Кундалик
31 октябр 2018

Аҳолининг инфляциядан хавотири ортиб боряпти

Ўзбекистон Марказий банки мамлакат аҳолиси ва корхоналарининг инфляция кучайиб бораётганидан хавотири ошаётгани ҳақида маълум қилди.

МБнинг жорий йилнинг 3-чораги учун тайёрлаган ҳисоботида билдирилишича, июль-сентябрь ойларида аҳоли ва бизнес томонидан сезилган инфляция индексида сезиларли ўсиш кузатилган.

МБ бу ўсиш динамикаси келгусидаги инфляцион кутилмаларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Пишиқчилик мавсумида одатда мамлакатда арзончилик кузатилади. Жорий йилда бозорларда энг арзони узум, олма, пиёз каби маҳсулотлар бўлди.

Аммо аксарият ҳолларда ёзда жуда арзон бўладиган помидор, бодринг, тарвуз-қовун кабиларнинг нархи кутилганидан анча баландлиги кузатилди.

“Бу йил бизда помидор ҳосили яхши бўлмади. Бунга қурғоқчилик ҳам сабаб бўлди. Қолаверса, помидорга касал тегиб, тезда қуриб қолди”, дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходими “Элтуз” билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, нархи энг сезиларли ошган маҳсулотлардан бири гуруч бўлган. Қиш мавсумида гуруч янада қимматлаб кетиши кутилмоқда.

Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, яқинда ҳукуматнинг бензин, газ ва электр энергияси нархини ошириш тўғрисидаги қарори лойиҳаси эълон қилингани аҳоли ва бизнес вакилларининг инфляцион хавотирлари кескин ошишига сабаб бўлмоқда.

“Бу қарорнинг қабул қилиниши, сўзсиз, бозорда нархлар қимматлашувига олиб келади. Чунки бугунги кунда ишлаб чиқариш таннархининг сезиларли қисмини энергия манбаларидан фойдаланиш харажатлари ташкил этади. Биз яқин вақтларда занжирли реакция кўринишидаги қимматлашувга гувоҳ бўлишимиз эҳтимоли жуда катта”, деди иқтисодий таҳлилчи Ботир Ҳайдаров “Элтуз” билан суҳбатда.

Таъкидлаш керакки, ҳукумат вакиллари кутилаётган қимматлашувга аҳоли фикрини тайёрлаш ҳаракатига тушиб қолган.

Хусусан, яқинда молия вазири ОАВ вакиллари билан учрашиб, энергия манбалари нархи оширилиши зарурати ҳақида тушунтириш берди.

Ўзбекистонда қимматчиликнинг биринчи белгиси қора бозорда АҚШ доллари нархининг ошишида кўринади.

28 октябрь ҳолатида долларнинг расмий курси 8226 сўмни, қора бозорда эса сотиб олиш нархи 8300 сўм, сотиш нархи 8330 сўмни ташкил этди.

Жорий йил бошидан буён долларнинг расмий ва қора бозордаги курслари ўртасида шу кунлардагидек катта фарқ кузатилмаган эди.

Бу эса аҳоли ва тадбиркорларнинг қимматлашув хавотиридан доллар сотиб олишга эҳтиёжи ортганига ҳам далил бўлади.

“Жорий йилнинг тўртинчи чорагида аҳоли ва бизнесменларнинг инфляцион кутилмалари кўрсаткичи ўсиши аввалги уч чоракдагидан кўра юқорироқ бўлиши эҳтимоли катта”, деди иқтисодий таҳлилчи Ботир Ҳайдаров “Элтуз”га.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Марказий банк қайта молиялаш ставкасини 14 фоиздан 16 фоизга оширишга қарор қилган эди.

Бу қарорга берилган шарҳда мамлакатда инфляция даражаси кутилганидан кўра юқорироқ бўлаётгани билдирилганди.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 декабр 2018
Ўзбек матбуоти чоп этаётган мақолаларга ишонилса, энди ҳамма ғалласини давлатга топширишга мажбур бўладиган деҳқоннинг бошига “бахт қуши” қўнган. Маҳаллий ...
8 ноябр 2017
8 ноябрь куни Андижон шаҳри расталарида бир кило мол гўшти нархи 36 минг сўмга кўтарилди. Андижондаги «Эски шаҳар» ва ...
22 январ 2021
Салом, менинг садоқатли дўстларим ва душманларим! Сизлар билан экран орқали дийдорлашишни бир ҳафта орзиқиб кутдим. Шодлигу ғамимни сиз билан ...
6 июл 2016
Ўтган ҳафта АҚШ Давлат департаментиннинг трафикинг бўйича янги ҳисоботида янги рейтингида Ўзбекистон пахтачиликдаги мажбурий меҳнат боис энг паст даражага ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...