Асосий мавзулар
17 март 2018

Малоҳат Эшонқулова: Бобомуродга қўлланилган қийноқлардан даҳшатдаман

Бобомурод Абдуллаев иши бўйича Тошкент шаҳри судида 15 март куни бўлиб ўтган суд мажлисида қатнашган журналист Малоҳат Эшонқулова «Элтуз» нашрига суд мажлиси тафсилотларига оид шарҳини жўнатди. «Элтуз» ўзгаришсиз эълон қилади.

БОБОМУРОДГА НИСБАТАН СУД ТИББИЙ ЭКСПЕРТИЗАСИНИНГ ЖАВОБИ АЙНАН ШУНДАЙ БЎЛИШИНИ КЎНГЛИМ СЕЗГАНДИ

ВАҲОЛАНКИ, БОБОМУРОДГА ҚЎЛЛАНИЛГАН ҚИЙНОҚЛАРДАН ДАҲШАТДАМАН

2018 йилнинг 7 март куни судья Зафар Нурматов адвокат Майоровнинг Бобомуродга суд тиббий экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги талабномасини қаноатлантирганида эрта суюниб қўйган эканмиз.

Бугун, 15 март куни суд мажлисида судья суд тиббий экспертизаси хулосасини ўқиб эшиттирганда, очиғи, ниҳоятда ҳафсалам пир бўлиб кетди.

Мухтасар қилиб айтганда, суд тиббий экспертизаси “Бобомурод Абдуллаевнинг танасида жароҳат – қийноқ излари мавжуд эмас”, деган тўхтамга келган эди.

Бугунги маҳкама жараёнларини батафсил тасвирлаб беришим керак. Гапиришим шарт.

Суд бошланишидаёқ, судья Нурматов суд тиббий экспертизасининг хулосасини ўқиб эшиттираркан, барчанинг ҳафсаласини пир қилди. Шундан кейин прокурор Баҳром Қобилов айблов хулосасини эълон қилди.

Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоровга кўра, айблов хулосаси қарийб 100 саҳифадан иборат.

“Айблов хулосасининг ҳажми катталиги сабаб уни тўлиқ ўқиб эшиттириш учун анча фурсат талаб этилади. Шу сабаб фақат айблов қисмини эълон қиламан”, деди прокурор Қобилов.

Мухтасар айтганда, айблов хулосаси “Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон халқ ҳаракати лидери Салай Мадаминов – Муҳаммад Солиҳ билан ўзаро жиноий тил бириктириб, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, давлатни ағдариш, рангли инқилоб қилишдек ғараз мақсадни кўзлаган.

Бобомурод Абдуллаев Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида давлат расмийларини, Каримов ва унинг оиласини халқ олдида обрўсизлантиришга қаратилган мақолалар ёзган.

Шавкат Оллаёров ва Шавкат Салаев Бобомуродни ҳукумат сирларига оид маълумотлар билан таъминлаб турган. Ҳаётхон Насриддинов ҳам Бобомуроднинг гумашталаридан.”, деган каби мазмундан иборат эди.

Йўқ, мен тушунмайман, Ўзбекистон деб аталмиш мустақил мамлакат биз болалигимизда қоғозлардан ясаб, ариқчадаги сувда оқизган “оқ кемача”мидики, сув сағал чайқалса, эпкин эсса сувга ғарқ бўладиган, қоғози сувда ивиб-идраб кетадиган даражадаги ожиз бир давлатми Ўзбекистон? Йўқ, давлатимиз ўз армиясига, ўз тузилмасига эга қудратли, салоҳиятли бир тузум бўлса.

Бу тузумни “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остидаги бир журналист қўлида қалами ва атрофидаги 3-4 та одам билан ўзгартира олармиди?

Очиғи, мен салкам 100 саҳифадан иборат айблов хулосасида битилган даъволарга, айбловларга эътибор қаратмаган бўлардим. Зеро, бу айбловлар айбланувчиларга ваҳшиёна қийноқ қўллаш ортидан қўлга киритилгани бизга маълум.

