиш учун бир гуруҳ етакчи мутахассислари Андижон вилояти Шаҳрихон туманига юборилганини маълум қилган.

Жабрланганлар расмий маълумотлардагидан кўп бўлиши мумкин

Расмий маълумотларда заҳарланганлар сони 186 нафар деб кўрсатилган бўлсада, шахрихонликлар жабрланганлар унданда кўп эканлигини айтишмоқда.

Беморлар Шаҳрихондаги касалхонадан ташқари, қўшни Асака, Андижон шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига ҳам келтирилган.

Ўзини Андижон шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси ҳамшираси деб таништирган аёлнинг айтишича, у тунги навбатчиликни топшириб, уйига қайтаётганида ишхонасидан чақириб олишган.

Айтишича, уларнинг шифохонасига ҳам музқаймоқдан заҳарланган беморлар жойлаштирилган.

«Одатда музқаймоқ қоришмасига турли мевалар таъмини берувчи қўшимчалар қўшилади. Содда қишлоқ одамлари ўткир ҳид ва таъмлар туфайли ачиган маҳсулот таъмини сезмаган бўлиши мумкин», дейди ҳамшира.

Элтуз мухбири сўров ўтказган шифохонада даволанаётган бир аёл қўшнисининг оилавий заҳарланган ҳақида айтса, яна бир келинчак 8 ойлик чақалоғига ҳам ўша музқаймокдан едирганидан пушаймонлигини билдиради.

Маълумот учун; Шаҳрихон туманида оммавий заҳарланиш холатлари биринчи маротаба юз бераётгани йўқ. Ўтган ёз мавсумида ҳам айнан шу туманда қандолатчилик маҳсулотларидан 200 нафарга яқин бола заҳарланганди.

Айни кунларда эса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Шаҳрихон туманида кузатилган эпидемик вазият назоратга олинганини билдирмокда.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 ноябр 2022
Швецияда 2013 йилдан бери Россия фойдасига жосуслик қилган ўрис эр хотин қамоққа олинди. 1990 йиллар охирида Швецияга кўчиб келган ...
19 сентябр 2021
Ўзбекистоннинг “Orient Group” компанияси билан боғлиқ бир йиллик тергов иши шуни кўрсатдики, унинг Ўзбекистон президенти билан оилавий алоқаси мавжуд ...
20 май 2016
Ўзбекистон президентининг Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисидаги фармони бутун мамлакатни «тўлқинлантириб» юборди. Ҳар ҳолда ...
8 июл 2019
Ижтимоий тармоқда Ўзбекистоннинг ўлган президенти Ислом Каримовнинг Самарқанддаги мозорига қўйилган лавҳадаги ёзувлар баҳсларга сабаб бўлди. Кимдир унинг ўлганидан кейин ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...