Кундалик
7 декабр 2017

Ўғирланган активларни қайтариш бўйича глобал форум

АҚШ Давлат департаменти; АҚШ Адлия департаменти;
Бирлашган қиролликнинг Ҳамдўстлик ишлари ва ташқи ишлар вазирлиги.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси, ЛеМан, Франция;
Ўзбек-герман инсон ҳуқуқлари форуми, Берлин, Германия.

2017 йил 1 декабрь.

Биз, Ўзбекистон фуқаролик жамияти ташкилотлари, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси ва Ўзбек-герман инсон ҳуқуқлари форуми Вашингтонда 2017 йил 4-6 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган Ўғирланган активларни қайтариш бўйича форум ҳомийлари, ташкилотчилари ва иштирокчиларига собиқ диктатор Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова томонидан ўғирланган активлар атрофидаги вазиятга эътибор қаратиш мақсадида мурожаат этмоқдамиз. Ислом Каримовнинг ўлими ва мамлакатда юз бераётган айрим ўзгаришларга қарамай, Ўзбекистонда ҳамон авторитар ва коррупцион режим ҳукм сурмоқда.

Ҳукмрон режим томонидан ўзбек халқининг юзлаб миллион доллари ўғирланди. Бу режимнинг аъзолари ҳамон мамлакат ҳукуматидаги юқори лавозимларда қолмоқда. Кенг тарқалган порахўрлик иллати ҳукуматдагилардан кимнингдир айби эмас, аввало, давлат ҳокимиятининг барча бўғинларида чуқур илдиз отган тизимли коррупция маҳсулидир.

Қайд этилган активларнинг уларнинг мамлакатдан олиб чиқиб кетилишига имкон яратган шу ҳукумат қўлига топшириши бу маблағнинг ҳукмрон табақа вакиллари томонидан қайта ўғирланишини англатган бўларди. Бу эса БМТнинг коррупцияга қарши конвенцияси мазмун-моҳиятига, шунингдек, коррупциялашган тизимнинг асл қурбонлари бўлган Ўзбекистон халқи манфаатларига зиддир.

Гулнора Каримованинг бир миллиард доллардан ортиқ миқдордаги активлари музлатилган ва айни пайтда уларни мусодара қилиш масаласи кўриб чиқилаётган мамлакатлар, аввало, ҳукмрон доиралар вакилларига хорижий ва маҳаллий компаниялардан кўп миллион долларлик пораларни олиш ва офшор тузилмалар орқали “пул ювиш” имкониятини яратган институционал шарт-шароитлар тубдан ўзгарган ёки ўзгармаганига ишонч ҳосил қилиши керак. Таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда Ўзбекистонда автивларни ва жамият бойлигини қайтадан ўғирлашга тўсиқ қўйиши мумкин бўлган коррупцияга қарши ислоҳотларга ҳатто киришилмаган; мамлакатда манфаатлар тўқнашувини тартибга солувчи бирор-бир ҳужжат ҳали ҳам йўқ; давлат амалдорлари ва парламент аъзоларининг ўз даромадлари ва активлари ҳақида мажбурий декларация топшириши тизими жорий этилмаган; шаффоф ва жамиятга ҳисобдор бўлган давлат харидлари ва лицензияларни тақсимлашнинг танлов тизими мавжуд эмас; ижро ҳокимиятидан мустақил бўлган адолатли суд тизими ҳамон яратилмаган; адвокатура Адлия вазирлигининг маъмурий босими ва миллий хавфсизлик органлари назоратида турибди. Мамлакатда давлат маблағлари билан боғлиқ шаффофлик ва ҳисобдорлик стандартлари ҳозирча қарор топмаган. Коррупцияга қарши курашиш бўйича мустақил органлар ҳамон йўқ. Сўз ва матбуот, уюшма ва йиғинлар эркинлигининг ҳақиқий кафолати мавжуд эмас. Бунинг оқибатида давлат органлари фаолияти устидан жамоатчиликнинг самарали назорати ўрнатилмаган. Ўзбекистон сиёсий важлар билан жавобгарликка тортилган минглаб фуқаролар қамоқхоналарда қолаётган дунёнинг энг репрессив давлатларидан бири бўлиб қолмоқда. Тергов органлари ва турмаларда қийноқлар кенг қўлланилади, айбсизлик презумпцияси ҳеч қандай кучга эга эмас, суд ҳукмини чиқаришда эса “телефон ҳуқуқи” деб атаса бўладиган тамойил устуворлик қилади. Давлат ичидаги давлат ҳисобланадиган Миллий хавфсизлик хизмати жамият ва мамлакат қонунлари олдида умуман ҳисобдор эмас. Қишлоқ хўжалигининг пахтачилик ва бошқа секторларида оммавий мажбурий меҳнат амалиётига ҳамон чек қўйилгани йўқ . Буларнинг барчаси ҳокимият суиистеъмолликлари ва тизимли коррупция учун қулай шароит яратади.

