Document UZ
8 феврал 2018

«Жаноб Дэй, диктатор Каримовга ҳайкал ўрнатманг!»

Бир гуруҳ ўзбек фаоллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари 5 февраль куни Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовга ёдгорлик яратмасликни сўраб британиялик ҳайкалтарош Пол Дэйга мурожаат этишди. «Элтуз» нашри қуйида ушбу мактубнинг тўлиқ матнини эълон қилади.

Агар Пол Дэй Ислом Каримов ҳайкалини яратса, диктатор қурбонларининг қони ҳайкалтарош обрўйини бутунлай барбод қилади

2018 йил 5 февраль

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг мамлакатнинг собиқ президенти Ислом Каримовга ёдгорлик яратишга буюртма олган британиялик ҳайкалтарош Пол Дэйга очиқ хати. Бу ҳайкални Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси рўпарасига ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Ҳурматли жаноб Дэй,

Сиз хотирасини ўз ёдгорлигингизда абадийлаштирмоқчи бўлган инсон сабаб биз, сиёсий қочқинлар кўп йиллардан ватанимизга бора олмаймиз. Ислом Каримовнинг ўз халқига қарши террори давомида биз дўстларимиз, ҳамкасбларимиз ва яқин оила аъзоларимиздан айрилдик. Каримов назоратидаги махсус хизматларнинг қатағонлари қувғинда яшаётган кўп сонли юртдошларимизнинг ватанда қолган яқинлари билан қайта кўришишига тўсқинлик қилиб келди. Лондондаги Сант-Панкрас станциясида ўрнатилган «Учрашув жойи» ҳайкалингизни ҳисобга олиб, ўз яқинларидан айро яшаш мавзуси сизга бегона эмаслигини эслатмоқчимиз.

2005 йил май ойида Андижонда Каримовнинг буйруғига кўра юзлаб тинч намойишчи ўққа тутилганини билсангиз керак. Биз бу қирғинда ҳалок бўлганлар сонини қачондир аниқ билишимизга шубҳа бор. Чунки жиноят изларини яшириш мақсадида ўлганларнинг жасадлари диктаторнинг кўрсатмаси билан номсиз оммавий қабрларга кўмиб ташланган. Бўлиб ўтган воқеалар ҳақиқатини ошкор этишга уринганлар жим бўлишга мажбурланди – гувоҳларнинг айримлари турмаларга ташланди ва қийноқларга солинди, мамлакатдан қочишга улгурган бошқа гувоҳлар ватанда қолган яқинларининг ҳаётига таҳдид қилиниши сабабли жим туришга мажбурланди.

Сиз Каримов ҳукмронлиги даврида миллионлаб кишилар, жумладан, ёш болалар пахта майдонларида қулликка гирифтор этилганини билишингиз керак. Мажбурий меҳнатга асосланган бу давлат сиёсати шу кунларимизда ҳам давом этмоқда. У режимнинг минглаб ҳақиқий ва фаразий мухолифларини турмаларга тиққанини, унинг буйруғи билан бу инсонлар қийноқларга солинганини, кўпчилиги ўлим топганини билишингиз лозим. Сиз сиёсий мавзуларга қўл урган рассомлар унинг таъқибга учраганини, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий фанлар, адабиёт ва санъатга қаттиқ цензура қўйилганини билишингиз шарт. Унинг меросига ёдгорлик яратар экансиз, сиз аслида зулм қадриятларини мадҳ этаётган бўласиз.

Бу ёвузни шарафлаш учун сизга қанча тўлашади, жаноб Дэй?

Сиз бу ҳайкал учун оладиган пулларингиз ҳаром эканини билишингиз керак. Чунки Каримов ва унинг оиласи давлат ва халқдан миллиардларни ўғирлаш учун ўз ҳокимиятини суиистеъмол қилган. Улар Ўзбекистонда бизнес юритмоқчи бўлган Ғарб компанияларидан миллионлаб доллар пора таъма қилган. Унинг катта қизи Гулнора Каримова халқаро телекоммуникация компанияларидан юзлаб миллион доллар пора олган ва уларни Ғарбдаги ўнлаб оффшор компаниялар орқали ювиб олган. Натижада АҚШ Гулнора Каримовани Магнитский рўйхатига киритди, унинг активларини эса музлатди.

Сизнинг хизмат ҳақингизни тўлайдиган Ислом Каримов жамғармаси унинг кичик қизи Лола Каримова-Тиллаева томонидан тузилган. Унинг мақсади Каримов ва оиласининг бадном бўлган обрўсини тиклашдир. Каримов даврида Лоланинг эри Тимур Тиллаев Тошкентдаги энг йирик улгуржи бозор бўлмиш Абу-Сахий устидан назоратни сирли равишда қўлга киритган. Яқиндагина маълум бўлдики, бу бизнес империя бюджетга ойига бор-йўғи 600 минг доллар солиқ тўлаган. Аммо Каримов вафот этганидан ва 2017 йил ноябрда Тиллаевлар бу бозор устидан назоратни йўқотганидан сўнг фақат декабрь ойининг биринчи икки ҳафтасидагина худди шу бозор 4,4 миллион АҚШ доллари миқдорида солиқ тўлади. Бу эса ўтган даврлар давомида бозор эгалари давлатдан жуда кўп солиқ тўловини яширганини англатади.

