Асосий мавзулар
29 октябр 2018

Қонунбузарликка мажбурланаётган қонун посбонлари

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни ташкил этишнинг асосий ижрочилари кучишлатар тузилмалар, яъни асосий фаолияти қонунни ҳимоя қилиш бўлган идоралардир.

Бу идораларни қонунбузарлик қилишга ундаётган куч эса ҳукуматнинг ўзи бўлиб қолаётир.

Оммавий ахборот воситаларида туман ёки вилоятлар прокурорлари, ички ишлар идоралари раҳбарлари, шунингдек, солиқчилар турли маъмурий жазога тортилаётгани ҳақидаги хабарлардан шу хулоса англашилади.  

“Пахта теримида сусткашлик қилгани учун” шу кунгача бош вазир ўтказаётган селектор йиғилишлари чоғида кучишлатар тузилмаларнинг бир қанча маҳаллий раҳбарлари ишдан ҳайдалди, ҳайфсан олди.

Хусусан, хабарларга кўра, 22 октябрь куни бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини жадаллаштириш бўйича ўтказилган селекторда Қашқадарё вилояти прокурори Ботир Юсуповга ҳайфсан берилди. Шу вилоятнинг Нишон тумани прокурори вазифасини бажарувчи Бахтиёр Исматов эса ишдан олинди.

23 октябрь куни Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБ бошлиғи подполковник Ихтиёр Ҳасанов лавозимдан озод этилди. 25 октябрда Бўка туманининг бош солиқчиси ҳам ўзгарган эди.

26 октябрь куни эса пахта теримида сусткашлик қилгани учун Хоразм вилояти Шовот тумани прокурорига ҳайфсан берилди.

Аслида прокурор ёки милиция бошлиғининг пахта теримига нима алоқаси бор, деган савол туғилиши мумкин. Ўзбекистон каби давлатларда уларнинг пахтага бевосита алоқаси бор.

Улар чигит экишдан тортиб пахтани териб олишгача бўлган ишларни ташкиллаштиришга жалб этилади. Ғалла йиғими ҳам прокуратура ва милициянинг иштирокисиз ўтмайди.

Ажабланарлиси шундаки, улар мажбурий меҳнатга қарши курашишга эмас, мажбурий меҳнатни ташкил этишга бош-қош бўлиши керак, деб айтиш учун барча асослар бор.

Матбуотнинг мана бу хабари фикримизни тасдиқлайди: “Хоразм вилояти Шовот тумани ИИБ бошлиғи буйруғи билан профилактика инспекторлари одамларни пахта теримига мажбурлаб олиб бормоқда”.

Хусусий “Дамас”ларни теримчиларни пахтага ташишга мажбурлашга ҳам милициянинг йўл-патруль хизмати зиммасида.

“Озодлик” радиоси пахта баҳонасида Сурхондарёнинг Қизириқ туманида миллий гвардия тўйхонаю ошхоналарга бостириб кириб, одамларни қўрқитиб юргани ҳақида ҳам ёзди.

Шунингдек, радио Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида 24 октябрда туман ҳокими ва прокурори мактаб директорларига бир қисм эркак ўқитувчиларни пахта теримига чиқариш ҳақида оғзаки буйруқ бергани ҳақида хабар қилди.

Кўриниб турибдики, қонун ҳимояси билан шуғулланиши керак бўлган идоралар бугун қонунбузарларнинг олдинги сафларида бормоқда.

Ишдан ҳайдалгану ҳайфсан олганларнинг нисбасидан келиб чиқилса, пахта теримидаги шу кунларда тобора кенг кўлам касб этаётган мажбурий меҳнатни ташкил этиш асосан прокурорлар зиммасига юкланган кўринади.  

Уларни бундай ишларга эса ҳукуматнинг ўзи мажбурлаётгани кундек равшанлашиб боряпти. Акс ҳолда “пахта теримидаги сусткашлик”ка уларнинг қандай алоқаси бўлиши мумкин?!

Баҳодир Шариф
eltuz.com

Тағин ўқинг
28 июл 2018
Қадрли вебсаҳифамиз ўқувчилари. «Элтуз» нашри жамоаси таътилга чиқади. Бу вақт ичида ўтган давр мобайнида босилган эътиборга лойиқ айрим мақолалар, ...
8 октябр 2015
Афғон-туркман чегарасидаги хавфсизлик, Ўзбекистоннинг ёнилғи эҳтиёжлари ва Россиянинг кун сайин тажовузкор тус олаётган геосиёсати Тошкент- Ашхобод мулоқотида кўрилиши кутилган ...
23 апрел 2018
Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон бюджетидан 4 миллион доллардан ортиқ маблағ ўмарилган. Бу ҳақда Молия вазирлигига асосланиб, мамлакатнинг бир ...
7 ноябр 2016
Вазирлар махкамасининг 7 октябр қарорига асосан Тошкентда кўплаб уй эгалари ва ижарада турувчилар текширилаётгани билдирилмоқда. Ўзбекистоннинг расмий ЎзА агентлиги ...
Блоглар
15 ноябр 2018
Ўзбекистонда баъзан «ютуб», баъзан «фейсбук» каналлари узилишидан шикоятлар ортмоқда. 15 ноябрь куни «Элтуз» нашри Downdetector ...
14 ноябр 2018
Таниқли ўзбек диссидент адиби, 67 яшар Мамадали Маҳмудов 13 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ...
13 ноябр 2018
“Бу йил фермерларга ҳар йилгидан кўра оғир бўлди. Уларга нисбатан зуғум ва зўравонликлар кўлами ошса ...