Мултимедиа
29 апрел 2016

Ёлғонлар эҳроми ичида тайёрланган фильм

Ўзбек матбуотининг бу жазавасига 12 апрел куни, “Тошкент” телеканалида СТАРТ берилди.

Ўша куни бу телеканал, кечки прайм тайм вақтида, “GTA ёхуд ўйинга айланган ҳаёт” фильмини намойиш қилди.

Ўзбекистон матбуоти хар доим ёлғон ва бўҳтонлар асосига қурилган маълумотлар асосида ишлайди. Бу матбуот мамлакатдаги бугунги ноинсоний тузумнинг ишончли химоячиси ва хамкорига айланган. Мен хозир буни исбот қилиб ўтирмайман, зеро бу хаммага маълум ҳақиқат.

Фильмни яратганлар мени “Хоин”, “Ўз халқига тош отаётган нонкўр” дея атайдилар. Менинг Ўзбекистон ватандошлигидан аллақачон чиқарилганимни ҳам эълон қилдилар. Мен хозир ўзимнинг Ватанимга душман эмаслигимни ҳам исботламоқчи эмасман. Бу хақда кейин ёзаман.

Мен, ўқиётганингиз бу мақолада, ““GTA ёхуд ўйинга айланган ҳаёт”” фильмида номлари қораланган, машхур “Арамаис Авакян иши” бўйича ҳаётлари барбод этилган ватандошларим химоясига сўз айтмоқчиман.

Эшшак нима учун “Мен филман!” дейди?

Фильм муаллифлари Россиядаги “ГТА бандаси” жиноий гурухига ва энг кулгилиси ИШИД жангариларига боғлиқ шахслар деб атаётган Арамаис, Фурқат, Акмал, Дилшод, Бектемирлар, ортидан югурувчи одами йўқ, рўзғорини аранг тебратиб юрган оддий ватандошларимиз.

Зеро, ўзбек Миллий Хавфсизлик хизмати ходимлари ва милицияси учун бундай ватандошларимиз ҳар доим “ўлжа” ва “ем” бўлиб келган. Чунки, уларни хохлаган пайтда “ичкарига олиб”, уларнинг бўйинларига исталган айбларни илиб қўйиш мумкин. Мен ўзим ўзбек қамоқхонасида ўтирганман ва хеч қандай айби бўлмаган холда, тухмат билан узоқ муддатли қамоқ жазосига хукм этилганларни кўрганман. Шу сатрларни ўқиётган хар бир ўзбек билади бу гапларимнинг ҳақиқат эканлигини.

“Арамаис Авакян иши” бўйича 6 йиллик қамоқ жазоси олган Бектемир Умрзоқов, аппеляция судида “Мени айбим йўқ!” деди суд раисига қараб.

Суд раиси “Нега унда иқрор бўлиб қўл қўйдинг мана бу қоғозларга?” деди.

Шунда Бектемир “Судя бова, бизни милициямизни қўлига тушган эшшак, керак бўлса“Мен филман” деб имзолаб беради любой қоғозни” деди.

Ҳамма кулди. “Судя бова” хам кулиб қўйди. Кулиб туриб, Бектемирнинг 6 йиллик, Арамаиснинг 7 йиллик, Фурқатнинг 12 йиллик, Дилшод Алимов ва Акмал Мамадмуродовларнинг 5 йилу 6 ойлик қамоқ жазосини ўзгартиришсиз қолдирди.

Бу гапларни мен тўқиб чиқармадим. Ўша аппеляция судида иштирок этган АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари Антон Купер ва Мамед Аскеровлар буни тасдиқлай олади.
Суд раиси А. Мамарахимоав “Арамаис Авакян иши”ни адолатли хал қила олмасди. Чунки, “иш”нинг бир тизгини Ўзбекистон Ички ишлари Вазирлиги яна бири эса Миллий хавфсизлик хизмати идорасининг ваҳимали коридорларига кириб сингиб кетган эди.

Келинг, аввало Жиззахнинг Пахтакор туманидаги фермер Арамаис Авакян аслида фермермиди ёки йўқ деган оддий саволга жавоб излаймиз.

Арамаис фермерми ёки босқинчи?