Бўпти, майли, бу масалага суд ўз баҳосини бера қолсин.

Аммо мен ҳозир Бобомуродга қўлланилган қийноқлар тафсилотига батафсил тўхталмоқчиман.

Энг аввало, давлат тили хусусида икки оғиз сўз айтмоқчи эдим. Адвокат: “Судланувчиларнинг аксарияти рус тилида эркин гапира олмайди, бирлари мутлақо тушунмайди ҳам. Инсон ўз она тилида гапирса, кўнглидагиларини аниқ етказиб бера олади. Залда ўтирганларнинг аксарияти ўзбек. Судланувчиларнинг ота-оналари, яқинлари ҳам рус тилини тушунишмайди.

Бир таржимон 100 кишига таржима қилганидан кўра, битта таржимон 2-3 та русийзабон адвокатларга тилмочлик қилгани маъқул эмасми”, дея судга суд ўзбек тилида олиб борилишини сўраб талабнома киритди.

Судья бу борада прокурор фикрини сўради. Прокурор Баҳром Қобилов “қарши эмас”лигини билдирди. Судланувчи ва адвокатлар ҳам. Биргина Бобомуроднинг адвокати Майоровдан ташқари.

Шунга қарамасдан, судья Зафар Нурматов судланувчиларга бемалол ўз она тилларида кўрсатма беришлари мумкинлигини таъкидларкан, негадир суд мажлисини рус тилида олиб боришни мақсадга мувофиқ, деб топди.

Афтидан, судьянинг бундай хулосага келишига барча тергов материаллари, жиноят иши материаллари рус тилида эканлиги туртки бўлди.

Прокурор айблов хулосасини эълон қилгач, судья Нурматов “Айбингизни тан оласизми?” деган савол билан панжара ортидаги судланувчиларга юзланди.

Дастлаб Равшан Салаев “Ыисман тан оламан”, дея жавоб берди.

Судланувчи Ҳаётхон Насриддиновнинг “Тан оламан”, деган гапи ўтирганларни бир газ ерга киритиб юборди менинг тасаввуримда…

Шавкат Оллаёровнинг “Тан олмайман”, деган сўзи залдагиларнинг кўнглига оз бўлса-да таскин берди.

Бобомурод Абдуллаевнинг “Мутлақо тан олмайман”, деган жавоби суд залида ўтирганлар томонидан қарсаклар билан қарши олинди.

Суд терговида судланувчи Бобомурод Абдуллаевга сўз берилди.

Ҳақиқий ҳаяжонли дақиқалар ана шундан кейин бошланди.

Бобомурод ўзининг қўлга олинишидан тортиб қандайдир ертўлада, кейинчалик эса МХХ изоляторида ўзига нисбатан қўлланилган ноинсоний қийноқлар ҳақида батафсил сўзларкан, жумладан, бундай деди: “2017 йилнинг 27 сентябрь куни ортимдан катта тезлик билан бир «Нексия» автомобили келди-да, ундан жисмонан чиниққан, спортчи башара 2-3 эркак тушиб келиб, мени куч билан машиналарига ўтқазишаркан, ўша заҳотиёқ қўлларимга кишан солишди.

Кейин бошимга аввалига сариқ бош кийим кийдириб, балки бировлар кўриб қолмаслиги учундир, бошимни машина полига куч билан эгиб, катта кўчага қадар чиқишди. Катта кўчага қайрилганимиздан сўнг сариқ рангдаги бош кийимни ечиб менга қора қоп кийдиришди. 15-20 дақиқалар юрганимиздан сўнг мени ҳажми 5 га 5 бўлган қандайдир бир ертўлага олиб киришди.

