Блоглар
28 июл 2017

Эри майиб қилингач, аёл ва унинг икки боласи боқимсиз қолди

Шу йилнинг 26 мартида Тошкентнинг «Гранд-кафе» емакхонасида содир бўлган бу воқеада жамиятдаги шафқатсизлик, ҳокимият амалдорларининг айбдорларни жазодан қутқаришга уринишлари қоришиқ.

Элтуз нашри тошкентлик Сара Убайдуллаева томонидан баён этилган мазкур воқеанинг бироз қисқартирилган тафсилотларини ва унга илова қилинган фотосурат ва видео тасвирларини келтиради.

Диққат! Бу тасвирларда шафқатсизлик манзараси акс этган.

Бирор киши менга ёрдам беришини истайман, чунки кимга мурожаат этишни билмаяпман

2017 йил 26 март куни отамнинг таваллуд кунини нишонлаш учун «Рио Гранд» (Тошкент шаҳридаги) кафесида жой буюртма қилдик. Хизмат ҳақининг бир қисмини олдиндан тўладик ҳам.

Кечки еттида бошланган зиёфатда бир муддат ўтиргандан кейин мен болаларни, совға-саломларни ва нарсаларни қўйиб келиш учун уйга бориб келдим. Қайтиб келиб, отамни синглим билан уйга жўнатгач, меҳмонларга ҳам энди тарқалишимизни айтдим.

Ҳисоб-китоб қилинганда яна 200 минг тўлашимиз кераклиги маълум бўлди. Аксига олиб пул эримнинг курткасида, курткани эса мен уйга олиб кетган эканман. Ёнимизда пул йўқлиги учун официантга вазиятни тушунтирганимда у кафе хўжайинлари билан гаплашишимни сўради.

Калтаклардан сўнг Фурқат Ибодуллаевнинг қўли букилмайдиган бўлиб қолган.

Кафе хўжайини Ўткир ширакайф эди. У мени акаси Шуҳратнинг олдига жўнатди. Шуҳрат билан ҳисоб-китоб учун гаров сифатида бўйнимдаги тилла занжирни қолдиришга келишдик. Унга занжирни бердим. Официантга телефон рақамимни қолдириб ва тушгача ўғлимни боғчага жўнатиб, қолган пулни тўлаб кетишимни айтдим.

Эрим билан кафедан чиқа бошлаганимизда маъмур келиб, тилла занжирни қайтариб берди ва пулни тўлашни талаб қилди. Мен бу масала ҳал бўлганини айтишимга қарамай, қўриқчилар билан бизни кафедан чиқариб, четга олиб ўтишди.

Орқамиздан кафенинг ширакайф хўжайини Ўткир келиб, эримнинг ёқасидан ушлаб, пул талаб қила бошлади ва ўзбекчалаб сўкиниб, пўписа қила кетди. Мен жанжал бошланаётганини сезиб, унинг тинчланиши учун қўлига занжирни тутқазим.

Шу пайт у эримни калтаклай кетди. Почта биноси томон қоча бошлаган эримни қўриқчилардан бири оёғидан чалиб йиқитди ва кўпчилик бўлиб тепа кетишди. Шу пайт Ўткир менинг қорнимга тушириб қолди.

10-15 кишилашиб эримни уриб, ўлдириб қўяётганларини кўриб, мен бу вазиятни видеога ола бошладим. Маъмур Гулнора телефонни тортиб олиб, қўлимни қайирди. Қорнимда 7-8 ойлик ҳомилам бор эди. Қонни ва эримнинг ҳушсиз ётганини кўриб, бу тўдага бақирган ҳолда унинг устига ётиб олиб, улардан ҳимоя қилдим. Улар тарқаб кета бошлади.

Чақирганим тез ёрдам келишини кутмасдан вақтни ўтказмаслик учун эримни ҳушига келтириб, 16-шаҳар шифохонасига олиб бордим. У ерда менга ва эримга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. Улар мени ҳомилани сақлаб қолишга ётқизишга кўндирмоқчи бўлишди. Аммо фарзандимни қўшниникига ташлаб келганим учун буни рад этишга мажбур бўлдим.

Эримнинг қоши ёрилган, қўл суягининг тирсак қисми синган, мияси калтаклардан чайқалган эди. Уни операция қилиш учун шифохонага ётқизишди. Ҳозир эримнинг қўлига тўртта спица қўйилган, чунки тирсак суяги майдаланиб кетганди. Унга иккинчи операция ва протез керак бўлиши мумкин. Унинг кўриш қобилияти ёмонлашган, тунлари оғриқ кучайиб ёмон ухлаяпти.

Кафеда кузатув камералари бор ва жанжал тўлиқ ёзилиб қолган. Аммо улар жазодан қутулиб қолиш учун бу тасвирларни ўчириб ташлаган. Чилонзор-3 мавзесининг участка инспектори Файзулла ҳам улар томонидан пора эвазига сотиб олинган. У бу жиноят очилмай қолиши учун нима қилиш юзасидан зўравонларга маслаҳатлар берган, бизга кафе хўжайини номидан 5000 доллар таклиф этди, аммо биз рад этдик.