“GTA ёҳуд ўйинга айланган ҳаёт” фильмини тайёрлаганлар Арамаис Авакянни хеч қандай фермер эмас босқинчи ва талончи сифатида кўрсатадилар. Кадр ортидаги овоз шундай дейди: “Аслида балиқчилик хўжалигини юритишга хеч бир хуқуқий асоси бўлмаган Арамаис Авакян фермер эмас, балки бу жойни зўрлик билан ўзиники қилиб олган”.

Бу иддаонинг ғирт ёлгонлигини сиз кўриб турган суратдаги хужжат айтиб турибди. Хужжатда, Пахтакор тумани ҳокими Ғофур Каршибоев, 2013 йил 26 июн куни 342 сонли қарорга имзо чеккани айтилади.

Бу қарорда, “Дала ҳовуз балиқлари” фермер хўжалигининг рахбари Д. Рўзиқулов бетоблиги сабабли, бу фермер хўжалиги Арамаис Авакян номига расмийлаштирилганлиги ёзиб қўйилган.

rasm1266rasm1267

Сиз суратда кўриб турган хужжат Жиззах вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари томонидан имзоланган ва у ерда Арамаис Авакян номида балиқчилик хўжалиги борлигини тасдиқловчи ҳоким буйруғининг саналари ва номери хам келтирилган.

Қизиқ, олис Канадада яшаётган “Ватан хоини” бўлган журналистгача етиб келган ушбу хужжат нега энди ““GTA ёҳуд ўйинга айланган ҳаёт”” фильми муаллифлари назаридан четда қолди экан?
Демак, Арамаиснинг ҳақиқий фермер эканлиги маълум бўлди.

Балиқчидан ИШИДчи яратиш кимга керак бўлди?

Халқимиз балиқни яхши кўради. Денгизи бўлмасада, турли туман ҳовузлар яратиб, унда балиқ етиштиришади. Балиқ – ўзбек бозорларида хар доим харидоргир махсулот бўлиб келган.

Юқорида сиз кўрган расмдаги хужжатда, Пахтакор туманидаги балиқчиликка асосланган фермер хўжалиги 2010 йил 17 декабрда, 755 сонли ҳоким қарори асосида иш бошлагани ҳақида сатрлар бор.

“Дала ҳовузи балиқлари” деб номланган фермер хўжалиги Рўзиқулов Дониёр деган фуқаро номига расмийлаштирилган. Хўжаликни 2 йилу 6 ой бошқарган Дониёр, хужжатда айтилишича “беморлиги туфайли” хўжаликни топширади.

2013 йилнинг 26 июн куни ҳоким Ғофур Қаршибоев, балиқ ҳовузини Арамаис Авакянга 342 сонли қарор билан хатлаб беради.

“GTA” фильми Арамаисни мана шундай тасвирлайди: «Авакян Арамаис Пахтакор туманида кўплаб хуқуқбузарлик қилиб ном чиқарган, ўғирлик, босқинчилик ва товламачилик қилиб муқаддам судланган».

Агар бу рост гап бўлса, нега энди Пахтакор тумани ҳокими Ғофур Қаршибоев бир гектар ерга жойлашган иккита балиқ ҳовузини “ўғри, босқинчи ва товламачига” қўш қўллаб топширяпти? Қани бу ерда мантиқ?

Ҳокимнинг ҳисоби аниқ. У балиқчиликдек сердаромад хўжаликни, ўз хаққини ва қонунларни танийдиган, ўқимишли одамга бера олмасди. Чунки, у холда Ғофур Қаршибоев ҳовузларга парда ортидан эгалик қила олмасдан қоларди.

Мен ўзимдаги каналлар орқали суриштириб кўрдим. Балиқ ҳовузига эга бўлиш Арамаис Авакяннинг тушига ҳам кирмаган. Унга, туман ҳокимлигига яқин бўлган бошқа одамлар чиқишиб, маслаҳат беришган. Ўша одамларнинг “Бориб ҳокимга учра, балиқ ҳовузи эгасиз ётибди, сўрасанг беришади” деган сўзлари билан, Арамаис ишониб ишонмай Ғофур Қаршибоевнинг хузурига киради. Ва ўша куннинг ўзида у ердан 342 сонли буйруқ билан, “Дала ҳовуз балиқлари” фермер хўжалиги рахбари бўлиб чиқади.

