Дайжест
1 феврал 2016

Тошкентнинг қарзлари, фирибгарлар ва қайнонасини ўлдирган келин

Ўтган ҳафта Ўзбекистондаги вақтли нашрларнинг сарлавҳаларига бошқа давлатларга намуна бўлиши керак бўлган «ўзбек модели» ташвиқотидан ташқари турли реал ҳақиқатга яқин хабарлар ҳам чиқди. Масалан Тошкент шаҳрининг триллионлик қарзлари, шантажчига йўлиққан шифокорлар, тилла фирибгарлари, қайнонасини ўлдирган келин ва қайинсингил жинояти…

Ўзбекистондан намуна олиб, ҳолига вой бўлишни истаганлар борми?

“Народное слово” газетаси тараққиётнинг “ўзбек модели” бошқа давлатлар учун намуна бўлишини даъво қилди.

Унда ёзилишича, президент Ислом Каримовнинг оқилона сиёсати натижасида мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб Ўзбекистон ўз тараққиёт моделидан чекинмаган, демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти, иқисодиётни модернизациялаш ва янгилаш йўлидан ишонч билан бормоқда.

Мақола муаллифлари И.Каримов мустақилликнинг дастлабки йилларида “Туркия модели” ва “Жанубий Корея модели”дан қайси бирини танлашни билмай, ўртада анча сарсон-саргардон бўлганини бугунгилар эсдан чиқарган бўлса керак, деб ўйласа керак.

Бундан ташқари, агар ишсизлик ва қашшоқлик сабабли миллионлаб фуқаронинг хорижий давлатларга иш излаб кетаётгани “ўзбек модели”нинг яққол кўрсаткичи бўлаётган бир пайтда бошқа давлатлар бу моделдан намуна олишига биров ишонармикин?

Тошкент шаҳрида триллионлаб сўмлик қарздорлик бор

“Тошкент оқшоми” газетаси пойтахт ҳокимининг Тошкентнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши юзасидан шаҳар кенгаши депутатлари олдидаги йиллик ҳисоботига оид айрим рақамларни эълон қилди.

Унда ёзилишича, Тошкент шаҳри бўйича дебитор қарздорлик 39,9 трлн сўмни, муддати ўтган қарздорлик 295,6 миллиард сўмни, умумий кредитор қарздорлик эса 26,9 трлн сўмни, муддати ўтгани 1,3 трлн сўмни ташкил этмоқда.

Дўхтирлардан ҳам пул “тортса” бўладими?

“Тошкент оқшоми” газетасида криминал мавзуда эълон қилинган мақолада айтилишича, бир аёл сочи тўкилаётгани учун дерматолог шифокорга мурожаат этган. Шифокор унга дори ёзиб берган.

Бир неча кундан кейин аёл шифокор ҳузурига қайтиб келиб: “Дориларингиз аллергия қўзғатди. Агар 500 минг сўм бермасангиз, ўзингизниям, оилангизни ҳам тинч қўймайман”, дея товламачилик қилган.

Дўхтир ҳам анойилардан эмас, бу ҳақда дарҳол тегишли идорага хабар берган. Товламачи аёл шифокордан 300 минг сўм олаётган пайтда қўлга тушган.

Содда аёллар ва устомон фирибгарлар

“Адолат” газетаси наманганлик икки лўли (улар ҳақиқатан ҳам лўлими ёки шу ролга кирганми, газетада аниқлаштирилмаган) аёл Хоразм вилоятига “гастрол сафар”га чиқиб, содда аёлларни алдаб, тилла буюмларини ўзлаштиргани ҳақида мақола чоп этди.

Унда айтилишича, фирибгарлар қишлоқма-қишлоқ юриб, эски буюмлар сотиб олиш баҳонасида баъзи аёлларнинг ишончига кирган ва тилла буюмларининг ҳақиқийлигини текшириб бериш баҳонасида уларни қўлга киритган.

Фирибгарлар тилла буюмларга спирт ва йод аралашмасидан тайёрланган махсус суюқлик томизиб: “Мана, тиллангиз ҳақиқий эмас экан, қорайиб кетди. Уларни заргарга кўрсатиб, ўзимиз алиштириб олиб келиб берамиз”, деган ва ўзларининг арзон тақинчоқларини содда аёлларга гаров сифатида қолдириб, ғойиб бўлган.

Фирибгарлар шу йўл билан бир аёлнинг 3 850 000 сўмлик, бошқасининг 1 800 000 сўмлик тилла буюмларини ўзлаштирган. Улар яна бир аёлга шундай фириб бермоқчи бўлганида қўлга олинган.

Қотил келин ва қиз

“Тасвир” газетасининг ёзишича, ота-онасининг розилигини ололмагани учун севган йигитининг уйига тўй-томошасиз кириб келган келин ўз қайинсинглиси билан биргаликда қайнонаси қотилига айланган.

Маълум бўлишича, ҳали коллежда ўқийдиган қизининг енгил-елпи юриш-туришидан хавотирга тушган она уни койиган ва ўқишга юбормай қўйган. Орадаги можаролар сабаб келин ва қайинсингил бечора аёлни ўлдириш режасини тузган. Аёл молхонага иш билан кирганида қизи унинг бошига болта билан зарба берган. Кейин эса унга ёрдамга келган янгаси билан биргаликда аёлни арқон билан бўғиб ўлдириб, жасаднинг устига аввалдан тайёрлаб қўйилган бензин сепиб, ёқиб юборган.

Суд ҳукми билан келин 15 йилга, ўз онасининг қотилига айланган қиз эса 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 апрел 2016
Ўзбек матбуотига берган интервьюларида режиссер янги фильм воқеалари ўтган асрнинг 90 йиллари бошида, Ўзбекистон эндигина мустақиллика эришга даврдаги тарихий ...
14 июл 2017
11 июлда президент Шавкат Мирзиеев чиқиш стикерлари ўрнига ҳорижий паспорт жорий қилиш қарорини имзолади. Ҳужжатда, айни масалани кўриб чиқиш ...
12 феврал 2016
«Замондош» сайти муҳаррири бўлган Ризо Обиднинг калласи ишлаб қолди. Боши бориб тошга текканидан сўнг ишлаб кетди шекилли. Галима Бухарбаева ...
28 сентябр 2016
Ўзбек халқининг буюк шоири Рауф Парфи 1943 йилнинг 27 сентябрида туғилган эди. Ушбу сана муносабати билан унинг яқин дўстларидан ...
Блоглар
16 октябр 2017
Ҳар дам олиш кунлари Тошкентдаги турли вазирликлар, давлат қўмиталари, сон-саноқсиз бюджет ташкилотлар олди эрта тонгдан ...
13 октябр 2017
9 октябр куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Танзила Норбоева, (фото: чапдаги расм) nuz.uz нашри орқали ...
9 октябр 2017
«Талқончи» нон ушатишда давом этади… Ўзбек махбуслари учун чақимчи камерадош билан яшаш қандай ёқимсиз… Собиқ ...