Бу ертўла бошқаларидан фарқ қиларди. Ертўланинг шифтига, деворларига, ҳатто полларига ҳам темирдан мустаҳкам илгаклар ўрнатиб чиқилган бўлиб, мени келтирган барзангилар ўнг қўлимни кишан билан деворнинг тепароғидаги ўша мустаҳкам темир илгакга илиб қўйди. Қўлимга ҳожат учун ярим литрлик бакалашка туқазишди. Катта ҳожатга чиқолмайсиз.

Қўлим деворга кишанбанд этилгани учун бунингдек ҳолатда на ўтира оламан, на ётаман. Тик оёқда муаллақ туришга мажбур эдим.

Мени машинага куч билан ўтқазишлари биланоқ барча буюмларим олиб қўйилганди.

Биринчи куни мени безовта қилишмади. Кейинги куни иккита эркак киши кириб келишди. Улар ўзларини таништиришмади. Менинг “Сиз кимсизлар?” деган сўровимга жавобан: “Бу ерда саволни фақат биз берамиз, биз мафияданмиз!” дейишди.

“Ўзбекистонда мафия кўп, сизлар қайси бир мафиядансизлар?” деб сўраганимда, “Сен Салимбойнинг ёртўласидансан. Биз Салим Абдуллаевнинг мафиясиданмиз”, дейишди. “Сен мухолифатдаги духи бор журналистсан. Мана энди Рустам Иноятов ҳақида ёзасан. Сен Усмон Ҳақназаровсан, ҳамиша Иноятовга қарши ёзгансан”, дейишганди, “Мен Усмон Ҳақназар бўлсам, аввал буни исботлашингиз керак”, деб жавоб қилдим.

Улар “Исботингни қонунчиларга айтасан, биз мафиямиз”, дейишди. «Ана энди Иноятов ҳақида ёзасан», деб талаб қилишди.

«Мен Иноятов ҳақида ёзмайман», деб бўйин товлаганимда улар мени таёқ билан, ҳажми 2 метрча, диаметри 15-20 бўлган пластмасса қувур билан ўнг қўлимнинг билагига зарб билан уришди. Улар чап қўлим билагига шундай қаттиқ уришардики, оқибатда у қонаб, этлари шилиниб кетди.

Мен уларга “Илтимос, ўнг қўлимга ҳам уринглар” деганимда, улар “Йўқ, ҳали ўнг қўлинг сенга Иноятов ҳақида ёзишинг учун керак бўлади”, дейишди.

Улар мени сизлашарди. Яна “Бобомурод ака” деб ҳам мурожаат қилишарди.

Ўша ертўлада билдимки, МХХ ходимларининг тахаллуси бўларкан. Улар тахаллусда юришаркан. Мени қийноққа солишганлардан бирининг асл исми Қобил экан, ўзи Жалол тахаллуси билан юраркан.

Иккинчисининг тахаллуси Мажид бўлиб, асл исми Ҳожи экан. Улардан бири мени ёғоч билан, синтетика арқон билан, пластмасса қувур билан тўхтовсиз уриши оқибатида толиқиб қоларди. Шунда ёнидаги шеригига “Мен чарчадим, сен бошла”, деб қоларди. Калтаклаш навбатини иккинчиси оларди.

Ана шундай қийноқлар давомида ҳушимни йўқотардим. Улар менга совуқ сув қуйиб, ҳушимга келтиришарди.

28 сентябрь куни тунда навбатчиликка Мажид қолганди. Мажид деганлари ниҳоятда ваҳший, мисли кўрилмаган даражада қийноқ қўлловчи фашист эди.

Улар менга қандайдир қоғозни тумшуғим тагига тиқиштиришди. “Сен Усмон Ҳақназарсан. Сен бу хатни Муҳаммад Солиҳга ёзгансан, тан ол!” деб қийнашарди. Қани, бир ўқиб кўрай-чи, десам изн беришмасди. Ўзлари овоз чиқариб ўқиган бўлишарди.

