Асосий мавзулар
23 ноябр 2017

«Тухум мустақиллиги» қачон келади?

1 ноябрдан бошлаб пойтахт бозорларида аҳолининг бирламчи эҳтиёжлари учун зарур бўлган айрим турдаги маҳсулотларнинг энг юқори нархлари ўрнатилди.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, қатор органлар қарори билан тасдиқланган рўйхат эълон қилинди.

Бу ҳужжатда Тошкент бозорларида картошканинг бир килограмми нархи 3000 сўмдан, пиёз 2000 сўмдан, сабзи 1500 сўмдан, «аланга» навли гуруч 3600 сўмдан, тухум 500 сўмдан ортиқ сотилиши мумкин эмаслиги кўрсатилган.

Мол гўшти 33 мингдан, қўй гўшти 34 минг сўмдан ошмаслиги, балиқнинг ҳар хил турлари нархи белгиланган бу рўйхатда.

Лекин бу сафар ҳам Россиянинг марҳум бош вазири Черномирдин айтганидек, «получилось как всегда», яъни ҳамма нарса ҳар доим бўлиши керакдек бўлиб чиқди.

Ҳар ҳолда Тошкентдаги Фарҳод бозорида кузатганимиз ҳолат ажабтовур иборалари билан танилган бу шахснинг «учар фикрлари»да асос борлигини кўрсатди.

Бозорнинг тухум растасида савдогарлар сотаётган тухумнинг бедананикидан сал каттаси 500 сўмдан бошланади ва йириклари 700-750 сўмгача сотилади.

Мажбурий равишда 400 сўмдан сотилаётганида эса навбатнинг охири кўринмайди. Бу ҳам тезда тугаб қолади.

Картошка сотилаётган расталарни айланамиз. 2000 сўмликлари ҳам бор. Яхшироқ картошканинг нархи эса 3500 сўм. Ҳолбуки, ҳар бир растада картошканинг нархи 3000 сўмлиги ёзилган қоғоз қистириб қўйилган.

3500 сўм нархни эшитгач, давлат белгилаганидан ошиб кетибди-ку, десангиз, мана, ака, 3000 сўмлигини олинг, деган жавобни эшитасиз.

Бу нархдагиси ҳам ёмон эмас, лекин савдогар давлатнинг кўрсатмасини назар-писанд қилмаётгани эътиборли.

Гўшт растасига ўтамиз. Қойил, 21 минг сўмга ҳам гўшт бор. Мажбурий нархда савдо қилаётган қассоблар илгари битта молнинг гўштини сотишда 2 та молнинг суягини ўтказган бўлса, ҳозир суяк янада кўпайган. Суякли яхши гўшт 35 минг сўмдан бошланади. Суяксизининг нархи чақади.

«Аланга» гуручининг ўртачасини ҳам давлат нархида, зўрини ундан анча қимматга оласиз. Лекин «лазер»нинг нархи белгиланганига мос келади.

Ёлғон бўлмасин, пиёз, сабзиларнинг нархлари «давлат қолипи»дан чиқмаган. Ҳатто 750 сўмга яхши сабзи олиш мумкин.

Бу ўринда давлатнинг қатъий нархлар белгилаши қанчалик ўзини оқлаяпти, деган савол келиб чиқади. Жавоби эса юқоридаги мисоллардан келиб чиқилса, кутилганидек – ҳеч қандай.

Мазкур хулоса Тошкентнинг энг арзон бозоридаги вазиятдан келиб чиқиб чиқарилган. Олойга ўхшаган қиммат бозорга кирсангиз, аҳвол янада чатоқлигига гувоҳ бўласиз.

Бозор ҳар доимгидек талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда ўз ҳолида фаолият юритмоқда. Давлатнинг ҳар қандай рўйхати «чепуха»…

Ўзбекистондаги гўёки бозор иқтисодиёти ҳеч қачон бозор иқтисодиёти бўлмагани билан танилган.

Қачонлардир биз ғалла мустақиллигига эришганимиздан ғурурланган эдик. Амалда эса «ўзимизнинг» буғдойнинг уни тандирда оқиб қоларди. Унга «қозоқ уни»ни аралаштириб, эпақага келтириб олардик.

Нефть мустақиллигимиз ҳам бундан ортиқ бўлмаган. Тошкентда бензин бор, бошқа ҳудудлар унинг тақчиллигидан азият чекиб келиши ҳалигача давом этмоқда.

Ҳукумат ҳаммани товуқ боқишга ўргатишга уриниб, товуқчиликка ундалмаган хонадон қолмади. Бунинг акси ўлароқ, бозорда тухум нархи тушай демайди.

Негадир ниманингдир мустақиллигига эришмоқчи бўлсак, ўшанинг нархи кўтариляпти. Бу Ўзбекистон иқтисодиётининг ўзига хослиги далолатимикин ёки?…

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
31 январ 2018
Стокгольм марказида террор ҳужуми уюштирганликда айбланаётган 39 ёшли Раҳмат Оқиловга швед прокурори умрбод қамоқ жазоси берилишини сўради. Бу ҳақда ...
3 август 2017
Қадрли вебсаҳифамиз ўқувчилари. Элтуз нашри жамоаси таътилга чиқишга қарор берди. Нашр ўз фаолиятини сентябрдан давом эттиради. Шу вақт ичида ...
7 декабр 2017
АҚШ Давлат департаменти; АҚШ Адлия департаменти; Бирлашган қиролликнинг Ҳамдўстлик ишлари ва ташқи ишлар вазирлиги. Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси, ...
20 июл 2017
Ўзбекистондаги сиёсий партиялар вакиллари билан учрашувда роса уларнинг пўстагини қоққан президент Шавкат Мирзиёев партиялар нашрлари фаолиятини ҳам четлаб ўтмади. ...
Блоглар
23 апрел 2018
Нукус кўчасига бурилишдаги, олдинги винзавод рўпарасидаги озиқ-овқат дўконига қараб кетаяпман. Қарасам, байрамона кийинган милиционерлар, байроқча ...
23 апрел 2018
Айни кунларда Тошкентдаги умумтаълим мактабларида турникет ўрнатиш кенг кўламда, аксарият ҳолларда мажбурий тарзда бошлаб юборилган. ...
20 апрел 2018
Коллеж ўқувчисини урган урганчлик ўқитувчи Зебо Нафасова 14 апрель куни ишдан бўшатилди. Унинг ишдан кетишига ...