У ўзига расмийлаштирилган балиқчилик хўжалиги ҳовузларини тозалади ва бор йўғини сотиб, қарз кўтариб, Гулистон шаҳридан 10 миллион сўмлик майда балиқлар олиб келиб, ҳовузга ташлади. 2 йил давомида балиқларни емишдан кам қилмади ва шу вақт ичида балиқлар катта бўлди, кўзга кўринди. Арамаис, 2015 йил, октябр ойидан балиқларни сотишни бошлаши ҳақида ўзига яқин, бирга ишлаган йигитларга айтиб хам қўйди.

Қароқчи Абу Хасанга айланган ҳокимлар

Энди бироз мавзудан чекинамиз. Бугун Ўзбекистондаги ҳокимлар ўз тасаруфидаги вилоят ёки туманда бемалол ўзгаларнинг бизнесига ҳужум қила олишади. Кўнгиллари тусаган бизнесни бир тадбиркордан тортиб олиб, бошқасига топширишади. Улар бу ишларни бекорга қилишмайди албатта. Буни замонавий тилда “Рейдерлик” дейишади. Ўзбекистонда бугун Рейдерлик билан шуғулланмайдиган ҳокимнинг ўзи бўлмаса керак.

Схема мана шундай: Сиз фермер хўжалиги очмоқчисиз ва бунинг учун сизга ер керак. Ҳокимиятга борасиз ва улар сизнинг арзингизни тинглашиб, сизга дархол ер ажратиш ҳақида қарор чиқариб беришади. Сиз ишингиз тез битганидан хурсанд бўлиб, ажратилган ернинг, чекка ташландиқ жойдаги хас ва тиконзор бўлган қақраб ётган, тошлоқ ер экани кўзингизга хам қўринмайди. Ўзингиздаги бор куч қувватни ишга соласиз: оила аъзолангиз билан тошларни терасиз, ерни чиқиндилар ва тиконлардан тозалайсиз, минг машаққат билан қаерландандир сув келтирасиз. У ерга кўчатлар экасиз, ёки айтайлик иссиқхона қурасиз. Ерга хар йили ўғитлар соласиз, мелиоратив холатини яхшилаб борасиз. Сабрингиз ва мехнатингиз ўз самарасини беради: 2 ёки 3 йилдан сўнг ўша ташландиқ ер, боғу бўстонга айланади, ер хосилга киради.

Эндигина пешонангиз терини артиб, ерингиздан чиққан хосилга оғзингиз тегай деганда, ҳокимиятдан шум ниятли чопар келади.

Дархол етиб борасиз ва шу кундан бошлаб саргардончилигингиз бошланади: гох солиқ идорасидан, гох кадастрдан бир биридан ғалати талабномалар келишни бошлайди. Прокуратура хам сизга қизиқишини сездира боради. Турли текширувлар бошланади. Бирига жавоб топасиз. Бошқаси сизни ерга қаратадиган савол беради. Охири, сизга ер ажратган ҳоким ёки ҳокимча қулоғингизга шипшийди “Ерни топшир ва шунда тинч яшайсан”. Топширасиз. Ва йўлингизда давом этасиз. Тозаланган, сув келтирилган ва серхосил тупроққа айланган ерингиз, ҳокимнинг биронта яқин таниши ёки қариндошига хатлаб берилади.

Бундай воқеалар бугун Ўзбекистоннинг деярли хар бир вилоятида содир бўлаяпти. Ерини яхшиликча топшириб индамай кетганлар, қутилганимга шукур деб яшаб юришибди. Лекин, пешона тери тўкилган ерини ўз ихтиёрни билан топшрмаганларнинг бошига қора кунлар тушади.

Жиззахнинг Пахтакор туманида яшовчи 37 ёшли арман миллатли Арамаис Авакян хам ана шундай схеманинг қурбони бўлди.