Улар мендан “бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев Равшан Салаев орқали, ички ишлар вазири Бобожонов Шавкат Оллаёров орқали менга ҳукумат сирларига оид маълумотлар етказиб берарди”, деган иқрорномани, шунингдек, “Муҳаммад Солиҳ билан давлат тўнтариши қилишни режалаган эдик”, деган мазмунидаги иқрорни талаб қилишди.

“Усмон Ҳақназар номи остида 2012 йилдан буён ҳукумат расмийларини обрўсизлантириш, аҳоли ўртасида тартибсизликлар келтириб чиқариш руҳидаги мақолаларни ёзганман”, деган иқрорнома беришимни талаб қилиб калтаклашарди. Охири мен кучли қийноқлар таъсирида 28 сентябрь куни тушликдан кейин Усмон Ҳақназар тахаллуси остида мақолалар ёзганимни тан олдим.

Мен Усмон Ҳақназар тахаллуси остида мақолалар ёзганлигимни тан олганимдан сўнггина 29 сентябрь куни тушликдан кейин бошимга яна қора қоп кийгизишиб, МХХ изоляторига олиб боришди. У ертўлани ҳозир ҳам кўзимни юмиб бўлса ҳам топиб бораман, агарда ғишт териб маҳкамлаб юборишган бўлишмаса.

Мени МХХ ертўласига олиб боришгач, бошимдан қора қопни олишди. Ана шундан кейин хонага ортиқча вазн қўйган бир одам кириб келди. Кейинчалик билсам, бу Нодир Тўрақулов экан. У олдидаги орган ходимига “дубинка”ни бер деди, дубинкани олиб, менинг кўзимга ниқтади ва “Ҳали сен шунақа духовой журналист бўлиб кетганмисан? Мен сенга президентингни поддержка қилишни кўрсатиб қўяман”, деди.

«Мана, энди сен Иноятов ҳақида ёзасан”, деб менга ечинишни буюрди. Мен ечиндим. Айландим. У маматалоқ бўлиб кетган орқамга қараб, “Ўҳ-ҳў, Эрмитаж бўлиб кетибсан-у?” дея заҳарханда қилди ва “Бу жароҳатларни қайси бетонга йиқилиб олгансан?” деб сўради. Мен “Билмайман”, деб жавоб қилдим.

Шунда Нодир Тўрақулов “Нега сен ҳамиша МХХ ҳақида ёзасан? Нимага янги президент ҳақида ёзмайсан, нега нуқул Мирзиёевни қўллайсан, нега Бош прокурор ҳақида, ИИБ ҳақида ёзмайсан-у, нуқул МХХни қоралайсан? Сенинг дастингдан гувоҳномамизни ҳам кўрсата олмайдиган бўлиб қолдик-ку”, деди.

“МХХ ҳақида нималар деб ёзгансан? Шуни билиб қўйки, – деди Нодир Тўрақулов, – яқинда шу Мирзиёевинг мамлакатда хаос келтириб чиқаради! Сен ўйлама, бу давлатни президентинг, прокуратура ёки ички ишлар тутиб тургани йўқ. Бу мамлакатни биз, МХХ тутиб турибмиз”, деди.

Тўрақулов МХХ мени фақатгина Мирзиёевни қўллаганим учунгина қийнади, калтаклади.

Улар мендан, асосан, бир нарсани, “2012 йилдан буён Усмон Ҳақназар тахаллуси остида мақолалар ёзганман”, деб кўрсатма беришимни талаб қилишарди.

Мен уларга “2003 йилнинг 2 январидан бошлаб Усмон Ҳақназар тахаллуси остида мақолалар ёза бошлаганман”, деб айтдим.

Аммо улар “Сен 2003 йилдаги Усмон Ҳақназар тахаллуси билан ёзганларингни унутасан. Сен 2012 йилдан бошлаб Усмон Ҳақназар тахаллуси остида мақолалар ёзганман, деб иқрорнома ёзиб берасан”, деб талаб қилиб қийнашларини қўйишмасди.