Бизни тиббий экспертизага жўнатишганда Файзулла экспертга телефон қилиб, оғир жароҳатни ўртача оғирликда деб хулоса чиқариб бериш учун унга пул таклиф қилган кўринади. Ва улар бунинг уддасидан чиқди.

Эрим шифохонада ётганига олдига кафе хўжайинининг акаси Шуҳрат келиб, аризани қайтариб олиши учун унга 5000 доллар таклиф этган. Эрим уни қувиб солган. Улар менга ҳам қўнғироқ қилишни бошлади ва мен бошқа қўнғироқ қилмасликларини сўрадим.

Кейин 3-мавзе маҳалла қўмитаси раиси отамнинг олдига келиб пул таклиф этган. Отам эса айбдорлар жазоланиши кераклигини айтган. Шунда раис биз 5000 доллар талаб қилаётганимиз ҳақида милицияга ёзиб бериш билан пўписа қилган. Отам уни ҳайдаб юборган.

Иш туман ИИБга ўтказилганига қарамай, ҳозиргача ҳал этилгани йўқ. Ҳомилам 9 ойлигида мени чақиришди. Учинчи қаватга зўрға кўтарилдим. У ерда бешта милиционер ўтирган экан, бирортаси русчани билмайди. Улар мени тил билмасдан сўроқ қилмоқчи бўлишди, эрим таржимонлик қилишини сўраганимда эса рад этишди. Уларнинг муддаосини тушунмай, кейинги сафар таржимон ва адвокат билан келишимни айтдим.

Эрим билан адвокат ёллаб, уларга телефон қилсак, чақириш ўрнига фақат ваъда беришдан нарига ўтишмади ва орадан ойлар ўтди. Уларнинг ҳам оғзи мойланганини тушуниб, адвокат билан бошлиғининг олдига кириб, нега иш жойидан силжимаётгани, айбдорлар ҳали ҳам жазоланмаганини тушунтириб беришни талаб қилдим. У терговчини чақириб, койигандек бўлди.

Умуман, зўравонлар ҳам адвокат ёллаган, иш бизни айбдор қилиш томон кетаётган, жанжални биринчи бўлиб эрим бошлаган бўлиб чиқяпти.

Кафе хўжайини эса пул ҳамма нарсани ҳал этишини, ҳеч нарсага эриша олмаслигимни юзимга очиқ айтди. Кафеда олдин ҳам, ҳозир ҳам қўриқчилар бўлмагани, занжир эса тилла бўлмагани, у эмас, балки эрим уни урганини иддао қилди.

Улар операцияга ҳам, дори-дармонга ҳам ёрдам бергани йўқ. Ўзи бу кафеда кунора жанжал бор ва улар ҳар доим жазосиз қолади.

Илтимос, менга уларни жазолашга ёрдам беринглар. Эрим ногирон бўлиб қолди, у мен ва икки боламни қандай боқишимни билмайман. Улар бизни ногирон қилиб, энди жазосиз қолиб кетаверадими?»

Сара Убайдуллаева
Жабрдийданинг хотини

PS. Бироз ўтиб, электрон ОАВда туман ИИБ вакилининг айни вақтда ушбу иш юзасидан жиддий текширув олиб борилаётгани, гумонланувчилардан бирининг (қўриқчи) иши судга оширилгани, яна икки киши тергов қилинаётгани, қолганлари қидирилаётани ҳақидаги билдириши эълон қилинди.

Видео: https://youtu.be/8zjkKdxHQJo
Eltuz.com

Тағин ўқинг
30 сентябр 2016
Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроевнинг Москвадаги уйига қўнғироқ қилган eltuz.com нашри мухбири, унинг турмуш ўртоғи билан гаплашиб, ...
25 август 2016
«Тошкент оқшоми» газетасида (23.08.2016) ЎзА мухбирининг ички ишлар вазири биринчи ўринбосари билан суҳбати босилди. Вазир ўринбосарининг айтишича, ички ишлар ...
8 декабр 2016
7 декабр куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституциясининг 24 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда нутқ сўзлади. Унинг тилидан «Конституциямизнинг куч ...
17 март 2016
Хусусан, “Ўзбекистон овози” газетаси азалдан қишлоқ ва маҳаллаларда шаклланган ҳашар эндиликда мамлакат миқёсига чиққани, бўлиб ўтган ҳашарда 18 миллиондан ...
Блоглар
23 октябр 2017
Совет Ўзбекистонини узоқ йиллар бошқарган Шароф Рашидов шахсига ҳар хил баҳо бериш мумкин. Кимдир уни ...
20 октябр 2017
«Айтдим-ку, юқорининг буйруғи билан сизларга шу айбларни қўйишга мажбурмиз, деб. «Ким ўша юқоринг? Каримовми?» Менинг ...
16 октябр 2017
Ҳар дам олиш кунлари Тошкентдаги турли вазирликлар, давлат қўмиталари, сон-саноқсиз бюджет ташкилотлар олди эрта тонгдан ...