Балиқчи ва ҳоким зиддияти

Ишни ўрганар эканман, ғалати рақамларни кашф қилдим: Балиқчилик хўжалигининг аввалги рахбари Дониёр Рўзиқулов роппа роса 2 йил 5 ой балиқчи бўлган экан. У балиқларини парваришлаб, уларни сотиш пайти келганида, негадир бирданига “бемор” бўлиб, хўжаликни ҳокимиятга топшириб кетаяпти. Арамаис Авакяннинг хам балиқчилик хўжалигидаги рахбарлиги роппа роса 2 йил 3 ой давом этибди холос.

Махаллий ҳоким, Ғофур Каршибоев ва балиқчи фермер Арамаис Авакян ўртасидаги зиддият 2015 йилнинг бахоридан бошланди.

Ҳовуздаги балиқлар кўзга кўрина бошлаши билан, ҳоким ва унинг ўринбосарлари Арамаисни тез тез йўқлайдиган бўлишди.

Арамаис Авакянни аввалдан биламан. Чўрткесар, одамни юзига қараб гапирадиган, оғир мехнатдан қочмайдиган йигит. Мухими, у ўзи таниган ва ишонган дўстларига хиёнат қилмайдиган “чапани армани” йигит эди. Бу, бошқа бир мавзу ва тез орада Арамаис Авакяннинг аслида қандай инсонлиги, шахсан мен ва менинг дўстларим билан муносабатлари ҳақида алохида мақола эълон қиламан.

Шундай қилиб, балиқлари сотишга тайёр бўлган балиқчи олдига ҳоким Ғофур Қаршибоев тез тез келиб, у билан яккама якка сухбатлашадиган бўлди.

Бир куни балиқчи ва ҳокимнинг шивир ширири бақир чақирга айланиб кетди. Ҳоким Қаршибоевнинг “Сен мени айтганимни қиласан! Чиритаман агар айтганимни қилмасанг!” деганини эшитганлар Арамаиснинг унга қараб “Пашел ……..!” деганини хам эшитишган албатта.

Шу воқеанинг эртасига Армаис телефонимга “Бир тел қилинг, брат” деган ёзув юборди.

Анча гаплашдик. Ҳоким Қаршибоевнинг талабларини айтиб берди у менга. У ерда иккита балиқ ҳовузи бўлиб, туман ҳокими Қаршибоев бир ҳовуздаги балиқларни хаммасини, кўрсатган одамига, сув
текинга бериб юборишни талаб қилган. Табиийки, Ўзбекистонда ўсиб унгани билан арманилигича қолган Арамаис ҳокимнинг бу “ғалати” талабини қабул қилмаган.

“Пакана (Арамаис ва унинг дўстлари ҳокимни халқ орасидаги лақаби билан атарди) бир ойда 4 марта олдимга келиб кетди. 3 марта хонасига чақирди. Милициясию, прокурори билан қўрқитяпти. Мени хеч қанақа нарушениям йўқ. Балиқларни берасан деяпти ” деганди ўшанда Арамаис телефонда.

Тасалли бергандим. Агар вазият жиддийлашса, хабар бергин, дедим холос.

Шундан кейин жим бўлиб кетди. Унинг хотини Ширин, ўтган йилнинг июль ойи охирларида менинг рафиқам билан телефонда сухбатлашаётиб, “Балиқларни сотсак, бу йил ўзимиз уй оламизми дегандим, ижарама ижара юриб, болалар билан қийналиб кетдим. Ҳоким қўймаяпти экан Маисни, балиқ ҳовузни топширасан деяпти экан. Кузда хамма балиқларни сотиб юборамиз, кейин топиширади ҳовузни” деган экан.

Лекин, Арамаис Авакян балиқларни парваришлаб катта қилдию, уларни сотишга улгурмади.

Етилиб турган балиқларга тўла бўлган ҳовузларни, “хаққини таниган армани” ўз ихтиёри билан топширмаслигини сезган ҳоким Ғофур Қаршибоев, бу ишни тезроқ хал этиш учун вилоят Миллий Хавфсизлик Хизмати идорасининг Марат исмли ходимига ва Республика Ички Ишлар Вазирлиги девонхонасида хизмат қилувчи акаси С. Қаршибоевларга маслахат солади.