Улар мендан “Шавкат ва Равшан менга давлат сирларига оид маълумот етказиб берарди”, деган мазмунда кўрсатма олишга уриниб, қийнашарди. Яна улар менга Бош прокурор Ихтиёр Абдулллаев Равшан орқали, ички ишлар Вазири Бобожонов Шавкат Оллаёров орқали ҳукуматга оид маълумотлар билан таъминлаб турганлиги ҳақида иқрорнома ёзиб беришга мажбурлаб азоблар, аёвсиз калтакларди.

Улар менга “Сенинг орқангда Бош прокурор турибди”, деб урарди. Шу билан бирга, МХХ ходимлари мени фақат Муҳаммад Солиҳга қарши ёзишга мажбурлашарди.

Аслида Исмоил Жўрабеков (бош вазирнинг собиқ ўринбосари)га оид 2003 йилда «Центразия»да Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида чиққан илк мақоламдаги фактларни мен Отаназар Орипов билан бўлиб ўтган ўзаро суҳбатимиздаги сўзларга таянган ҳолда ёзганман. Мен ўшанда Отаназар Ориповнинг туғилган кунига боргандим.

Отаназар Орипов ўшанда менга Исмоил Жўрабековга оид қизиқарли воқеаларни гапириб берганди. Мен Отаназар акага “Сиз мухолифатда бўлсангиз, шунча қизиқ, муҳим маълумотларга эга бўлсангиз, нега булар ҳақида матбуотга ёзмайсиз?” деб сўрагандим, Отаназар ака “Яхши бир журналист, ёзадиган одам йўқ. Қани эди малакали бир журналист бўлса-ю, буларнинг ҳаммасини қоғозга туширса”, дегандилар.

Ўша воқеадан кейин менда Отаназар ака айтган воқеаларни қоғозга тушириш истаги туғилди. Шу аснода Исмоил Жўрабековга оид мақолам 2003 йилнинг 2 январь куни интернет юзини кўрди. Бироқ буни ёзганимдан Отаназар Ориповнинг хабари ҳам йўқ эди.

Кейинги учрашувимизда Отаназар ака менга “Бирлик”нинг раҳбари Абдураҳим Пўлатов билан боғлиқ фактларни очиқлаганди. Шу аснода менинг Абдураҳим Пўлатов ҳақидаги иккинчи мақолам эълон қилинди. Булар бўлса мени Шавкат ва Равшанга қарши кўрсатма бер, деб мунтазам қийноқ қўллашда давом этишарди. Шавкат ва Равшан менга маълумот олиб келиб беришмаган.

Менинг Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида чиққан мақолаларим жуда катта шов-шув бўлган эди ва мақолам остига жуда кўп одамлар изоҳлар, фактлар ёзиб қолдиришарди. Мен асосий фактларни мақолаларим остига ёзиб қолдирилган изоҳлардан олганман.

Аммо МХХ ходимлари мендан “Муҳаммад Солиҳнинг кўрсатмаси билан давлат тўнтариши уюштиришга, рангли инқилоб қилишга уринганман, атрофимга ишончли, маълумотли ёшларни тўплаш тиришганман. Интернет сайтларида Усмон Ҳақназар номи билан ҳукумат арбобларини обр0сизлантиришга қаратилган мақолалар тарқатганман”, деган мазмунда Муҳаммад Солиҳга қарши кўрсатма, ана шундайин айбловларга иқрорнома ёзиб беришимни талаб қилишарди.

Талабларига кўнмасам, калтаклашарди. Ҳушимдан кетаман, яна сув сепишарди, ҳушимни йўқотаман, сув сепиб яна ўзимга келтиришарди. Бири калтаклаб чарчаб қолса, иккинчиси давом эттирарди.

Ваҳшиёна қийноқлар оқибатида мен 28 сентябрь куни тушдан кейин Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида мақолалар ёзганлигимни тан олишга, улар қандай мазмунда истаса, худди ана шундай иқрорнома ёзиб беришга кўнадиган бўлдим.

