Асосий мавзулар
9 апрел 2018

Чириган пиёзнинг бадалини ким тўлайди?

Бу йил баҳорга чиқиб Тошкентда пиёз хор бўлди. Айрим маҳаллаларга, кўп қаватли уйлар орасидаги ариқларда қоп-қоп тўкиб ташланган пиёзни кўришингиз мумкин.

Бу “мўл-кўллик” Тошкент шаҳри ҳокимлигининг халқни арзон пиёз билан таъминлаш мақсадида захира қилган маҳсулотни текинга тарқатиши сабаб келиб чиқди.

Ҳозир ҳар бир мактаб, болалар боғчаси, маҳалла фуқаролар йиғинларига текин тарқатиш учун машина-машина пиёз олиб келинган.

Гарчи Тошкент шаҳри ҳокимлиги ахборот хизмати “вазиятни ўрганган мутасаддилар пиёзнинг талаб даражасида истеъмолга яроқли эканини ўз кўзлари билан кўрдилар”, деб хабар тарқатганига қарамай, аслида бундай эмас.

“Бир қоп пиёздан нари борса 5-6 кило яроқлиси чиқади. Қолганлари чириб, кўкариб кетган. Ишлатиб бўлмайди. Ўша яроқлиси ҳам узоқ сақлашга ярамайди”, дейди текин пиёздан олган кишилардан бири.

Мутасаддиларнинг билдиришича, текин тарқатилаётган пиёзнинг миқдори қарийб 3000 тоннага яқин.

Саволлар туғилади, хўш, бунча пиёзни захира қилишга қанча маблағ сарфланган? У нега ўз вақтида бозорга чиқарилмаган? Ахир бу пиёз жуда катта маблағ сарфланиб жамғарилган-ку.

Бу йил Тошкент бозорларида пиёзнинг нархи унчалик осмонга ўрлаб кетгани йўқ. Бунга савдо ярмаркаларига чиқарилган захира пиёз ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Лекин бирор маҳсулотни захира қилаётганда аҳолининг унга эҳтиёжи, бозордаги талаб ўрганилиб чиқилмаганмики, минглаб тонна пиёз чиритиб юборилди?

Аввалига ҳокимлик чириб бораётган пиёзни халқ таълими ходимларига мажбуран килосини 800 сўмдан сотиб, ими-жимида бошоғриқдан қутулиб қолиш ҳаракатида бўлди. Аммо бу мажбурлаш ошкор бўлгандан кейин текин тарқатишга ўтилди.

Кўп қисми чириб кетган, текин тарқатилаётган пиёзнинг қийматини бир хомчўт қилиб кўрсак. Агар 3000 тонна пиёзнинг килоси ўртача нархи 1000 сўмдан деб ҳисобласак, 3 миллиард рақами келиб чиқади.

Давлатнинг катта маблағи сарфланиб жамғарилган пиёзнинг талаб даражасида сақланмагани, шунча пул совурилгани учун кимдир жавоб берадими?

Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 ноябр 2016
Шанба эрталаб жони узилган Абдулла Орипов тошкентликлар коммунист-мозор деб айтадиган Чиғатой қабристонига дафн қилинишини Eltuz.com манбалари тасдиқлади: «Шоир жасади ...
21 сентябр 2018
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси маъмурияти Рауф Парфининг 25 сентябрга мўлжалланган юбилейини тўхтатиш ортидан Чўлпон ижодига бағишланиб Франция ...
7 феврал 2017
Шу кунларда ҳокимлар, президентнинг вилоятга қачон келиши хақида фол очишмоқда. Мирзиёевнинг истаган вақт, истаган ҳудудни бориб кўриш хоҳиши, вилоят ...
16 январ 2022
1992 йилнинг 16 январида Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида стихияли намойиш Ислом Каримов буйруғи билан шафқатсиз бостирилган эди. Шу куни мен ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...