Шундай қилиб, “Арамаис Авакян иши” жиноий ишининг илк схемалари пойтахт Тошкент ва Жиззахнинг хуқуқ тартибот идораларида чизиб чиқилди.

Ўтган йилнинг 4 сентябр куни Арамаис, шериклари Бектемир, Акмал ва Дилшодлар билан, автомобилда кетишаётганида, бир гурух қуролланган ва ниқобли шахслар томонидан хамманинг кўз ўнгида бошларига қоп қийгазилган холда, ўғирлаб кетилади.

Арамаис Авакяннинг яна бир шериги, Фурқат Жўраев эса 3 сентябр куни йўқолиб қолганди.

Зиндондан чиққан СМСлар ёки электр токи нималарга қодир?

4 сентябр куни ўғирлаб кетилган йигитлар, 8 сентябр куни яқинларининг телефонларга хабарлар жўнатишди. Улар ўз СМСларида “Биз Қозоқдамиз. Шу ердан Сурияга жиходга кетамиз. Биздан рози бўлинглар” деб ёзишган эди.

Бу ғалати СМСларга нафақат ота оналар балки, Арамаис ва унинг шерикларини билган Пахтакорликлар хам ишонишмади. 40 кун давом этган расмий қидирувдан сўнг, ўғирлаб кетилган йигитлар вилоят Миллий Хавфсизлик хизмати идорасининг ертўласидан экани маълум қилинди.

Нима учун улар 4 сентябр куни хибсга олинган бўлсаларда, оилаларига бу хақда 15 октябрда хабар берилганлиги, 40 кун мобайнида МХХ ходимлари бу йигитларни не куйларга солганлиги ҳақида Ўзбекистон телевиденияси тайёрлаган фильм муаллифи сукут сақлайди. Шунингдек, хибсдаги йигитлар қандай қилиб ва нима учун гуёки Қозоғистондан туриб Сурияга кетаётганликлари ҳақида СМС жўнатганлари ҳақидаги ўта ғалати фактларни хам фильмнинг сирли муаллифи четлаб ўтади.

Қизиғи шундаки, 40 кунлик қидирув ва Қозоғистондан келган СМСлар ҳақида, терговнинг энг асосий хужжати – Айблов хулосасида хам бирон жумла ёзилмаган. Судланувчиларнинг ота оналари ўша СМСлар ҳақида суриштиришни суд раисига қайта қайта айтишсада, раис Адхам Мамарахимов уларнинг сўзларини тингламади.

Воқеа ҳақида мен кўп мақолалар ёздим. Тергов ва суд жараёни бўйича адвокатлардан олинган маълумотлар хамда хибсга олинганларнинг яқинларининг интервьюларига таянган холда, “Арамаис Авакян иши” eltuz.com ва asiaterra.info сайтларида кенг ёритилди. Жиззахлик армани балиқчининг бошига тушган кўргуликлар шу тариқа жахон ОАВ назарига тушди.

Хибсхонада ўласи қилиб қийноқларга солинган йигитларнинг барчаси, Арамаисдан ташқари, Миллий хавфсизлик хизмати терговчилари истаган версияларни тасдиқлаб беришди. Арамаис Авакян қийноқлардан юра олмайдиган даражага етган холда хам Айблов хулосасини имзолашдан бош тортади. Терговдаги кўрсатмаларнинг биронтасига ва айблов хулосасига Арамаис Авакян имзо қўймайди. Унинг барча имзолари терговчилар Дилмурод Болбеков ва Шерзод Холов томонидан сохталаштирилади. Кейинчалик Арамаис махкамада “Бизни электр токи билан қийнашди” деган эди судяга қараб.

”Қулоқсиз” адвокатлар линцензиядан махрум бўлишади

“Жиноий иш”нинг дастлабки адвокати Лейла Абдуллаева, анча уринишлардан кейин, ҳимоясидаги Арамаис Авакянни тергов хибсхонасида кўрганидан кейин, унинг онаси Флора Сакунцга “Нима қилиб бўлсада ўғлингизни қутқаринг. Акс холда ундан ажраб қоласиз. У ўрнидан тура олмайдиган ахволда” деган эди. Орадан бироз вақт ўтар ўтмай, бу адвокат сабабсиз ишдан четлатилди.