Бобомурод «МХХ мендан «Муҳаммад Солиҳнинг мақолаларини таҳрир қилиб Усмон Ҳақназар тахаллуси билан эълон қилдим деб ёзишга мажбур килишди», деб судда кўрсатма берганди.

«Улар менга оқ қоғоз беришарди. Диктовка қилиб, иқрорнома ёздириб олишарди. Санасини қўйма”, дейишарди.

Ёздириб бўлгач, чиқиб кетишарди ва кўп ўтмай, қайтиб келиб яна қайтадан бошқача мазмунда санасини қўйдирмасдан кўрсатмалар ёздириб олишарди.

Мен 2003 йилдан то 2005 йилгача, Андижон воқеаларига қадар Усмон Ҳақназар тахаллуси билан ўнлаб мақола ёзганман. 2005 йилдаги Андижон воқеасидан кейин маълум муддат фаолиятимни тўхтатганман.

Негаки ўшанда ишларим кўпайиб кетгандли. Ўзимнинг “Озод овоз”имга ҳам материаллар тайёрлашим керак эди.

Бироқ 2012 йилдан яна Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан мақолалар ёзишни бошладим».

Шунда судья Нурматов судланувчи Бобомурод Абдуллаевдан “Илгари тан жароҳати олганмисиз?” деб сўради.

Бобомурод Абдуллаев “Йўқ, мен илгари тан жароҳати олмаганман. Суд тиббий экспертизаси қўлимдаги жароҳат изларини «илгаридан қолган» дебди. Бироқ бу жароҳатлар тергов изоляторидаги қийноқлар ортидан ҳосил бўлган. Орадан вақт ўтгани учун аксарият жароҳатларим битиб кетган”, дея жавоб қилди.

Судья Зафар Нурматов “Иш пайти тугаганлиги муносабати билан шу ерда суд ишини тўхтатамиз. Бобомурод Абдуллаев кейинги суд мажлисида кўргазмасини давом эттиради. Суд иши 26 март куни соат 15.00 га тайинланади”, деб эълон қилди.

Суд ўз ишига якун ясаши билан мен панжара ортида ўтирган Ҳаётхон Насриддиновни саволга тутдим:

“Ҳаётхон, сиз қандай айбловга иқрорлик билдираётганингизни биласизми? Қандай айбингизни тан олмоқдасиз?” деб сўрадим.

Шундай Ҳаётхон “Суд менга сўз берганида ўз кўрсатмаларимда мен барча ҳақиқатларни очиқ-ойдин айтиб бераман”, деган мазмунда жавоб қилди.

Шундан сўнг мен Ҳаётхон Насриддиновнинг адвокати Умидбек Давлатовга савол билан мурожаат қилдим:

“Сиз судга ярим соат кечикиб келишингиз ортидан ҳимоянгиз остидаги Насриддиновнинг “Айбимни тан оламан” деган иқрорномасини эшитмадингиз. Айтолмайсизми, Ҳаётхон, “иқрорман” деганида қайси айбни назарда тутди?” деб сўрадим.

Адвокат Давлатов “Ҳаётхоннинг бу гапи ҳали ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Унинг кўрсатмаси ҳали олдинда”, деб жавоб қилди.

Назаримда, суд жараёнида иккита кўнгилсиз ҳолат содир бўлди, дейишим мумкин: биринчиси, суд бошланиши биланоқ судьда раислик этувчи Зафар Нурматов ҳуқуқбон Руҳиддин Комилов бошлиқ 3 нафар мустақил ҳимоячсини суд ишидаги иштирокига монелик қилиши ортидан, улар суд залини тарк этишга мажбур бўлди.

Ваҳоланки, Бобомурод Абдуллаевнинг турмуш ўртоғи Қутлуғқиз Балхибоева томонидан ёлланган мустақил ҳимоячилар суд мажлиси тайинланишидан бир кун олдин жиноят иши материалларининг ярми билан танишишга, айблов хулосасидан нусха олишга улгуришган эди.