Ўзбекистонда институционал заифлик билан бир қаторда коррупция маданияти устунлиги мавжуд, амалдорлар қонун доирасида эмас, бошлиқлари ёки ҳомийларига садоқат тамойили асосида иш кўради. Собиқ президент Ислом Каримов даврида юқори мартабали давлат амалдорлари ҳукмрон Каримовлар оиласининг бойиши учун асосий ролни ўйнаган ва бунинг эвазига ўзларига шахсий бойлик орттириш имкониятини қўлга киритган. Айни шу амалдорлар ҳозир ҳам давлатда юқори раҳбарлик лавозимларида ўтирибди. Абдулла Арипов давлат телекоммуникация агентлиги раҳбари сифатида амалда Гулнора Каримованинг коррупцион тизими иштирокчиси бўлган. У ўз жиноятлари учун нафақат ҳеч қандай жавобгарликка тортилмади, балки бош вазир этиб тайинланди. Коррупцион тизимнинг бошқа бир иштирокчиси Рустам Иноятов ҳамон Миллий хавфсизлик хизматини бошқармоқда. Бошқача айтганда, мамлакатда коррупцияга имкон яратувчи тизимли шарт-шароитлар нуқтаи назаридан ҳам, Каримовлар оиласининг коррупцион ҳаракатлари иштирокчиси бўлгани учун шахсий жавобгарлик нуқтаи назаридан ҳам деярли ҳеч қандай ўзгариш юз бергани йўқ.

Шу сабабли биз Гулнора Каримованинг активларини улар мусодара этилган тақдирда амалдаги ҳукумат қўлига топширишга йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Ўзбекистонда юқорида қайд этилган активларнинг хавотирсиз қайтарилишини таъминлашга имкон берадиган ҳеч қандай тизимли ўзгаришлар юз бермади. Мазкур активлар сақланаётган давлатлар бу маблағлар яна ўғирланмаслиги, давлат коррупциясининг қурбони бўлган ўзбек халқига хизмат қилиши учун уларни қайтаришнинг бошқа йўлларини излаб топиши лозим.

Нега биз бу мактубни активларни репатриация қилиш бўйича қарор берадиган расмий орган ҳисобланмайдиган Ўғирланган активларни қайтариш бўйича глобал форумга йўллаяпмиз? Форум ўғирланган активларни ўз мамлакатига қайтариш масалалари бўйича сиёсатни ишлаб чиқиш учун энг нуфузли глобал анжумандир. Биз мазкур Форумга очиқ хатни иштирокчи мамлакатлар бизнинг Ўзбекистондаги вазият билан боғлиқ хавотирларимизни ҳисобга олади ва активларни қайтариш масалаларини мазкур маблағлар ўғирланган давлатлардаги мавжуд аҳволдан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқишга оид чақириғимизга қулоқ тутади, деган умидда ёзишга қарор қилдик.

Биз форумга Ўзбекистон мисолида асосланилган тавсияларимизни таклиф этамиз:

Биринчиси: ўғирланган активларни Ўзбекистон каби мамлакатлар ҳукуматларига сўзсиз қайтариш мумкин эмас. Бундай ёндашув жаҳон сиёсатининг энг муҳим қисми бўлган давлат суверенитети тамойилларига зид келиши шарт эмас. Аммо айрим ҳолатларда, айниқса, худди Ўзбекистондаги каби, давлат халқаро ҳуқуқ ва ўз қонунчилигини бузган тақдирда халқаро ҳуқуқ устуворлиги мумкин ва шартдир. Ҳарбий жиноятлар, шунингдек, инсониятга қарши жиноятлар билан боғлиқ ҳолатлар халқаро ҳуқуқни қўллашнинг устуворлигига мисол бўла олади. Ҳокимиятнинг олий бўғинларидаги давлат коррупцияси халқаро ҳуқуқ қонунлари билан жазоланадиган жиноятлар сирасига киритилиши керак. Ушбу ҳолатда Ўзбекистон каби мамлакатлар ҳукуматларини ўғирланган активларни идора қилишдан маҳрум этиш бу йўналишдаги муҳим қадам бўлган бўларди.

Иккинчиси: активларни реституция қилиш юқори даражадаги коррупция ва инсон ҳуқуқларининг тизимли бузилиши билан танилган мамлакатлардаги коррупциялашган ҳукмрон тоифаларнинг жазосиз қолишига йўл қўймасликнинг ажойиб имкониятидир.