Арамаис Авакяннинг кейинги адвокати Одил Қобилов ҳам хибсга олинган балиқчи ва унинг шериклари устидан олиб борилган тергов барча процессуал меъёрларга зид равишда ўтгани, ва химоясидаги инсонларнинг қаттиқ қийноқларга солинганини биз журналистлардан сир тутмади. “Арамаис Авакян иши”нинг сохталаштирилгани, диний экстремизм ва ИШИДга алақадорлик ҳақидаги биронта факт хам ўз исботини топмаганини адвокат Одил Қобилов суд жараёнида хам айтиб келди.

Хукм ўқилишига бир неча кун қолганида эса, бу жасур адвокатнинг линцензиясини олиб қўйишди. Кейинчалик у Пора бериш моддаси билан хибсга олингани ҳақида маълумот

келди.

19 феврал куни “Арамаис Авакян иши” бўйича хукм адвокатсиз ўқилган бўлсада, бизга етиб келган Хукм матнида “”…химоячилардан Олим Қобилов…иштирокида…” деб ёзиб қўйилган.

Адолатсиз суд Арамаис Авакянга 7 йиллик қамоқ жазоси тайинлади ва айни пайтда у Қарши шахридаги “зона”лардан бирида жазо ўтаяпти.

Россиянинг қамоқлари жангарилар тайёрлайдиган лагерми?

Мазкур сохта жиноий иш бўйича халқаро матбуотда кўтарилган шов шувдан сўнг, тактикани ўзгартиришга мажбур бўлган прокурор ва МХХ терговчилари, бу ишнинг бош айбдори қилиб Фурқат Жўраевни танлашди.

Терговчиларга Фурқат Жўраевнинг Россия қомоқхонасида 2014 йилгача жазо ўтагани қўл келди. Улар, Фурқатнинг Волгограддаги қамоқхонада гуёки номи чиққан ўзбек йўлтўсарлари ва диний экстремистлари билан бирга бўлиб, улардан сабоқ олган деган важ ўйлаб топишади ва Фурқат Жўраевни қаттиқ қийноқлар остида бу ёлғон айбловларни бўйнига олади.

Фильмда Фурқат Жўраевнинг Россия қамоқхонасида тушган суратлари хам намоиш қилинади.  Фурқат бу суратларда узун соқолда кўринади. Кадр ортидаги ноъмаълум муаллиф эса Фурқат Жўраев Россиядаги қамоқхонада туриб Суриядаги жангарилар билан алоқага киришгани, қамокхонадаги интернет орқали диний экстремистик рухдаги сайтларга кириб, жангари шахидлар хақида видеоларни доимий кўриб боргани хақида вахимали охангда гапириб беради.

Савол туғилади: Суриядаги ва бутун дунёдаги террорчиларга қарши кураш олиб бораётганини даъво қиладиган Россия давлатининг қамоқхоналари қачондан буён Исломий жангарилар тайёрлайдиган даргохга айланиб қолди?

Нахотки Россия қамоқхоналаридаги махбуслар бемалол узун соқол қўйиб юра оладилар ва камерада ўтириб интернет орқали, исломий экстремистик ташкилотлар билан алоқа боғлай оладилар?

Бир нарса аниқ: фильмда кўрсатилган Фурқат Жўраевнинг узун соқолли расмлари бу – Миллий хавфсизлик хизмати томонидан сохталаштирилган. Яъни, расмларга фотошоп программаси орқали соқол қўйилган.

Фурқатнинг яқинлари, айнан мана шу расмларнинг асл нусхаси, уларнинг уйи тинтув қилинганида олиб кетишганини айтиб келишади. “Расмларда соқол йўқ эди” дейди улар.

Фурқат Жўраевнинг ўзи хам, аппеляция суди пайтида, ўзининг айбсиз эканини, сўроқ протоколларига қийноқлар остида имзо кўйганини айтиб, калтаклардан кўкариб кетган жойларини суд раиси ва йиғилганларга очиб кўрсатди. (Суд залида хозир бўлган АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари Антон Купер ва Мамед Аскеровлар бунга гувох )Лекин бу сафар хам суд раиси Фурқатга ишонмади. Оқибатда, Фурқат 12 йил қамоқ жазосига хукм қилинди ва “Жаслиқ” қамоқхонасига “этап” қилинди.