Биз Ўзбекистон ҳукумати Тиллаевлар бойлигининг манбаларини чуқурроқ ўрганиши тарафдоримиз ҳамда солиқдан қочиш ва пул ювиш билан боғлиқ янги далиллар топилишини кутмоқдамиз. Шундай экан, сизга Каримов жамғармасидан тўланадиган ҳар қандай тўлов тергов эътиборига тушиши эҳтимоли бор. Агар активлар музлатилса, Сизга гонорарингиз балки ҳеч қачон тўлиқ тўланмаслиги мумкин.

Лекин пул сизни энг кам ўйлантирадиган масала бўлиши керак. Сиз ўзингиздан қандай бадиий мерос қолдиришни кўпроқ ўйлашингиз лозим. Дейлик, Википедия (ёки бошқа манбалар)даги сиз ҳақингиздаги мақолаларда Каримов жамғармасидан олган шубҳали буюртмангиз ҳақида ёзувлар пайдо бўладими?

Сизнинг энг машҳур ишларингиздан бири – «Британия учун жанг» асарингизда тинч аҳоли вакилларини Адольф Гитлернинг бомбардимонларидан қутқариш учун ўз жонини хавфга қўйган эркаклар ва аёлларга ҳурмат йўғрилган. Ливерпуль 2019 йилда «Атлантика учун жанг» мемориалини қуриш учун 2,5 миллион доллар йиғмоқда. Бу мемориални яратиш сизга буюртма қилинган. Биз сизнинг Гитлер шарафига худди шундай мемориал яратиш билан ўз обрўйингизни булғамаслигингизга ишонамиз. Унда нега қотил Ислом Каримов ҳайкалини яратишга розилик бериш орқали ўз обрўйингизни йўқотишдан чўчимаяпсиз?

1991 йил сиз Шаҳзода васийлик кенгашининг, 1993 йилда эса Тейлор жамғармасининг мукофотини олгансиз. Сиз Susse жамғармаси мукофоти лауреати ва Глостершир университети фахрий доктори ҳисобланасиз.

Биз бу муассасаларнинг ҳар бирига, шунингдек, Ливерпул шаҳри кенгашига диктатор, қотил ҳамда фуқаровий ҳуқуқлар ва ижодий эркинликларни бўғиб келган инсон хотирасини абадийлаштиришга тайёр рассомни қўллаб-қувватламасликни сўраб мурожаат этамиз.

Биз сизни ўз қарорингизни қайта кўриб чиқишга ва Каримов жамғармаси билан тузилган шартномани бекор қилишга чақирамиз.

Надежда Атаева, Марказий Осиё бўйича инсон ҳуқуқлари уюшмаси, Франция
Умида Ниёзова, Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми, Германия
Ёдгор Обид, ёзувчи ва сиёсий диссидент, Австрия
Улуғбек Ҳайдаров, журналист, Канада
Даниел Андерсон, собиқ сиёсий маҳкум, Швеция
Қудрат Бобожонов, «Элтуз» сайти муҳаррири, Швеция
Алишер Обидов, ҳуқуқ фаоли, Норвегия
Анвар Усмонов, журналист, Германия
Мирраҳмат Мўминов, ўзбек фаоли, АҚШ
Дилобар Эркинзода, ўзбек фаоли, Швеция
Салоҳиддин Усмонов, сиёсий муҳожир

Тағин ўқинг
7 декабр 2016
Ўтган ҳафта «Самарканд и самаркандцы» гуруҳи саҳифасига қўйилган фото ва видеотасвирларда жар ёқасидаги бехисоб скелетлар ётган эшак қабристонини кўриш ...
30 ноябр 2022
Бугун 30 ноябр. Эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг навбатдаги сонини тақдим этади.+++«Ўзгидромет»дан совуқ хабар. Ўзбекистонлик метеорологлар декабр ойининг бешинчи кунигача ...
11 январ 2018
9 январь куни МХХ тергов ҳибсхонасида уч ойдан ортиқ қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаев хотини, онаси ва фарзандлари билан учрашди. ...
8 март 2016
Ўзбекистонда чиқаётган газеталар саҳифасига «юксак ислоҳотлар самараси» сифатида оналар ўлими камайгани, коллеж битирувчиларининг уй ишларига «банд» қилинаётгани, ўзбек ҳукуматининг ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...