БМТнинг коррупцияга қарши конвенциясида ўғирланган активларни сақловчи давлатлар (транзит ёки активлар жойлаштирилиши мўлжалланган мамлакатлар) бу активларни улар ўғирланган мамлакатларга қайтариши кераклиги кўрсатиб ўтилган. Аммо бу мезон автоматик равишда ва сўзсиз қўлланилиши керак эмас. Активларни қайтариш жараёни бу маблағларни сўраётган давлатлар (актив ўғирланган мамлакатлар) судининг активлар ўғирланишига олиб келган ҳаракатлар учун айбдор бўлган масъул шахслар ва бу активлар репатриацияси бўйича чиқарган ҳукмига асосланган бўлиши шарт. Ўз навбатида, бу юридик қарор адолатли судлов стандартларига мувофиқ бўлиши лозим. Агар мамлакатда қонун устуворлиги ва адолатли судловнинг мустақил тизими бўлмаса, бундай стандартни таъминлаш имконсиз.

Учинчиси: активларни қайтариши сўралаётган давлат ўз активлари ўғирланишига имкон яратган мамлакатлардаги институционал шароитларни ҳисобга олиши ва аввало бу шароитлар ўзгаргани, тубдан ислоҳ қилинганини аниқлаши шарт. Активларни қайтариши сўралаётган давлат, шунингдек, активлар ўғирланган мамлакатда коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизми жорий этилгани ва бу механизмлар амалиётда қандай ишлаётгани масаласини кўриб чиқиши лозим.

Тўртинчиси: активларни қайтариш тўғрисидаги қарор инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан баҳоланиши талаб этилади. Ўз халқи ҳуқуқларини мунтазам бузиб келаётган, озодликдан маҳрум этиш муассасаларида қийноқлар кунлик амалиётга айланган мамлакат ҳукмрон доиралари келиб чиқиши коррупцияга боғлиқ бўлган ва мусодара этилган активларни олиш ва идора қилиш ҳуқуқига даъво қилиши керак эмас.

Форум ҳомийлари, ташкилотчилари ва иштирокчилари бизни эшитишига ҳамда мамлакатимизнинг аянчли мисолини эътиборга олишига жуда ҳам умид қиламиз.

Қисқача ўзимиз ҳақимизда:

Франциянинг ЛеМан шаҳрида жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси 2006 йилда ўзбекистонлик сиёсий қочқин Надежда Отаева ва унинг ҳамкорлари томонидан ташкил этилган. Ўтган давр мобайнида ташкилот Марказий Осиёдаги сиёсий қочқинлар ва инсон ҳуқуқлари бузилиши қурбонларининг 1250 нафарига ёрдам кўрсатди. Уюшма инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмлари доирасида инсон ҳуқуқлари бузилишидан жабр кўрганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кейслар ўтказади. Сўнгги бир неча йил ичида уюшма Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари вазияти юзасидан Европа Иттифоқига 40 та, БМТ тузилмаларига 11 та ҳисобот тақдим этди.

почта: ahrca.org@gmail.com;http://ahrca.org/; адрес: ЦентрMBE 140, 16, rueduDocteurLeroy, 72000 LeMans, Франция.

Берлинда жойлашган Ўзбек-герман инсон ҳуқуқлари форуми (ЎГФ) 2010 йилда ўзбекистонлик сиёсий қочқин Умида Ниёзова ва унинг ҳамкорлари томонидан ташкил этилган. ЎГФ ҳам инсон ҳуқуқлари, ҳам коррупция билан боғлиқ муаммолар – Ўзбекистон пахта секторида давлатнинг мажбурий меҳнат тизимини мониторинг қилишга ихтисослашган.

Шунингдек, ЎГФ Eltuz.com янгиликлар сайтини ҳам юритади.

Тағин ўқинг
9 апрел 2023
Салом қадрли муҳлислар. Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Мактублар Ўзбекистоннинг Cамарқанд, Хоразм, Тошкент ва Сурхондарё ...
23 май 2019
2019 йилнинг 3 майида президент имзолаган ва матбуотда эълон қилинган қонунда Ўзбекистондаги барча ҳайдовчилар малака ошириш сертификати олиши кераклиги ...
13 декабр 2023
Ўзбекистонда жиноят доираларида танилган тадбиркор Ғафур Раҳимовга нисбатан жиноят иш очилган эмас. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар бош ...
4 сентябр 2023
4 сентябр куни эрталаб Самарқанд Давлат Университетининг Каттақўрғон филиалида бетон плитаси талабалар устига қулаб тушган дарслар номаълум муддага қолдирилган. ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...