Террорчи аслида ким?

“GTA ёҳуд ўйинга айланган хаёт” фильмида нима учун хибсга олинган йигитлар қийноққа солингани хақида айтилмайди. Ўзбекистондаги мавжуд қонунларга зид равишда, махаллий хокимият хибсга олинганларнинг ота оналари ва қариндошларини яшаш жойларидан кўчириб юбориш билан тахдид қилаётгани хақида хам фильмда бир оғиз сўз йўқ.

Бўлмайди хам. Чунки бу фильм, Ўзбекистондаги бугунги мавжуд ноинсоний тузумнинг эгаларини химоя қилиш учун, оддий халқнинг кўзларига чанг пуркаш учун ишланган. Юз фоиз комил ишонч билан айтаманки, “Арамаис Авакян иши” бўйича хибсга олиниб, жазога тортилган йигитлар террорст ёки жиходчи эмаслар. Аксинча, уларни айблаганлар ва камоққа тиқанлар – асл террорчилардир.

“Арамаис Авакян иши” Ислом Каримов асос солган давлат террор ва зулмга асосланганини яна бир бор исботлади. Шунинг учун хам, МХХ, Ички Ишлар вазирлиги ва Жиззах вилояти хокимлигидаги Ўзбек халқининг хоинлари томонидан ушбу фильм зудлик билан тайёрланди. Бу билан, Ўзбекистон хукумати бутун дунё назарига тушган воқеага катта ва қоп-қора нуқта қўймоқчи бўлди.

Фақат, бу қора нуқта, “Арамаис Авакян иши” воқеасига нихоя ясаш ўрнига, Ўзбекистон хукуматнинг юзига қора доғ бўлиб тушди холос.

Мен “GTA ёҳуд ўйинга айланган хаёт” фильмини ёлғонлардан қурилган эхромга ўхшатаман. Бу ёлғонлар эхромининг хилхонасида, “Арамаис Авакян иши” номини олган сохта жиноий ишнинг мўмиёланган жасади ётибди. Ордан йиллар, асрлар ўтар, лекин бу жасад чиримайди ва бир куни кенг омма учун намоишга қўйилади…

Бу ёлғонларнинг бошида турган Пахтакор тумани хокими Ғофур Қаршибоев буни унутмасин…

Улуғбек Ашур
Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 июн 2017
Андижонга сафари пайти «Олтинкўл» туманидаги фермер хўжалигидаги зотдор эчкиларни кўрган президент Шавкат Мирзиёев ҳар бир хонадонга иккитадан эчки тарқатишни ...
2 май 2015
АҚШ Давлат департаменти матбут вакили Жэфф Ратке 1 май куни Вашингтонда ўтган матбуот брифингида Ўзбекистон ҳукуматини узоқ йилдан бери ...
12 июн 2017
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, афтидан, тозаликни жуда яхши кўради. Унинг қаерга бориши маълум бўлса, ўша жой улкан ободонлаштириш масканига айланиши, ...
22 май 2016
Энди оғайнилар чинликни сўзласак бизнинг юртда қачон жанжал чиқса сув талашиб ëки ер талашиб бўлади. Қозоқ бийлиги (ҳукумати) суғориладиган ...
Блоглар
16 ноябр 2017
Сал аввалроқ ўзбек матбуотида Меҳнат вазирлиги ва Миграция агентлиги масъуллари Росссияга сафар қилиб, кўплаб учрашувлар ...
13 ноябр 2017
Ўзбекистонлик 1 миллиондан ортиқ меҳнат мигрантлари Санкт-Петербургда ишлаётгани расман тан олинди. Демак, РФнинг Ўзбекистонга масофа ...
10 ноябр 2017
9 ноябрь куни Тошкентга Пуйоль келди, биласиз-а? Карлес Пуйоль «Барселона»нинг собиқ ҳимоячиси. Жамоа тарихидаги энг ...