Асосий мавзулар
25 декабр 2017

Қудратимизга шубҳа қилсангиз…

Президентнинг парламентга мурожаатини таҳлил қилганда, у шу вақтгача сарой ичи ва атрофида кечган ҳокимият ўйинлари ҳақида тўлиқроқ тасаввурга эга бўлишимизга хизмат қиладиган далиллар тақдим этганини кўришимиз мумкин.

Бу маълумотлар сарой ва унинг атрофидаги кескин ички қарама-қаршиликлар ҳақида нисбатан кенгроқ мулоҳаза юритиш имконини беради.

Хусусан, давлат раҳбари собиқ ички ишлар вазири Адҳам Аҳмедбоевнинг хиёнатга айбланишини МХХ раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов тақдири билан боғлаш имконияти пайдо бўлди.

Эсингизда бўлса, президент Ш.Ғуломовни буйруқларга бўйсунмаганликда айблаб, генераллик рутбасидан маҳрум этгани, ўзини турмага тиққани ҳақида хабарлар чиққан эди.

Бу икки амалдорнинг ҳокимиятдан четлатилиши деярли бир вақтга тўғри келганди.

А.Аҳмедбоевнинг хиёнати ҳақида эълон қилингандан кейин эндигина иш бошлаган давлат раҳбарига қарши бутун гуруҳ ҳаракат қилган, собиқ ички ишлар вазири ва МХХ раиси ўринбосари тақдирларида ўзаро боғлиқлик бор, деган хулоса қилиш мумкин бўлади.

Шу аснода МХХнинг ўзини ислоҳ қилиш, унинг ваколатлари ҳаддан ташқари кенгайиб кетгани ҳақида гапирилганини эса бу фикрнинг исботи ўлароқ келтириш асосли кўринади.

Ш.Мирзиёевнинг гапларидан бош вазирнинг собиқ биринчи ўринбосари Рустам Азимовнинг Ислом Каримов даврида ҳокимиятда тутган ҳақиқий мавқеи ойдинлашади.

Таъкидлаш керакки, Ш.Мирзиёев бош вазирлик вақтида ўзининг ўринбосари Р.Азимов билан қандай кескин қарама-қаршиликларни бошдан кечирганига ишора берди.

Шу билан бирга, Р.Азимовнинг номини айтмасдан, унинг фаолиятига баҳо берар экан, 13 йиллик бош вазирлиги даврида нега бугун олға сураётган ташаббусларини ўша вақтдаёқ амалга оширишга киришмагани тўғрисидаги сўнгги вақтда кўп тилга олинаётган саволга жавоб бергандек бўлди.

Ўз бошига ишора қилиб: «Бу савил нималарни кўрмаган?! Мен ҳали ҳаммасини айтаётганим йўқ», деди президент ва ҳали айтиладиган гаплар кўплигини қўшимча қилди.

Ш.Мирзиёевнинг сўзлари устамон Ислом Каримов уни бош вазирликда фақат Рустам Азимов ва гуруҳининг мавқеи кучайиб кетишининг олдини олиш мақсадида ушлаб турганига ишора ўлароқ кўринмоқда.

Яъни Каримов улардан кучлар мувозанатини сақлаб туриш мақсадида фойдаланган ва керак пайтда бош вазирнинг ўз ўринбосари томонидан маънавий таҳқирланишига йўл қўйиб берган, деган мулоҳаза келиб чиқмоқда.

Президентнинг МХХ ҳақида айтган гаплари эса унинг ҳали ҳам бу ташкилотни тўлиқ жиловлашга эришмагани, мазкур соҳада бошламоқчи бўлган ислоҳотлари йўналиши давлат ичидаги давлатга айланган хавфсизлик хизматини тушовлашга қаратилишидан далолат беради.

Умуман, парламентга мурожаат турли кучлар томонидан ҳар қандай баҳоланмасин, у Ш.Мирзиёев эндигина ҳокимият тепасига келганида айтган «кўприклар ёниб кетди, энди бизга ортга йўл йўқ», деган гапларининг амалий инъикоси ўлароқ янгради.

Мазкур мурожаатдан илҳомланган Deutsche Welle журналистларининг «Мирзиёев залга президент сифатида кириб келди, ундан эса миллат етакчиси сифатида чиқди», деган гапларида жон бор.

Энг эътиборлиси, парламентга ушбу мурожаат Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида тахтда анчагина мустаҳкам ўрнашганидан, ўз ҳокимиятига ишончи ортиб, унинг нуфузига раҳна соладиган ҳар қандай кучга қарши туриш қудратини ҳис қилаётганидан даракдир.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
5 октябр 2023
Бундан 85 йил аввал қонли бир тун бўлди… «4 октябрдан 5 октябрга ўтар кечаси, ҳамма ухлаган вақтда Фитрат, Абдулла ...
4 июл 2018
Самарқанддаги Регистон майдонида пулли 3D шоуни «бегоналар»дан тўсиш учун ўрнатилган девор ижтимоий тармоқдаги ўзбеклар ғазабини келтирди. Кириш чипталари маҳаллий ...
7 феврал 2018
Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов шўролар даврида республикани узоқ йиллар бошқарган Шароф Рашидовнинг номини гўёки оқлашга қаратилган ...
9 декабр 2017
Конституциянинг 25 йиллигига бағишлаб 7 декабрь куни қилган чиқишида президент Мирзиёев 2700 одамни авф қилганини билдирди. «Ҳозир 57 минг ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...