Судья Зафар Нурматов мустақил ҳимоячиларни ёллаган Қутлуғқиз Балхибоевага “Мустақил ҳимоячи ёллашингизнинг боиси нимада? Айтинг-чи, сиз адвокат Майоров ва Муножот Парфиеванинг адвокатлик малакасига шубҳа билан қарайсизми?” деган мазмундаги савол билан юзланди.

Бобомурод Абдуллаевнинг турмуш ўртоғи Қутлуғқиз “Йўқ, мен Майоров ва Парфиеванинг адвокатлик малакасига шубҳам йўқ”, дея жавоб қилиши ортидан судья Нурматов 3 нафар мустақил ҳимоячисини судда мустақил ҳимоячи сифатида қатнашиш ваколатидан маҳрум этди.

Суд жараёнидаги иккинчи кўнгилсиз воқеа шу бўлдики, кутилмаганда судланувчи Равшан Салаев сўзлашга рухсат олиб, залда ўтирган журналистларга мурожаат қилиб қолди: “Ҳурматли журналистлар! Мен сизнинг меҳнатингизни биламан. Раҳмат сизларга! Бироқ менинг, ҳаммамизнинг ҳам бола-чақамиз бор. Набирам бор. Ҳали судда менга сўз берилмади.

Менинг кўрсатмам тингланмади. Шунинг учун сизлардан илтимос қилиб сўрайман, сизлар мени билмайсизлар, танимайсизлар. Ҳали суд ҳукми ўқилмай туриб мен ҳақимда матбуотда турли-туман гапларни ёзмасликларингизни илтимос қилиб сўрайман.

Мен қариндошларимдан ўзим ҳақимда матбуотда чиққан материалларни йиғиб қўйишни сўраганман. Озодликка чиқсам, ҳамма материалларингизни кўтараман ва мен ҳақимда ёзган ҳар бир гапингиз учун жавоб талаб қиламан. Судга бераман. Бир миллион миқдорида товон талаб қиламан”, деди тантанавор.

2018 йилнинг 15 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судида “конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ҳокимиятни куч билан эгаллаш”да айбланган Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов, Равшан Салаев, Шавкат Оллаёровга оид иккинчи суд мажлиси айнан мана шу тарзда олиб борилди ва ниҳоясига етди.

Кейинги суд мажлиси 26 март куни соат 15.00 га тайинланди.

Малоҳат Эшонқулова
мустақил журналист,
Eltuz.com
Ю

Тағин ўқинг
17 январ 2017
Истанбул ҳокими Восип Шоҳин ва Истанбул амният мудири Мустафо Чолишқон 17 январь куни матбуот анжумани ўтказиб, қўлга олинган одамнинг ...
8 октябр 2017
Ўн кундирки, Бобомурод Абдулладан бирон хабар йўқ. Унинг олдига бугунга қадар адвокати қўйилмаяпти. Уни ҳимоя қиламан деган адвокатларга эса ...
18 май 2017
1914 йилнинг 18 майи дея тарих ëзилган бу суврат марказида турган Абдуллабекнинг эвараси, шу кунларда Тошкентда яшаëтган Умида Ҳақназар ...
21 декабр 2017
18 декабрь куни Open Source Investigations (OSI) гуруҳи Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов оиласига тегишли кўчмас мулкларга оид мақолани ...
Блоглар
20 апрел 2018
Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши кураш кампанияси бошланди. Бу курашни мамлакат президентининг ўзи бошлаб берди. Мамлакатда ...
19 апрел 2018
Президент Мирзиёевнинг педагог ва шифокорларни мажбурий ишларга жалб этмаслик талабларидан сўнг Тошкентда 17 апрель куни ...
19 апрел 2018
Дўппидўз чевар Ҳамида Юнусова 25 йилдан буён дўппи тикади. Бу ҳунар унга оилавий анъана бўлиб, ...